Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг хорижий инвестициялар ва туризм масалалари бўйича доимий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси Дилшод Мирзааҳмедов бошқариб борди. Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Кун тартибидан ўрин олган “Меҳнат миграциясини такомиллаштириш ва миграция бошқарувини ислоҳ қилиш, шунингдек, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини тизимли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар” ҳақидаги масала юзасидан Миграция агентлигининг Жиззах вилояти филиали ходими Дилмурод Примқулов маъруза қилди. Унда айтилишича, чет давлатларда меҳнат қилишга қизиқиши бўлган юртдошларимизга қонуний ва ишончли иш ўринларини таклиф этиш, фуқароларнинг касбий кўникмаларини шакллантириш ҳамда уларни ноқонуний воситачилар ва тасдиқланмаган иш таклифларидан ҳимоя қилиш филиал олдида турган долзарб вазифалардан биридир. Бугунги кунда хориждаги расмий бўш иш ўринлари, улардаги меҳнат шартлари ва талаб этиладиган керакли ҳужжатлар бўйича агентликнинг “xorijdaish.uz” платформасида маълумотлар базаси шакллантирилган. Бу ҳақида филиалнинг вилоят бўйича ўтказаётган меҳнат ярмаркалари ва тарғибот тадбирлари давомида ахборотлар берилмоқда.
Амалга оширилган тадбирлар натижасида ўтган йили 3089 нафар фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Шулардан ишчи визасини расмийлаштириш харажатлари бўйича 93 та, хорижга чиқиш учун йўл чиптаси харажатлари бўйича 95 та, мигрантларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш бўйича 143 та хизмат кўрсатилган. Фуқаролар фойдасига 1.9 миллион АҚШ доллари миқдорида иш ҳақи ва компенсациялар ундириб берилган ҳамда 8743 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар кўрсатилган.
Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.