Бугунги кунда мамлакатлараро миграция жараёнлари тобора фаоллашиб бормоқда. Фуқароларнинг меҳнат қилиш, таълим олиш, туризм ва шу каби турли масалаларда бошқа давлатларга чиқиши, эркин фаолият олиб бориши учун имкониятлар янада кенгайди. Ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда айрим трансмиллий жиноятларнинг ортиши ҳам кузатилмоқда. Одам савдоси ҳам ана шундай жиноятлардан биридир.
Одам савдоси—инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, осойишта турмуши ҳамда келажагига таҳдид солаётган трансмиллий уюшган жиноятчилик кўринишларидан бирига айланди. Бу иллат дунёдаги барча халқларни ташвишга солаётган глобал муаммо бўлиб қолди. У асосан ёшлар ва аёлларни ўз домига тортаяпти. Ҳар йили ер юзида салкам 5 миллиондан ортиқ катта ёшдаги киши ўз хоҳишларига қарши ушланадилар, сотиладилар, сотиб олинадилар. Ҳар йили катта ёшдаги кишилардан ташқари 10 миллиондан зиёд бола қулликка гирифтор бўлаяпти.
Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, тадбиркорлик, хусусий бизнесга кенг йўл очилди. Хорижий давлатлар билан барча соҳаларда ҳамкорлик ўрнатилди. Юртимиз фуқароларининг ҳам хорижга бемалол чиқишлари учун етарли шароитлар яратилди. Чет мамлакатларда меҳнат қилишни ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар такомиллашди. Бунда асосий талаблардан бири—хорижий давлатга бораётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудидаги ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги (янги таҳрирда) Қонунининг мақсади одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Одам савдосининг олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш зарур. Маҳаллалар фаолларининг имкониятларидан самарали фойдаланилиши йўлга қўйилса айни муддао бўларди. Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси ва ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини яна кучайтириш лозим. Бу борадаги ишларни янада жонлантириш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Юртбошимизнинг бир қатор фармон ва қарорлари, қонунларимиз дастуруламал бўлаяпти.
Ҳар бир инсоннинг шаъни, қадр-қиммати ҳурмат ва эъзозга лойиқ. Инсоний қадриятларни топташга уринган ҳар қандай шахсга қонун олдида жавобгарлик белгиланган. Шундай экан, бу иллатнинг олдини олиш учун барча бирдек курашиши керак. Айниқса, ёшларимизни одам савдоси қурбони бўлмасликлари учун ҳаракат қилишимиз даркор. Бу ишга нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки барча турдаги ташкилот ва муассасалар, кенг жамоатчилик жалб этилган. Зеро, ҳар қандай жиноий иллатга қарши курашиш ҳар бир инсонда ўз тақдири ва ҳаётига бефарқ бўлмаслик, бу масалада доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш ҳиссини кучайтиради. Юртдошларимиз тақдирига бефарқ бўлмайлик! Халқимизда “Касални даволагандан кўра унинг олдини олган афзалдир” деган нақл мавжуд. Жамиятимиздаги ҳар қандай жараёнга лоқайд муносабатда бўлмаслик барчамизнинг устувор бурчимиздир.
Олим ҲАЙДАРОВ,
Жиззах ҳарбий прокурорининг
катта ёрдамчиси, адлия майори.