ИСТЕЪМОЛЧИ МАНФААТИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА

Айни кунларда вилоятимизда Рақобат сиёсати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази ҳамда “Юксалиш” ҳаракати билан ҳамкорликда “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида бепул ҳуқуқий маслаҳатлар акцияси ўтказилмоқда. Истеъмол бозорида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда бу борадаги қонун бузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ташкил этилаётган тадбирларнинг галдагиси Жиззах шаҳридаги 1-сонли техникумда бўлиб ўтди.

Дастлаб тадбир аввалида Рақобатни  ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассиси Ислом Маматқулов сўзга чиқиб, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бошқарма томонидан фуқароларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш борасида амалга оширилган ишлар ҳисоботи бўйича маъруза қилди. Унга кўра, бошқармага истеъмолчиларнинг мурожаатлари билан боғлиқ 1647 та шикоят келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисмини уй-жой коммунал хизматлари, алоқа ва телекоммуникация ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ эътирозлар ташкил этган. Кўриб чиқилган аризалар натижасида 3 млрд сўмга яқин маблағ фуқаролар манфаатига қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари соҳа мутахассисларидан нуқсонли товарни алмаштириш тартиби, интернет савдосидаги товламачиликлардан огоҳ бўлиш, маҳсулотларнинг шубҳали нархларини текшириш, касса чекини талаб қилиш, коммунал ва банк хизматларида истеъмолчилар манфаатларини таъминлашга оид ҳуқуқий маслаҳатларни олдилар. Шунингдек, ҳуқуқбузарлик ҳолатларида даъво ва шикоят хатларини расмийлаштириш, сотувчи ёки хизмат кўрсатувчи ташкилотга талабнома киритиш ҳамда ваколатли идораларга мурожаат килиш тартиби юзасидан амалий тушунтиришлар берилди.

Акция доирасида фуқаролар кўтарган масалалар умумлаштирилиб, истеъмол бозоридаги тизимли муаммоларни бартараф этиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя килиш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ва тегишли идораларга киритилиши белгиланди.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Шерзод ЭГАМҚУЛОВ олган сурат.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *