Бугунги кунда спортчи хотин-қизларимизнинг жамият ҳаётида тутган ўрни беқиёс. Дунё кўрган ана шундай қизлардан бири қиличбозлик бўйича жаҳон кубогининг олтин медаль соҳиби, Осиё чемпиони, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Самира Шокировадир.
Самира Шокирова 2005 йилда Жиззах шаҳридаги Заргарлик маҳалласида туғилган. Онаси Нодира Солиева уни спорт маликаси бўлишини орзу қиларди. Шу боис тўрт ёшидаёқ бадиий гимнастика тўгарагига олиб борди. Тажрибали мураббий Наргиза Алимардонова қизалоққа илк сабоқларни берди. У шаҳар ва туман, вилоят биринчиликларида, турнирларда ғолиб чиқа бошлади. Бу орада Самиранинг опаси Сабрина қиличбозлик тўгарагига қатнаётганини, эришган ютуқларини айтиб қолди. Унга қизиқиб қолган Самира 14 ёшида опаси билан қиличбозлик тўгарагига йўл олди. Мураббий Ҳамроз Холмуродов бошчилигида қиличбозликнинг “сабля” йўналишида шуғуллана бошлади.
—Қиличбозлик тўгарагига боришимга ота-онам қаршилик кўрсатишмади. Аксинча онажоним мени ҳар доим қўллаб-қуватлаб турдилар. Қийналган пайтларим ҳам менга далда бериб, тўғри йўл кўрсатиб, дуо қилдилар. Шундай қилиб ҳам гимнастика сабоқлари, ҳам қиличбозликдаги маҳоратим ютуқларимда қўл келди. Бунинг учун онажонимдан бениҳоя миннатдорман.
Чаққон ва тиришқоқ қизнинг интилишларини кўрган мураббий уни тез орада мусобақаларга таклиф қилди. 2019 йилнинг август ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Самира барча рақибларини енгиб, олтин медалга сазовор бўлди.
Самира 2021 йилда Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига аъзо бўлди. Ўша йили у илк бор жаҳон кубоги баҳсларида иштирок этди. Иқтидорли спортчи терма жамоа сафида олтин медаль, бир йил ўтгач Осиё чемпионатида мамлакат терма жамоаси сафида жамоавий баҳсларда яна биринчи ўринни эгаллади. Яккаликда эса бронза медалини қўлга киритди.
Истеъдодли спортчининг зафарли юриши 2022 йилда ҳам давом этди. У Қозоғистонда ва мамлакатимизда ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида терма жамоа сафида яна ғолиб бўлди. Яккалик беллашувларида ҳам барча тенгдошларини мағлуб этиб, олтин медалга сазовор бўлди.
—Ғалабалар борган сари мени руҳлантирарди,—дейди ҳикоямиз қаҳрамони.—Албатта ютуқларимда устозим Ҳамроз Холмуродов ва Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийи Ёрқин Йўлдошевнинг ҳиссаси катта. Улар маҳоратимни оширишда, камчиликларимни тугатишда менга яқиндан ёрдам беришаяпти. Жаҳон рейтингида кўзга кўринган спортчи бўлишнинг ўзига хос масъулияти бор. Машғулотлар икки-уч ҳиссага кўпайиб бораверади, спортчи тинмай изланишда бўлиши керак. Халқаро мусобақаларда кўплаб иқтидорли спортчилар билан мулоқот қиламиз, ўзига хос тажриба алмашамиз.
—2023 йил мен учун ютуқларга бой йил бўлди,—дея суҳбатимизни давом эттирди иқтидорли спортчи.—Грузиянинг Батуми шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон кубоги мусобақасида терма жамоамиз яна биринчи ўринни эгаллади. Шу йили 7 март куни эса ҳаётимдаги энг қувончли, энг ҳаяжонли дақиқалар бўлди. Мен мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўлларидан Зулфия номидаги давлат мукофотини олиш бахтига муяссар бўлдим. Бундай ҳаяжонли дақиқалар бир умр ёдимда сақланади. Юртбошимиз билан учрашув мени бениҳоя руҳлантирди, янги марралар сари ундади. Ўша дамда ютуқларимни Янги Ўзбекистонга бағишлайман, дея ният қилгандим.
—Ушбу учрашувдан кейин қандай ютуқларга эришдингиз?
—Тўғриси, бу мукофотдан кейин ҳаётим, дунёқарашим, фикрлашим бутунлай ўзгариб кетди. Улкан режалар туза бошладим, интилиш ва изланишларим ҳам янада фаол тус олди. 7 март куни мукофот олган бўлсам, 8 март куни Осиё чемпионатида қатнашиб, олтин медални қўлга киритдим. Ўша йили жаҳон кубогида мамлакат терма жамоаси сафида яна ғолиб бўлдим ва яккалик баҳсларида бронза медали билан тақдирландим.
—Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшга ўхшайди, дейди доно халқимиз. Демак, илм ўргансак у бир умр биз билан қолади. Ҳаётда, касбу коримизда ундан фойдаланамиз. Юртимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшамиз. Мен эришган ютуқларим билан тўхтаб қолмоқчи эмасман. Спорт билан бирга шеърлар ҳам ёзаман. Университетни битириб, мураббийликда ўзимни синаб кўраман. Шу билан бирга яна бир орзуим дипломат бўлмоқчиман. Ҳозирги кунда учта тилни ўрганиб бўлдим. Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ўқишга кириш учун тайёргарлик кўриб бораяпман.
Самира яқинда Баҳрайн давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашиб, олтин ва бронза медалларига сазовор бўлди. Айни пайтда у жорий йилнинг апрель ойида Саудия Арабистонида ўтказиладиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраяпти. Уни машғулотлардан чалғитиб саволга тутдик.
—Чемпионнинг келгуси режалари, орзу мақсадлари ҳаммани қизиқтиради.
—Ҳозирги кунда Ўзбекистон терма жамоаси сафида машғулотларда қатнашаяпман. Жаҳон кубоги ва чемпионатига пухта ҳозирлик кўраяпмиз. Режаларимдан бири бу олимпия чемпиони бўлиш. Ана шу мақсад йўлида тинмай изланишдаман. Барча ғалабаларимни Янги Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнашига, унинг тараққий этишига бағишлайман.
Васил ИЛЁСОВ.