Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида “Жиззах ҳақиқати” — “Джизакская правда” газеталари таҳририятининг етакчи ижодкорлари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Ушбу маънавий-маърифий тадбир ёшлар қалбига ватанпарварлик, матбуотга муҳаббат туйғуларини сингдиришда муҳим аҳамият касб этди.

Мулоқотда таҳририятнинг бош муҳаррир ўринбосарлари Ҳаким Тилябов Улуғбек Даминов ҳамда мухбирлар Холниса Раҳмонқулова, Шаҳноза Юлдашева ҳамда Юсуфбек Сайдалиевлар сўзга чиқиб, бугунги шиддатли глобал дунёда ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда матбуот ва бадиий адабиётнинг ўрни беқиёс эканини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Китоб ўқиш, матбуот билан дўст тутиниш инсоннинг тафаккурини кенгайтириб, уни ҳар қандай вазиятда тўғри қарор қабул қилишга ўргатиши ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.
Шунингдек, учрашув давомида ўқувчиларга вилоятимизнинг кўзгуси бўлган “Жиззах ҳақиқати” — “Джизаккая правда” газеталарининг шонли тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди. Йиллар давомида эл ҳурматини қозонган ушбу нашр бугунги кунда замон билан ҳамнафас равишда фаолият юритиб, нафақат анъанавий босма саҳифаларда, балки ижтимоий тармоқлар орқали ҳам минглаб ўқувчилар қалбидан жой олиб келаётгани, шу аснода марказ тарбияланувчиларининг республика ва халқаро майдонларда қўлга киритиб келаётган ютуқлари, эришаётган юқори натижалари газета саҳифаларида доимий ёритиб келинаётгани эътироф этилди.
Учрашув сўнгида спортчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга таҳририят ходимларидан жавоб олдилар.
Ашраф УМАРОВ,
Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига
тайёрлаш марказининг маънавий-марифий
ишлар бўйича директор ўринбосари.