НАЗОРАТ БОР ЖОЙДА СИФАТ БЎЛАДИ

Вилоят ҳокимлигига қарашли бошқармалар уйида Транспорт назорати инспекцияси ҳамда Жиззах вилояти ҳудудий бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўн ойида амалга оширилган ишлар юзасидан ОАВ вакиллари, журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда инспекция бошлиғи Жамшид Каримов, Автомобил транспортида назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Шаҳобиддин Тошев, Йўл қурилиши ишларини назорат қилиш бошқармаси Жиззах вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Миразиз Ялгашев, шунингдек, ҳудудий бўлим масъуллари иштирок этди. Тадбир давомида соҳада амалга оширилган ишлар, қонунчиликдаги янгиликлар ва назорат жараёнларини рақамлаштириш борасидаги натижалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Автомобил транспорти соҳасида қонунийликни таъминлаш, йўловчи ва юк ташиш фаолияти устидан назоратни кучайтириш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2026-йил январ–октябрь ойларида вилоят ҳудудида жами 833 та назорат-рейд тадбири ўтказилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан 6 минг 927 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, профилактик йўналишда 183 та тадбир ташкил этилди, — дейди Транспорт назорати инспексияси Автомобил транспортида назорат қилиш  бошқармаси Жиззах вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Абдимурот Бобамуллаев.

Шунингдек, алоҳида эътибор катта ҳажмли ва оғир вазнли юк автомобиллари ҳаракатини назорат қилишга қаратилганлиги, чунки белгиланган меъёрлардан ортиқ юк билан ҳаракатланиш автомобил йўлларининг муддатидан олдин емирилиши ва шикастланишига сабаб бўлиши ва ҳисобот даврида кўчма тарозилар ёрдамида олиб борилган назорат тадбирларида 1 минг 77 та қоидабузарлик аниқланиб, тегишли тартибда маъмурий чоралар кўрилганлиги ҳам такидланди.

Матбуот анжуманида инспекция бошлиғи Жамшид Каримов томонидан инспекция фаолиятини рақамлаштириш борасидаги янгиликлар ҳам тақдим этилди. Унга кўра, “Рақамли инспекция” мобил иловаси орқали ташувчилар, транспорт воситалари, ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ва бошқа зарур маълумотларни ягона платформада олиш имконияти яратилди. Инспекция ходимларининг замонавий планшетлар билан таъминлангани эса маъмурий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштириш ва ортиқча қоғозбозликни қисқартиришга хизмат қилмоқда.

Йўл қурилиши сифатини назорат қилиш борасидаги натижалар ҳам эътиборга молик. Ҳисобот даврида вилоят ҳудудида 221 та йўл объекти рўйхатга олинди. Уларда ўтказилган 85 та назорат тадбири давомида 231 та қоидабузарлик аниқланди. Камчиликларни бартараф этиш юзасидан буюртмачи ва пудрат ташкилотларига 89 та бажарилиши мажбурий кўрсатма берилди. Энг эътиборлиси, 22 та объектда аниқланган 3 миллиард 452 миллион сўмлик сифатсиз бажарилган иш ҳажмини тўловдан чиқариш бўйича буюртмачиларга талабномалар киритилди.

Бу рақамлар йўл қурилиши жараёнида сифат ва масъулият масаласи назардан четда қолмаётганини кўрсатади. Зеро, йўл қуришга ажратилган маблағнинг самарадорлиги, аввало, мустаҳкам ва узоқ хизмат қиладиган йўлларда намоён бўлиши керак.

Матбуот анжумани якунида иштирокчилар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда журналист ва блогерлар М39 автомобил йўлида Транспорт назорати инспекцияси ходимлари томонидан олиб борилаётган юк автомобилларининг вазнини ўлчаш бўйича назорат-рейд тадбирларини бевосита кузатди. Мутахассислар кўчма тарозиларнинг ишлаш тартиби, юк машиналарининг вазн кўрсаткичларини текшириш жараёни ва белгиланган меъёрлардан ошган ҳолатларда кўриладиган чоралар ҳақида батафсил тушунтириш берди.

Иштирокчилар назорат жараёнини ўз кўзлари билан кўриш билан бирга, мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволларни ҳам йўллади. Бу эса соҳадаги ишлар билан яқиндан танишиш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ва жамоатчиликка холис ахборот етказиш учун муҳим имконият бўлди.

Худойберди ЗИЁТОВ

Ботир ҚУДРАТОВ олган сурат. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *