Бугун “Киберспорт” аренасида сиёсий партияларнинг вилоятимизда фаолият олиб бораётган вакиллари ўртасида 2024 йилги сайловолди жараёнлари доирасида дебат бўлиб ўтди. Дебат жараёнида бешта сиёсий партиянинг кўзга кўринган вакиллари партиянинг сайловолди дастурлари билан таништириб, уларнинг асосий йўналиш ва ғояларини жамоатчиликка етказишди.

Спикерларнинг сўзга чиқиш кетма-кетлиги улар мансуб сиёсий партияларнинг Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олиниш тартибида белгиланди. Шу тариқа ЎзЛиДеП партиясидан Отабек Мусурмонов, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Назира Мухторова, Ўзбекистон Экологик партиясидан Дилфуза Садриддинова, Халқ демократик партиясидан Нуриддин Холматов ва “Адолат” социал-демократик партиясидан Мақсуда Қаршибоевалар биринчи раундда партияларнинг сайловолди дастуридаги асосий мақсад ва вазифалар ҳақида тушунча бердилар.

Иккинчи раундда сайловчилар томонидан энг кўп йўлланган саволлар асосида ҳар бир партия вакилига савол берилиб, уларга бир дақиқа мобайнида жавоб қайтарилди. Кейинги раунд жуда қизғин ва муросасиз ўтди. Чунки унда дебатда иштирок этаётган партия вакиллари рақиб партия спикерларига вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий, маънавий, маданий ва экологик ҳаётига доир долзарб муаммолар ечими юзасидан саволлар йўллашди. Спикерлар партияларнинг сайловолди дасутридан келиб чиққан ҳолда бугунги куннинг долзарб муаммолари ечими бўйича келгуси беш йилликка мўлжалланган режа ва лойиҳалар ҳақида маълумот беришди. Тўрт босқичда давом этган ушбу раундда жавоб учун бир дақиқа вақт ажратилгани спикерларнинг нотиқлик ва баҳслашиш маҳоратини очиқлаб берди.

Якуний раундда белгиланган 2 дақиқа мобайнида спикерлар сайловчиларга мурожаат қилишиб, ўз партиялари ва номзодлари учун овоз беришга чақирдилар.
Бир соат давом этган дебат “Жиззах” МТРК телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилди. Жараёнда вилоят ОАВ ходимлари ва Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг вакиллари Мари Терез Карлен ва Сергей Риги кузатувчи сифатида иштирок этдилар.
Муқаддас САПАРОВА.