Сўнгги вақтларда яна тўйларда дабдабабозлик, ким ўзар, янги ва бемаъни урфларнинг кўпайиб бораётгани қўлимга қалам олишга ундади. Пандемия вақтида бундай тутумлар мантиқсиз ва ҳавойи эканлигини яққол англаган, муҳими, инсон саломатлиги ва ўзаро меҳр эканлигини чуқур тушунган бўлсак-да, дард биздан узоқлашган сари бекорчи ва бефойда ҳою ҳавасларга яна ружу қўя бошладик. Буни ижтимоий тармоқларда тўй кортежидан гавдасини чиқариб, қалбаки пул сочган йигитлар, қуда томондан келган ҳар бир меҳмонга тилло узук тарқатган аёллар, келинга ёки куёвга хорижда ишлаб чиқилган автомобиль совға қилган ёшлар ҳақидаги видеоларни, уларга босилган лайклар ва очиқ-ойдин ҳавас қилинаётган изоҳларда ҳам кўриш мумкин. Бизга яна нима бўлаяпти?
Тўй-томошаларни тартибга солиш, ихчамлаштириш ҳақидаги Президент қарорини ижро этиш орқали дафн маросимлари бироз бўлса-да тартибга олинган, қийин вазиятдаги оилаларга бироз енгиллик яратилган эди. Аммо бугун яна қабрга эндигина кузатилган марҳумнинг хонадонини сочиқ, жойнамоз, дастрўмол каби буюмлар билан тарк этиш одатга кирди. Марҳум ёши улуғ инсон бўлса, бу буюмларни тарқатиш кейинги маъракаларида ҳам давом этади. Афсуски, шу ишни қилиш эмас, қилмаслик айб саналиб, маломатга қолиш одатий ҳолга айланяпти. Шундоқ ҳам жудолик, айрилиқ дардини тортаётган оиладошлар учун катта харажат, серчиқим маросимлар дард устига чипқон бўлаяпти.
Бу мавзуда оилалардаги суҳбатлар, маънавий-маърифий тадбирлар, аҳоли билан учрашувларда кўп гапирилаётганига қарамай, самара кам. Чунки ёшларнинг ҳою ҳаваслари чексиз, ёши катталарни эса “Одамлар нима дейди?” деган фикр қийнайди. Ёшларни тийиш, ҳаёт фақат романтик ва ялтироқ саҳифалардан иборат эмаслигини тушунтиришга биз катталар ожизлик қилаяпмиз. Буни яқинда маҳалламизда ўтказилган давра суҳбатида билдирилган фикрлар ҳам далиллайди.
– Оила бюджетини мақсадли сарфламаслик энг оғриқли муаммомиз, дейди “Оқила аёллар” ҳаракати етакчиси Янглиш Шайзакова. – Тўйдан тўйгача яшаш давом этаверади.Кредит олиб 500-1000 кишилик тўйхоналар қуришни тўхтатиш вақти келмадимикин? Биз маҳалламизда ортиқча дабдабага чек қўймас эканмиз, тўйдан-тўйгача яшаб чет элларда йиллаб юришлар, коррупция давом этаверади.
– МФЙ раиси ва фаоллар бунга катта эътибор беришлари керак, – дейди, – маҳалла фаоли Ойниса Нориева.- Ҳаммамиз шу фикрлар тўғри эканини биламизу, амалга оширишга келганда орқага ташлаймиз. Ҳаётим давомида санасам – фотиҳа тўй, тўй, қиз мажлиси, чаллади, бешик тўйи, суннат тўйи каби ўнлаб тўй қилдим. Барча топганим асосан ўғил-қизлар ва невараларнинг тўйига сарфланди. Улар соғ омон бўлишсин, албатта, лекин қачонгача шу аҳвол давом этади? Ёш оилаларни фарзандларининг келажаги учун маблағ сарфлашга қачон ўргатамиз бу кетишда?
-Қатор-катор машиналар карвонига қачон чек қўйилади? – дейди фаол Дамира Эгамова. – Оддий оилалар, 2-3 нафар фарзанди борлар шунинг ўзиданоқ қийналмоқда. Чунки ўртоғининг тўйига битта машина қўшиш 300 минг сўмдан бошланади. Бу масалада ҳокимлар, сектор раҳбарлари қаттиқ назорат ўрнатишлари шарт. Ҳамма ўз пулига ўзи хўжайин эканлигини биламиз. Аммо вазият шу даражага етганки, қаттиққўллик билан чора кўриб, тўйларни ихчам ва тартибли ўтказишга ўтишимиз керак.
Юқоридаги фикрлардан кўриниб турибдики, дабдабали тўйлар аллақачон одамларнинг тинкасини қуритган, аммо биринчи бўлиб, ихчам тўй ўтказадиган мард топилмаяпти. Қачонки бемаъниликка мардларча тўсиқ қўя олсак, коррупциясиз жамият, юқори сифатли таълим, тўлақонли оила ҳақидаги орзуларимиз рўёбга чиқиши мумкин.
Президентнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳаллаларда “Оқила аёллар” ҳаракатини ривожлантириш, уларнинг нуфузи ва таъсир доирасини оширишга оид вазифалар кўрсатиб ўтилган. Бу имкониятдан фойдаланиб, аёллар халқ ривожланишида катта тўсиқ бўлаётган муаммони ечишга ҳисса қўшишлари лозим. Қачонки ихчам тўй қилишга эриша олсак, бу халқимизнинг кейинги юз йилликдаги ютуғи бўлиб қолур эди.
Норинисо ИРИСОВА,
Фориш тумани Ойбек номли МФЙ хотин-қизлар фаоли.