Пайшанба — Ёшлар куни муносабати билан вилоятимизда ўғил-қизлар иштирокида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Жиззах шаҳридаги 1-сонли техникумда бўлиб ўтган “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” шулар жумласидан.
Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоят Божхона бошқармаси, Миллий гвардия бошқармаси ҳамда Жиззах гарнизонидаги ҳарбий қисмлар ҳамкорлигида ўтказилди. Унда ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат ва Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Самимий мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб ва зарур тавсиялар олдилар.
Янгиобод туман техникумида пайшанба — ёшлар куни муносабати билан хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш истагини билдирган ишсиз ёшлар ҳамда техникум ўқувчилари билан учрашув ташкил этилди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Рустам Абдуғаниев, ҳоким ўринбосари Азизбек Нишонов ҳамда Жиззах вилояти Миграция агентлиги вакиллари иштирок этди. Мулоқот давомида ёшларнинг хорижда қонуний ва хавфсиз меҳнат фаолиятини амалга ошириши, хорижий давлатларда ишлаш учун қўйиладиган талаблар, мавжуд иш ўринлари, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби ҳамда меҳнат миграцияси билан боғлиқ муҳим масалалар юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, хорижда ишлаш истагидаги ёшларга касбий малака ва хорижий тилларни ўрганиш, қонуний меҳнат шартномалари асосида ишга жойлашиш, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиш муҳимлиги тушунтирилди.
Тадбирда нолегал миграция, фирибгар воситачилар ва шубҳали иш таклифларидан эҳтиёт бўлиш, хорижга ишга кетишда фақат қонуний ва ишончли манбалардан фойдаланиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Пайшанба — ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ушбу учрашувда йигит-қизлар фаол иштирок этиб, мутахассислардан ўзлари учун керакли барча тушунчани олишди, деб ўйлайман, — дейди Янгиобод туман ҳокимлиги матбуот котиби Сирож Раимов. — Чет элда ишлаш ниятида юрган ёшлар учун бу каби очиқ мулоқотлар уларнинг ўз бандлигини ишончли таъминлаши, хавфсизлиги учун жуда асқотади.
Очиқ мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, хорижда ишлаш имкониятлари ва тартиблари юзасидан тегишли тушунтиришлар олдилар. Мазкур учрашув ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш ҳамда хавфсиз ва тартибли меҳнат миграциясини ташкил этишга қаратилди.
Холниса ИРГАШЕВА.