Вилоят ҳокими Ғаллаорол тумани аҳолиси билан оммавий сайёр қабул ўтказди. “Тозауруғ” ҚФЙ ҳудудида бўлиб ўтган сайёр қабулни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Байрамбек Узоқов кириш сўзи билан бошлаб бергач, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдували Мустанов сўзга чиқди.
Туманда 2023 йилда 6 та дастур доирасида 110 та иншоотларда 66,7 млрд. сўмлик қурилиш – таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш бўйича ишлаб чиқилган дастури доирасида 21 млрд. сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилиб, 47 та иншоот фойдаланишга топширилди.
Туманда саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш мақсадида инфратузилма мавжуд бўлган 48,2 гектар тоифаси ўзгартирилган ер майдонида қиймати 44 млрд. сўмлик 45 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 200 га яқин янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Жийдали маҳалласидаги 71-сонли мактаб биноси реконструкция қилиниб, қўшимча 120 ўринли, 30-умумтаълим мактаби учун қўшимча 140 ўқувчи ўринли қўшимча бинолар фойдаланишга топширилди. Томчибулоқ қишлоғи аҳолиси учун ичимлик суви иншооти ва тармоғи қурилди. Тозауруғ ва Суғунбой қишлоқларидаги ишламай турган артезиан ва сув миноралари таъмирланди.
Ғаллаорол шаҳрининг Дўстлик, Ўқитувчилар, Алишер Навоий кўчаларига, “Мирзабулоқ” ҚФЙнинг Болғали, Қизилқўрғон, Хонақох қишлоқларидаги 6 км. ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилди.
“Гулистон” МФЙнинг янги бино қурилиб, “Кўкбулоқ” маҳалласи биноси реконструкция қилинди. “Очиқ бюджет” дастурининг 1-мавсумида ғолиб бўлган 15,8 млрд. сўмлик 14 та лойиҳага 11 млрд. сўм маблағ молиялаштирилиб берилди. Ушбу лойиҳаларнинг 7 тасида қурилиш – таъмирлаш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилди. “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида Ғубдин ва Кўкгумбаз маҳаллаларидаги ички кўчаларда 1,8 млрд. сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилди. Сайёр қабулда мурожаатчиларнинг турли ҳам масалалари тингланди.
Жумладан, Шўрча қишлоғида яшовчи Н.Муҳаммадиев яроқсиз ҳолга келган симёғочларни алмаштириш ҳамда янги трансформатор ўрнатиш ҳамда “Гулчамбар-Шўрча-Янгиобод” автомобиль йўлининг 5 км. қисмини таъмирлаш масаласида мурожаат қилди. Унга “Жиззах ХЭТК” АЖ томонидан декабрь ойида Шўрча қишлоғида электр тармоқларини янгилаш ишлари амалга оширилиши маълум қилинди.
Оммавий қабулда 40 нафар фуқаронинг 54 та масаласи ўрганилди. Аксарият масалалар ва муаммоларга жойида ечим топилган бўлса, муддат талаб этиладиган мурожаатлар назоратга олинди.
Зоир ЭРГАШЕВ.