Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 22 майда “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуси ва топшириғига мувофиқ халқимизга хос меҳр-оқибат, инсонпарварлик, шукроналик, саховат ва бағрикенглик каби эзгу фазилатларни мужассам этган Қурбон ҳайити байрамини муносиб кутиб олиш мақсадида жойларда кенг кўламли хайрия ва эзгулик тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан вилоятимиз бўйича ижтимоий реестрнинг “давлат таъминотидаги оила” тоифасига киритилган 8200 нафар оила, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган 697 нафар шахсларга 10 турдаги зарур озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғалар Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг Жиззах вилояти филиали ҳамда ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ходимлари томонидан топширилди.
Шунингдек, оғир ва ногиронликни келтириб чиқарадиган касалликларга чалинган болалар, жигар ва буйрак трансплантацияси, онгологик, гематологик ва онкогематологик ташхиси қўйилган беморлар учун Тошкентда, айримлари Жиззахда бепул жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Жумладан, вилоятимизда 12 нафар беморда оғир ва ногиронлик келтириб чиқарган касаллик бўйича, 8 нафар фуқарода эса жигар ва буйрак кўчириш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилди. 74 нафар вилоятимиз аҳолисига бепул жарроҳлик амалиёти олишлари учун ваучерлар топширилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассисларининг маълумотларига кўра, 500 нафар жиззахликлар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиб, даволаш ҳамда зарур жарроҳлик амалиётлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Меҳр-оқибат, саховат ва инсон қадри улуғланган юртимизда ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.
Зоир КАЛОНОВ.