…Улуғ саркарда вафотидан сўнг Самарқанддаги Гўри Амир мақбарасига дафн этилади ва унинг қабрига саноқли диний уламоларнинггина яқинлашишига рухсат берилган. Шу сабаб кўпгина олимлар унинг майити айнан шу ерда эканига шубҳа қилишган. Масалан, академик Қори Ниёзий Соҳибқироннинг ҳақиқий қабри Афғонистонда, бир гуруҳ олимлар эса Шаҳрисабзнинг унутилган мақбараларидан бирида деб ҳисоблашган. Бу тахминларга Темурнинг Хитойга ҳарбий сафари чоғида вафот этгани ва жасаднинг олис масофадан Самарқандгача етказиб келинмаган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фараз сабаб бўлган. Совет ҳукуматини қабрнинг ичида нима борлиги доим қизиқтириб келган. Бироқ дин пешволари Гўри Амир пештоқига битилган мана бу сўзлардан мудом ҳайиқиб, қаттиқ қаршилик кўрсатган: “Бизгача буюклар бўлган ва биздан кейин ҳам бўлгусидир. Кимки аждодларнинг руҳини безовта қилса, унга лаънатлар бўлсин”.
1941 йил ёзида вазият ўзгарди. Ишга Сталиннинг шахсан ўзи аралашди. (Миш-мишларга қараганда “темир, пўлат” маъноларини билдирувчи Темур номи ҳам “халқлар доҳийси”ни илҳомлантириб, ўзига Сталин (“пўлат” ўзагидан ясалган) партиявий ном, у кейинчалик фамилиясига айланиб кетди, танлашига сабаб бўлган. Ҳаттоки 30-йилларда мактабнинг тарих дарслигига Амир Темур Олтин Ўрдани тор-мор этиб, Русни муқаррар хавфдан сақлаб қолгани ҳақидаги маълумотни киритди.
Сталин Соҳибқирон қабрин очиш илмий мақсадлар учунгина эмас, мафкуравий мақсадларга хизмат қилишини истар эди. Республика раҳбари Усмон Юсупов биринчи раҳбарнинг истагига қарши боролмади. Қабрни очиш 1941 йил июнининг иккинчи ярмига белгиланди. Гуруҳ таркибида академик Қори Ниёзий, ҳайкалтарош-антрополог Михаил Герасимов, шарқшунос Семенов, Садриддин Айний, ва кинооператор Малик Қаюмовлар бор эди.
Мақбарада жами 9 та қабр бўлиб, уларнинг бари бирин-кетин очилган. Амир Темур ҳоки туробига навбат 21 июнда етиб келди. Қабрга ёпиштирилган биринчи кошин кўчирилиши билан мақбара ичидаги барча ёритувчи чироқлар ўчиб қолди. Дарҳол танаффус эълон қилинди ва ҳамма юқорига чиқди. Шу лаҳзада кинооператор Малик Қаюмов билан ғалати ҳодиса содир бўлди. Унинг олдига нотаниш кимса келиб, шу яқиндаги чойхонада бир гуруҳ отахонлар кутаётганини айтди. М.Қаюмов айтилган жойга борганида у ерда ҳақиқатда 3 нафар нуроний турар эди. Бирининг қўлида қадимий китоб, айнан у операторга юзланиб деди: “Бу ишни тўхтатинглар. Оқибати жуда ёмон бўлади.” Унга ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай турган Малик Қаюмовга қўлидаги китобнинг бир саҳифасидан ўқиб берди: “Соҳибқирон руҳини безовта қилма, акс ҳолда уруш бошланади!” Малик Қаюмов вазият ўнглаб бўлмас оқибатга олиб келишини шу заҳотиёқ англади ва гуруҳдошларининг олдига чопди. Унинг сўзларига кўра: “Ҳамма мени мазах қилишга тушди. Айний ҳатто қўлига чўп олиб, отахонларни қувишга чоғланди. Улар эса пастки лабини тишлаб, афсусланганча, китобни ёпдилар ва жўнаб кетишди. Хаёлимга уларнинг сўзларини камерага муҳрлаш фикри келди. Аммо улар бирпасда ғойиб бўлишган эди.
Бу орада мақбарада яна чироқ ёнди. Герасимов сўнгги кошинни жойидан қўзғатди ва хира чироқ ёруғида тизза чаноғида катта шиш бўлган болдир суягини қўлига олди. У қимматбаҳо хазина каби қўлдан қўлга ўтиб, мамнуният билан томоша қилинди. Биз буюк тарихий шахснинг қабри ичида нима борлигини ва ниҳоят аниқладик”.
Аммо хурсандчилик узоққа чўзилмади. Эртаси куни – 1941 йил 22 июнда фашист Германиясининг Совет Иттифоқига уруш эълон қилгани ҳақидаги хабар радиода ўқиб эшиттирилди. Кексаларнинг огоҳлантириши рост бўлиб чиқди. Экспедиция аъзолари бу ҳақда Усмон Юсуповга хабар беришганида у тутоқиб, бу ҳақда олдинроқ маълум қилиш лозимлигини, энди эса ҳеч қандай масъулиятни зиммасига олмаслигини айтиб, гўшакни илиб қўйди.
Ўша куниёқ экспедиция ишини тугатди ва безовта қилинган қабр ичидаги суяклар ўз ҳолича жойига қўйилди. Биргина бош суяги Москвага – тарихий шахснинг асл қиёфасини тиклаш мақсадида олиб кетилди.
Федор Раззоқовнинг “Шараф Рашидов: жизнь и судьба” китобидан Муқаддас САПАРОВА таржимаси.