Вилоят ҳокимининг 2024 йил 12 июндаги чора-тадбирлар режасига асосан 15-30 июль кунлари Жиззах шаҳридаги “Ўрда экологик боғи”да “Чилла – истеъдодлар мавсуми” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтади. Унда “Халқаро мақом фестивали”, “Овоз” каби машҳур танловларда иштирок этган вилоятимиз санъаткорлари, сўз усталари ва театр актёрлари иштирок этишмоқда.
- Фарзандларимиз билан оилавий хордиқ чиқариш ниятида Ўрда боғига келгандик, — деди Жиззах шаҳар Заргарлик маҳалласида истиқомат қилгувчи Заҳро Бобобекова. — Жонли ижро этилаётган қўшиқлар овозини эшитиб, саҳна томонга яқинлашдик. Қизиқарли китоблар, манзарали расмлар, миллий ҳунармандчилик кўргазмаларини томоша қилиб хурсанд бўлдик. Куй-қўшиқ янграб тургувчи оқшомларимиз, мусаффоликка йўғрилган тонгларимиз учун шукрона келтиришдан бахтиёрмиз.
Дарҳақиқат, июль ойининг сўнгига қадар ҳар куни соат 17:00 дан 23:00 гача иштирокчилар, томошабинлар гала-концерт намойишларидан, “Жадидлар билимдони” викторинаси, “Мутолаа”, “Ибрат”, “Устоз-АI”, “Узчесс” каби лойиҳалар тақдимоти ва тарғиботларидан баҳраманд бўлишади. Шунингдек, ҳарбий оркестр чиқишлари, ватанпарварлик фестиваллари, қурол аслаҳалар билан ҳарбий машқлар ёшлар учун қизиқарли. Миллийликни акс эттиргувчи фильмлар, ёзги кинотеатри, модалар намойишлари, тасвирий санъат йўналишидаги истеъдодли ёш рассомларнинг расмлар кўргазмалари ташкил этилган. Боғ ҳудудига ўрнатилган “Ёзги чодирлар”, спортчи ёшларнинг кўргазмали чиқишлари, ижодкорларнинг бадиий кечалари аҳолига маънавий завқ бағишлашда давом этмоқда.
Гулчеҳра ХИДИРОВА