ҒАЛЛАОРОЛ УЗУМЛАРИ ҲАМ ИЧКИ БОЗОРГА, ҲАМ ЭКСПОРТГА

Жорий йилда Ғаллаорол туманида 907 гектар ер майдони қайта ўзлаштирилиб, фойдаланишга киритилмоқда.  Натижада  302 гектар боғзор ва 510 гектар янги токзорлар барпо этилади. Амалда ҳозирга қадар 596 гектар ерлар ўзлаштирилди.  Тумандаги  хўжаликларда 4496 гектар токзор мавжуд. Шундан 1270 гектари ҳосил берадиган, 3226 гектарини ёш токзорлар ташкил қилади.
— Бу йил соҳибкорларимиз 16000  тоннага яқин  узумни йиғиштириб олишга бел боғлашган,—дейди туман ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича бош мутахассиси Акбар Рўзибоев. Маҳсулотлар  ички бозорга, шунингдек,  Россия Федерацияси, Европа мамлакатларига экспортга йўналтирилмоқда.
2026 йилда ҳудудда интенсив технологияларни қўллаган ҳолда  420,6 гектар майдонда янги боғзор ҳамда  179,3 гектар майдонда токзор барпо этиш лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида 550 та янги иш ўринлари яратилади.
Жорий йилда “Хонимқўрғон“ ҚФЙ ҳудудида “Қўшработ агростар” МЧЖ томонидан 50 гектар лалми майдонда лойиҳа қиймати 5,5 млрд сўмлик “Фарғона тажрибаси” асосида музхона, қуритиш цехи ва логистика марказига эга бўлган сув тежовчи технологиялар жорий этилган замонавий интенсив токзор плантацияси барпо этилади. Бунинг натижасида   100  нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланади.
Айни пайтда туманда 154 та узумчилик йўналишидаги фермер хўжаликлари фаолият кўрсатмоқда. Илҳом Мустанов “Гулистон” ФХҲУдаги “Дилшодбек ўрикзори”  фермер хўжалигини бошқариб  келади. Фермер хўжалигининг 9,8 гектар майдони бўлиб, шундан, 4,5 гектарини узумзор, 4,3 гектарини боғ ташкил қилади.
–Асосан тойифи узум навини экканмиз,  бу йил 15 тонна ҳосил йиғиштириб олишни хомчўт қилаяпмиз,—дейди фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Мустанов.
Тойифи — қадимдан етиштириб келинадиган, асосан хўраки ва кечпишар узум нави.  Ўзбекистонда кўпроқ пушти ва оқ тойифи учрайди.
Узум бошларининг ҳажми катта бўлиб, айрим ҳолларда 2,5–6,5 килограмм гача етиши мумкин. Доналари йирик, чўзинчоқ ва ўзига хос шаклга эга. Тойифи узумининг гўшти серсув ва карсилдоқ, пўсти эса нисбатан қалин.   Тойифи навининг муҳим жиҳатларидан бири — мавсум охирида бозорда пайдо бўладиган кечки узум эканидир. Тойифи навининг муҳим хусусиятларидан бири — сақлаш ва узоқ масофага ташишга чидамлилигидир. Шу сабабли у нафақат ички бозорда, балки экспорт учун ҳам сифатли нав ҳисобланади. 
Тойифи Ғаллаорол туманининг “бренд” маҳсулоти саналади. Илҳом Мустанов  тойифи узумини ўн беш йилдан бери етиштириб келади. Фермер беш нафар ёшни доимий, яна беш нафар ёшни мавсумий иш билан таъминлаган. Абдукарим қишлоғида истиқомат қилувчи қишлоқ мулкдорига оила аъзолари, қариндошлари ва қўшнилари турли юмушларни бажаришда  ёрдам кўрсатишади. Узумчилик кетидан орттирилган даромадга фермер тўйлар  қилаяпти, фарзандларини ўқитаяпти.
Хўжалик аъзолари келгуси йилда экспортбоп узум навларини  экишни режалаштиришган. Айни пайтда пишиб етилган ҳосил пешма-пеш ички бозорга чиқарилмоқда.
Ғаллаоролдан уйга қатор эканмиз,   плантациялардаги тилла рангда пишиб етилган  узумлардан беихтиёр кўзимиз  қувнарди. 

Зоир  ЭРГАШЕВ,
Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *