ЖАМОЛИНГГА ТЎЁЛМАСМАН…

Инновацион туманга саёҳат

Йигирма чоғли журналист, блогер ва турли соҳаларда ишлаётган ахборот хизмати ходимларини бағрига олган кичик автобус Пахтакор шаҳрида тўхтади. Бизни туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Рамзиддин Қурбонов кутиб олди.

Шаҳарга кираверишда темир йўл ва автомобиль йўлини ажратиб турган яшил тўсиқ кўзни яшнатиб юборди. Барча пресс тур иштирокчилари Рамзиддинни саволларга кўмиб ташлашди. “Бу яшил тўсиқ неча чақирим чиқади?”, “Йўлак нима учун кенг қурилган? Ва ҳоказо саволларнинг қай бирига жавоб беришни билмаган Рамзиддин кулимсираб қўлини кўтарди:

— Бугун барча саволларингизга жавоб оласиз. Яшил тўсиқ Пахтакор шаҳри бўйлаб ўрнатиб чиқилган. Энди йўлакнинг кенглигига келсак, ҳар куни эрталаб ва кечқурун ҳамшаҳарларимиз шу йўлакда соғлик учун 5000 қадам юришади. Чарчаб қолганлар учун мана бундай ўриндиқлар қўйилган. Улар томга ўрнатилган қуёш батареяси орқали электр энергияси билан таъминланган. Одамлар хоҳласа телефонларини қувватлантириб олишади. Бу ўриндиқларда Wi-Fi қурилмаси мавжуд ва зарур бўлганда одамлар Интернет тармоғига текин уланишлари мумкин, – деди у.

Пахтакор инновацион туман деб эълон қилинган эди. Инновация бу – янги ғоя, янгиликларни ҳаётга жорий қилиш дегани. Одамлар хавфсизлигини таъминлаш учун темир панжара эмас, яшил тўсиқ ўрнатиш, йўлак бўйлаб интернет ишлаб турадиган усти ёпиқ ўриндиқлар қуриш ягона инновацион туман – Пахтакордагина мавжуд.

Йўлнинг чап томонига ўтиб, катта қурилиш кетаётган очиқ спорт майдонига дуч келдик. Қурувчилар стадионга сунъий қоплама тўшаб чиқишарди. Сунъий қопламали мини футбол майдонлари ҳамма туманларда мавжуд. Лекин туманда қурилаётган стадион мини футбол эмас, ҳар бир бўлими 45 дақиқа давом этадиган катта футбол стадиони эди. Нима ҳам дердик, инновацион туманга шундай ўйингоҳлар ярашади.

Буни ишбилармонлик деса бўлади!

Самарқанд маҳалласида амалга оширилаётган “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” лойиҳаси ҳақида хўб ва кўп ёздик. Бу ерда амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар ёзишга арзийди-да!

Лекин бошқа ОАВ вакиллари учун жамоли ҳар соатда очилиб бораётган маҳалладаги ишлар қизиқарли эди. Биз ҳам ҳамкасбларимиз билан бирга яна бир марта айланиб чиқишга қарор қилдик. Маҳалладаги ишлар билан таништириш учун гуруҳимизга туман ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Аманов ҳамроҳлик қилди. У ҳар бир ишни шарҳлаб, тушунтириб борди.

Энг муҳими ноқонуний қурилишларни бузиш ҳисобига маҳаллада янги кўчалар, хиёбонлар барпо этилган. Бу ерга 7800 туп ясин, қайрағоч кўчатлари экилган.

Янги кўчатларни суғориш учун оқар сув қаердан олинади? Пахтакорлик азаматлар бунинг ҳам иложини ўйлаб топишибди. Маҳалла ғарбидан оқиб ўтаётган каналга чархпалак ўрнатиб, сув олиб келишибди, қойил. Мана буни ишбилармонлик деса бўлади.

— Эндиликда канал атрофидаги бўш ерларни ўзлаштириб, тадбиркорларга бермоқчимиз, – дейди Ойбек Аманов. — Бу ерда турли хизмат кўрсатиш шохобчалари, умумий овқатланиш ва кўнгилочар ўйинлар ташкил этилади. Агар маҳаллада бажарилган ишлар пулга чақилса, 10 млрд. сўмликдан ошиқ ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Ана шундай қизғин мулоқотлар давомида вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ҳамид Ҳасановнинг келиши даврани янада жонлантириб юборди.

— Самарқанд маҳалласида сўнгги ишлар бажарилмоқда, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари. — Яхшиси Дилором маҳалласига борайлик, у ердаги аҳвол ва маҳаллани обод қилиш учун қандай режалар рўёбга чиқарилаётганини ўз кўзларингиз билан кўрасизлар.

 “Қовун қовундан ранг олар”

Биз Дилором маҳалласига бориб, ноқонуний қурилишлар бузилаётган жараённинг гувоҳи бўлдик. Бу ерда юзлаб одамлар, техникалар тинимсиз ишламоқда. Маҳалласининг обод бўлишидан кўнгли тоғдай кўтарилган аҳоли ҳам ҳашарчиларга кўмак бериб турибди.

Ҳамид Ҳасанов бизга қуйидаги маълумотларни берди:

– Дилором маҳалласида 962 та хонадон хатловдан ўтказилган;

– маҳаллада 59 та икки қаватли уйлар таъмирланиб, канализация тизими тикланади;

– 12 та тандирхона ва 25 та канализация тизими, 2 та трансформатор янгиланади 5 км. ички йўлларга бетон ётқизилади, 0,4 км. пиёдалар йўлаги қурилиб;

– 11 та эски симёғочларни темир-бетон устунларга алмаштириб, 3 км. электр кабелларини тортиш, 1 км. газ қувурларини тартибга келтириш режалаштирилган.

— Канализация тизимини тиклаш энг муҳим вазифамиздир. Чунки фуқаролар саломатлигини сақлашда, тозаликка риоя этишда у катта аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга маҳаллада турли тадбирларни ўтказиш учун усти ёпиқ иншоот қурилиши ҳам режамизда бор, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари.                                         

Журналистлар маҳалла кезиб, маълумотлар тўплаётганларида туман ҳокими Асилбек Ашуров келиб қолди. Аслида шу куни биринчи раҳбарлар билан суҳбатлашадиган кун экан, бундан ОАВ вакиллари жуда хурсанд бўлишди.

— Кўпқаватли уйларнинг мавжудлиги бўйича Пахтакор тумани Жиззах шаҳридан кейин иккинчи ўринда туради, – деди А. Ашуров. — Ҳозиргача 508 та кўпқаватли уйларнинг том қисмлари тўлиқ янгиланди ва таъмирдан чиқарилди. “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” лойиҳаси узвий давом этади. Туманимизда 10 та маҳаллада худди шундай ишлар бажарилади. Ноқонуний қурилишларнинг бузилиши билан 5 гектар ер пайдо бўлди. Бу ерлар тадбиркорларга сотилади. Сотувдан тушган маблағ ҳам маҳалла учун ишлатилади. Ҳар учта уй ўртасида битта болалар майдончалари қурилмоқда.

Халқимизда “Қовун қовундан ранг олар”, деган ибора бор. Бугун Пахтакор туманидаги Самарқанд маҳалласидаги бунёдкорлик ишлари бошқа маҳаллаларда ҳам бошланса, ҳар қанча боқмайлик бу маҳалла-ю қишлоқлар жамолига тўймасак керак! Шундай бўлишини эса жуда-жуда хоҳлардик.

Асад МУСТАФОЕВ.

Шерзод Эгамқулов (фото).

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *