2024 — “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да кўплаб муваффақиятларга эришиш мақсадида нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат органлари билан ижтимоий шерикликда иш олиб бориши ҳамда жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ташкилотларнинг самарали фаолиятини таъминламоқда.
Шу ўринда ижтимоий шериклик қандай тушунча, деган саволнинг жавобига тўхталиб ўтсак. Бу – давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорликдир.
Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасига кўра “Давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ижтимоий шериклик субъектларидир”. Мазкур қонуннинг 5-моддасига кўра, ижтимоий шериклик қонунчиликка мувофиқ кўплаб соҳаларда амалга оширилиши белгиланган. Жумладан, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларга билим бериш, уларни маънавий-аҳлоқий жиҳатдан тарбиялаш ва касбга йўналтириш вазифалари кўрсатилган. Шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий тизимларда тўлақонли иштирок этишини таъминлаш, фан, таълим, ахборотлаштириш, маданият ва спортни ривожлантириш ҳам эътиборга олинган. Қолаверса, миллатлараро тотувлик ғояларини мустаҳкамлаш, тарихий-маданий қадриятларни тиклаш ва сақлаш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш каби ҳамкорликлар қўллаб-қувватланиши белгиланган.
Бугунги кунда, ижтимоий шериклик ҳамда жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизимлари такомиллашиб бормоқда. Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига онлайн давлат хизматларини кўрсатиш, уларни электрон шаклда рўйхатдан ўтказиш, фуқаролик жамиятининг ривожланиш ҳолати ва тенденцияларини кузатиб бориш имкониятини берадиган электрон портал ишга туширилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ижтимоий шериклик муносабатлари ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда давлат органлари ва ННТлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш ижобий натижаларга эришишнинг муҳим омили бўлиб ҳисобланмоқда.
Элдор ЖАББОРОВ,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш
маркази вилоят бўлинмаси мутахассиси.