Сўнгги йилларда вилоятимиз тобора яшнаб, кўркамлашиб бораётир. Бир пайтлар қирқ ямоқ бўлиб ётган йўллар бугун таъмирланиб, тобора равонлашиб бораётир.
Биргина Фориш туманидан Самарқандга ўтадиган йўлнинг ўзгача чирой касб этганини кўришнинг ўзи бир ёқимли. Бир гал Фориш довонидан ўтиб, Самарқандга кетаётганимизда бу йўлнинг янгидан асфальт қилинганини, у ердан Ғаллаорол билан боғланган йўлга асфальт ётқизилганлигига кўзимиз тушиб, беихтиёр дилларимиз ёришиб кетди!

Жорий йилда нафақат иш юзасидан, балки Фориш туманида юз бераётган янгиланишларни томоша қилиш учун тез-тез боришимизга тўғри келди. Бир неча янги савдо дўконлари ташкил этилди, Ёшлар маркази қурилди, Боғдон шаҳарчасида йўл ёқасида тадбиркорлар учун бинолар барпо этилди. Буларнинг ҳаммаси инсон манфаатлари йўлида қилинган, аҳоли турмуш тарзини яхшилашга қаратилган ишлар ҳисобланади.
Мустақиллик йўқламаси баҳона туманнинг Учма қишлоғида бўлганимизда, бу жаннатмакон масканда яшовчи Дилмурод Исмоилов хонадонида ҳам бўлдик. У киши барча форишликлар каби меҳмондўст, очиқ кўнгил, гаплари ҳам бир қизиқ: ”Невараларга тарвуз олдим, болалар ичига тушиб ейдида тарвузни” дейди! Яна бир гапида ”Абдукарим ҳам кўриниб қолди” деди. Тушунмай тургандим, “Илгари Абдукарим қишлоғининг йўллари тупроқ, чанг босиб ётганидан қаердалиги ҳам билинмасди, асфальт қилингандан кейин тоғдан ҳам, боғдан ҳам кўриниб, кўзга ташланиб қолди” деб кулди. Учманинг деярли кўпчилик ички кўчалари бугун равон ва кўркам қиёфага кирган. Бундан одамларнинг ҳам кўнгиллари равшан, ёруғ. Туман инфратузилмасини яхшилаш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тумандаги “Оқтепа” маҳалласининг Арча Ҳужур қишлоғига олиб борувчи 1 километрлик ички йўлга асфальт қопламаси ётқизилиши қишлоқ аҳлининг қатнов билан боғлиқ муаммоларини ҳал этди.
Яқинда кўплаб форишликлар анча йиллардан бери орзиқиб кутган муҳим жараён бошланди: жорий йилнинг 15 октябридан бошлаб давлат аҳамиятидаги D048 “Жиззах шаҳри – Боғдон шаҳарчаси – Қизилча қишлоғи – D191 автомобиль йўли(87 км)”ни таъмирлаш ишлари бошланди. Мазкур автомобиль йўлининг 24-62 км оралиғидаги фреза техникаси ёрдамида йўл қопламасидаги нотекисликлар ва бурмаларни қирқиб олиш, асфальтбетон қопламаси ётқизиш ишлари ҳамда автогрейдер техникаси ёрдамида йўл ёқаси (обочина)ларни текислаш ишлари белгиланган меъёр ва талаблар асосида амалга оширилмоқда.
Ушбу ишлар Фориш туман автомобиль йўллари DM ва “Nurli To’lqin” HOLDING МЧЖ билан ҳамкорликда қилинмоқда. Энди йўллар равон, манзиллар янада яқин бўлади! Ҳадемай форишлик ҳайдовчилар йўловчиларга форишчасига “минасизу тушасиз” деб эмас, “минасизу учасиз!” дея лутф кўрсатишса ажабмас!
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.