ЖИЗЗАХДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” ВА “ПРАВДА ВОСТОКА” ГАЗЕТАЛАРИ КУНЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутаётган «Янги Ўзбекистон» ва «Правда востока»  газеталари таҳририяти ва унинг бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ёритишда миллий матбуотнинг ўрни, босма нашрларнинг бугунги ахборот маконидаги аҳамияти ҳамда мутолаа маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама марказида бўлди.

Тадбирни очиб берган Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Сардор Шукуруллаев оммавий ахборот воситалари бугун нафақат воқеа-ҳодисаларни ёритувчи манба, балки халқ билан давлат ўртасидаги мулоқотни таъминлайдиган муҳим ижтимоий институтга айланганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, «Янги Ўзбекистон» ва «Правда востока» газеталари мамлакатимизда кечаётган ислоҳотларни холис ва таҳлилий ёндашув асосида кенг ёритиб келмоқда. Айниқса, Жиззах вилоятида иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, инновациялар, ёшлар сиёсати ва маҳаллалардаги ўзгаришларга оид материалларнинг мунтазам чоп этилаётгани аҳолида ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.

Очиқ мулоқотда сўз олган Салим Дониёров рақамли технологиялар шиддат билан ривожланаётган бугунги даврда ҳам босма матбуот ўз аҳамиятини йўқотмаганини таъкидлади. Унинг фикрича, газета — бу фақат ахборот манбаи эмас, балки даврнинг ишончли солномаси, келажак авлод учун тарихий ҳужжатдир.

Таъкидланганидек, «Правда Востока» мамлакатимиздаги энг кекса нашрлардан бири бўлиб, бир асрдан зиёд тарихга эга. «Янги Ўзбекистон» эса янги тараққиёт босқичининг ғоя ва мақсадларини халққа етказишда муҳим минбар вазифасини бажариб келмоқда. Бугунги кунда мазкур газеталар конвергент таҳририят сифатида босма ва рақамли платформаларни уйғунлаштирган ҳолда фаолият юритмоқда. Газета саҳифаларидаги QR-кодлар, интернет платформалари, веб-сайт ва ижтимоий тармоқлар билан интеграция қилинган иш услуби замонавий ахборот истеъмолчиларининг талабларига мос экани қайд этилди.

Тадбир доирасида Салим Дониёровнинг «Янги Ўзбекистон орзуси» китоби ҳам тақдим этилди. Асарда Давлатимиз раҳбари билан муаллифнинг илк интервьюси, давлат ва жамоат арбоблари билан суҳбатлар, мамлакат тараққиётининг устувор йўналишлари, инсон қадри, маънавият, ватанпарварлик ҳамда Янги Ўзбекистон ғоясининг мазмун-моҳияти кенг ёритилган. Китобнинг иккинчи қисмида муаллифнинг турли соҳалардаги таҳлилий мақолалари эълон қилинган. Асар 5000 нусхадан зиёд нусхада чоп этилган ва келгусида китобнинг лотин алифбосида ҳам нашр қилиниши режалаштирилган.

Учрашув якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди. Шу билан бирга ёшларни газетхонликка қизиқтириш ва ижтимоий-сиёсий жараёнлардаги хабардорлигини оширишга қаратилган қизиқарли савол-жавоблар ташкиллаштирилди. Унда фаол қатнашган ёшларга таҳририят томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Таъкидланганидек, босма матбуотнинг нуфузини янада ошириш, мутолаа маданиятини ривожлантириш ҳамда журналистикада замонавий ёндашувларни кенг жорий этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Мазмунли мулоқот ва китоб тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, таҳририят вакилларининг ижодий учрашувлари бугунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Қашқадарё вилоятларида ҳам ўтказилган. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги шодиёналари арафасида ижодий жамоанинг сафари юртимизнинг қолган вилоятларида ҳам давом этиши режалаштирилган.

Шаҳноза МАНСУРОВА.

Ботир ҚУДРАТОВ (фото).

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *