Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, Жиззах вилоятига Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш вазифаси бириктирилган.
Вилоятимиз вакилларидан иборат делегация Тахтакўпир туманига ташрифи чоғида мазкур туман масъуллари билан мулоқот қилинди. Ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардаги беморларни Жиззах вилоятида даволаш бўйича манзилли ишлар белгилаб олинди. Шунингдек, мулоқотда ёшлар бандлиги борасида бажарилиши зарур бўлган самарали лойиҳалар ҳам ишлаб чиқилди.
Тахтакўпирда ёшлар учун замонавий шароитларни яратиш, чемпионлар сафини кўпайтириш, Жиззахдаги олийгоҳларда қорақалпоқ ёшларининг ўқиши бўйича ҳамкорлик ишлари ўзаро келишиб олинди. Бундан ташқари, тахтакўпирлик ёшларни вилоятимизда япон тилига ўқитиш, автомобиль заводида ишлашлари учун кўмаклашиш каби масалалар ҳам кўтарилган.
Айни пайтда Тахтакўпир туманининг туризм салоҳияти ҳам ривожланиб бораяпти. Қаратерен кўли соҳилида ташкил этилган экотуристик манзил бунга мисол. Бу ерда йирик тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 10 дан ортиқ замонавий ўтовлар барпо этилган. Унда маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ва маданиятини акс эттирган экспонатлар, буюмларни ўзида жамлаган музейни мириқиб томоша қилиш мумкин. Ҳудудда кузатув майдончаси ва Боршетов тепаликларга олиб чиқадиган зина барпо этилган. Бугунги ҳаётидан мамнун тахтакўпирликлар ўз туманининг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш иштиёқида.
Келгусида Жиззах вилояти ҳамда Тахтакўпир тумани ўртасида туризм соҳасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик ташаббуслари янада ривожлантирилади. Ана шундай лойиҳалардан бири вилоятимиз гастрономик салоҳиятини у ерда ҳам кенг намойиш этишни ўзига қамраб олган. Жиззахнинг машҳур сомсаси эндиликда Тахтакўпир туманида ҳам ўз мухлисларини топади. Ёш тадбиркорлар ташаббуси билан “Жиззах сомсаси” бренди остида янги сомсахона очилади. Ушбу лойиҳа ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, миллий таъмни тарғиб қилиш ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида амалга оширилиши кутилаяпти.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.