Шаҳримиздаги “Киберспорт арена”да спортнинг қиличбозлик тури бўйича кичик ўсмирлар (U-13 ўғил болалар ва қизлар) ўртасида мамлакат чемпионати баҳслари якунланди.
Мусобақанинг илк кунида қиличбозликнинг шпага йўналиши бўйича яккалик баҳслари ўтказилди. Қизғин ва муросасиз ўтган беллашувлар натижасига кўра, 1-ўринни Неъматулла Толибжонов (Андижон) эгаллади. Иккинчи ўрин Муҳаммадали Раҳматов (Бухоро)га насиб қилган бўлса, Салимхон Мустафаев (Фарғона) ҳамда Сергей Кадомиский (Навоий) бронза медалларига эга чиқди.

Қиз болалар ўртасида кечган баҳслар яна ҳам қизиқарли тус олди. Унда 1-ўринни Гулзода Козимжонова эгаллади. У финалда Қорақалпоғистон вакиласи Азиза Баҳитбаевани мағлубиятга учратди. Диёра Бахтиёрова (Бухоро) ҳамда Соҳибжамол Юсупова (Қорақалпоғистон) бронза медалларини бўлишиб олдилар.
Чемпионат баҳсларининг иккинчи кунида жамоавий баҳслар ўтказилди. Ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда 1-ўрин Андижон вилояти жамоасига насиб этди. 2-ўринни эса Бухоро вилояти жамоаси олди. 3-ўринларни Навоий ва Фарғона жамоалари эгаллади.
Қиз болалар ўртасида жамоавий баҳсларнинг пешқадами Қорақалпоғистон жамоаси бўлди. 2-ўрин навоийлик қиличбозларга кетди. Иккала 3-ўрин эса Бухоро ва Андижон вилояти жамоаларига насиб этди.

Рапира тури бўйича ўғил болалар ўртасидаги яккалик баҳсларида шпага йўналишида бронза медаль билан кифояланган Салимхон Мустафаев (Фарғона) бу сафар биринчиликни ҳеч кимга бермади. Кейинги ўринларни мос равишда Муҳамаддамин Шукуржонов (Тошкент шаҳри), Муҳаммаджон Касимов (Андижон) ва Асилбек Камилжанов (Тошкент вилояти) қўлга киритди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда Раяна Ташимова (Тошкент шаҳри), Уляна Кузикова (Тошкент шаҳри), Алсу Насирова (Андижон), Тўмарис Элубаева ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Сабля йўналишида ўғил болалар ичида Диёрбек Максетовга (Нукус ОПСТТМ) тенг келадиган рақиб топилмади. У финалда пойтахтлик рақиби Муҳаммадризо Ниёзовни мағлубиятга учратди. Учинчи ўринларга Тошкентнинг яна бир вакили Аслан Уманов ҳамда нукуслик Атабек Эмбергенов эга чиқди.
Қизлар ўртасидаги баҳсларда пойтахтлик икки спортчи – София Макарова ҳамда Лола Мирзаева мос равишда олтин ва кумуш медалларга эга чиққан бўлса, нукуслик Перизат Мавленбергенова ҳамда вилоятимиз вакиласи Паризот Туротова ҳам ушбу йўналишда шоҳсупага кўтарилишди.
Юсуф САЙДАЛИЕВ.