Воҳада туризмни ривожлантириш, соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, сайёҳлик хизматлари сифатини янада яхшилаш мақсадида Бахмал ва Зомин туманларида ўқув семинарлари ташкил этилди.
Бахмал тумани виқорли тоғлари, зилол сувлари ва гўзал табиати билан хорижий меҳмонларнинг севимли саёҳат жойига айланиб бормоқда. Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатишни янада яхши йўлга қўйиш, бу борада билимли кадрларни тайёрлаш муҳим. Туман касб-ҳунар мактабида туризм соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳамда ёшлар иштирокида “Бахмал туманида жойлашган оилавий меҳмон уйлари эгалари ва туризмга қизиқувчи ёшларнинг касбий маҳоратини ошириш” бўйича ўқув семинарида. Вилоят туризм бошқармаси ва Ўзбекистон экстремал ва тоғ туризми федерацияси вилоят бўлими ходимлари иштирок этишди. Тадбирда сайёҳлик соҳасида тадбиркорлик бўйича амалга оширилаётган янгиликлар, имтиёзли кредитлар олиш тартиби ҳамда илк тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш юзасидан кўникмалар берилди. Анжуманда фаол иштирок этган ёшлар ва тадбиркорлар сертификат ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Зомин туманида Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Жиззах ва Сирдарё вилояти ҳокимликлари билан ҳамкорликда ўтган амалий анжуманнинг бош мавзулари “Ховос, Зомин, Бахмал, Фориш ва Арнасой туризм халқасини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари ва туристик салоҳияти” ҳамда “Туризм маркетинги ва сервиси” дея номланди.
—Икки томонлама тасдиқланган йўл хариталарида белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан ўтказилган тадбирда Ховос, Зомин, Бахмал, Фориш ва Арнасой туризм халқасини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари, туристик салоҳияти, шунингдек, бу борадаги инновацион ёндашувларни амалга татбиқ қилиш масалалари муҳокама этилди, —дейди вилоят туризм бошқармаси матбуот хизмати котиби Дилором Холмурзаева. — Шунингдек, мазкур туманларда туризм соҳасини ривожлантиришда тарихий, маданий ва маънавий меросдан самарали фойдаланиш, бу масканларга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кучайтиришда туризм маркетинги ва сервис сифатини, умумий овқатланиш шохобчаларида хизмат кўрсатишни янада ошириш бўйича қилинадиган ишлар келишиб олинди.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.