Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Девони Ҳудудий вакиллик органлари фаолиятини ўрганиш марказининг 2025 йил 13 январдаги 22-22/162-сонли “2025 йилда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда котибият ходимларининг ўзаро тажриба алмашишини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган режа-график”ка асосан Жиззах вилоятига халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлари, котибият ходимлари, доимий комиссиялар раисларидан иборат ишчи гуруҳ ташриф буюрди.

Ташрифнинг илк манзили халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Шарофат Нориева раҳбар бўлган “Гулчи опа” фермер хўжалиги бўлиб, меҳмонлар у ерда ишчи-ходимлар, хотин-қизларга яратилган имкониятлар, ташкил этилган ўқув машғулотларида бевосита иштирок этишди.
Ташриф аввалида меҳмонлар “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” фахрий унвони ҳамда соҳибаси “Меҳнат шуҳрати” ордени Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши депутати Шарофат Нориеванинг уйида бўлишди. Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлари Шарофат Нориева билан яқиндан танишишар экан, тадбиркорлик ҳаракатини янги босқичга кўтаришда ўзининг ватанпарварлик, ишбилармонлик ва ташаббускорлик фазилатларини яққол намоён этиб, кўплаб истиқболли лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келаётгани, хусусан, боғдорчилик, кўчатчилик ва ҳудудда томорқачиликни кенг тарғиб қилиш, иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва фаровонлигини юксалтириш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, меҳнатсевар ва шижоатли инсонлар этиб тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари учун Юртбошимиз томонидан муносиб тақдирлангани ҳақидаги маълумотлардан бохабар бўлиб, келгусидаги режалари билан танишдилар.
Жиззах вилояти Кенгаши депутати Ш. Нориева мулоқот давомида сайловчилар билан ҳамкорлик ва мулоқот шакллари ҳамда усуллари тубдан ўзгарганлигига урғу берди. Халқ вакиллари фаолиятида сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойил устуворлик касб этмоқда. Хусусан, халқ депутати Шарофат Нориева ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўз сайлов округида бўлиб, сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиб ҳал этиш билан бирга, кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида ҳам маълумотлар берди. Аёл бўлишига қарамай, катта хўжаликни бошқараётгани ҳамда депутат сифатида ўз сайловчилари дарду-ташвишлари билан яшаётгани меҳмонларда катта таассурот уйғотди.
Қашқадарё вилояти депутатлари ушбу эзгу ишларининг давоми сифатида Қашқадарё вилоятида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагини билдираётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида яқиндан ёрдам бериш бўйича ҳамкорлик қилиш таклифини бердилар. Ушбу таклифга жавобан вилоят Кенгаш депутати Шарофат Нориева тадбиркор сифатида ҳамкорликка тайёр эканлигини, бундай икки томонлама ҳамкорлик келгусида ўзининг ижобий натижасини беришини таъкидлади.

Қашқадарёлик меҳмонлар ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад маҳаллий Кенгаш депутатлари ва котибият ходимларига яратилган иш шароитлари, Кенгаш доимий комиссиялари ишини тўғри ташкил этиш, назорат-таҳлил тадбирлари, депутатларнинг сайловчилар билан тизимли ишлашини йўлга қўйиш, уларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлиги, доимий комиссиялар ва сессия мажлисларини ўтказишга оид фаолияти билан танишиш истагида эканлигини билдиришди.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши раиси Парда Шукуров, Кенгаш котибияти мудири, ходимлар ва депутатлар ишлаши учун яратилган шароитлар билан меҳмонларни таништирди.
Шундан сўнг қашқадарёлик меҳмонлар ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари уч кунлик ташриф давомида амалга ошириладиган ишлар хусусида маслаҳатлашиб олдилар.
Халқ депуталари вилоят Кенгаши котибият мудири Н.Каримова меҳмонларга вилоят Кенгаш депутатлари ва котибият ҳодимлари, Кенгаш доимий комиссиялари иши, назорат-таҳлил тадбирлари, депутатларнинг сайловчилар билан тизимли ишлаши жараёнлари, уларнинг “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорлиги, доимий комиссиялар ва сессия мажлисларини ўтказишга оид фаолияти ҳақида сўзлаб берди. Қашқадарёликлар жиззахлик ҳамкасблари эришган ютуқларни, иш самарадорлигини таъминловчи усул ва тамойилларни ўз фаолиятларига татбиқ қилиш муҳимлигини таъкидлашди.
Ташриф давомида халқ вакиллари иш юритиш соҳадаги фаолияти, амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш ҳамда Кенгашлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Жиззах шаҳар Кенгашида бўлдилар.
Меҳмонлар халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши котибияти мажлислар залида шаҳар Кенгашининг “Қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича” доимий комиссиясининг шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессия йиғилиши муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш мақсадида ўтказаётган йиғилишда бевосита иштирок этдилар.
Мазкур йиғилишда Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши раиси Парда Шукуров, вилоят Кенгаши котибият мудири Н.Каримова ва халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар ҳокими К.Холмуродовлар ҳам қатнашдилар. Комиссия йиғилишида муҳокама этилаётган масалалар Жиззах шаҳрида уй-жой ва коммунал хўжалиги, қурилиш ва транспорт соҳаларидаги вазифаларнинг бажарилиши, Жиззах шаҳрида ободонлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда экология соҳасидаги устувор вазифаларнинг бажарилиши, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш борасида бўлиб, йиғилганлар ушбу масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Йиғилишда ҳисобот бераётган масъулларга депутатлар томонидан саволлар берилиб, ҳар бир масала атрофлича муҳокама қилинди. Йиғилиш сўнгида Қашқадарё вилояти халқ вакилларининг ҳам йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан фикрлари тингланди.
Ташриф давомида вилоятнинг чекка тоғли ҳудудларидан бўлган Зомин туманида делегация аъзоларини туман ҳокими Алишер Абдуғаниев кутиб олди. Учрашувда икки томонлама тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Зомин туманида ўтказилган учрашувда Қашқадарё вилояти Кенгаши депутатлари ва Зомин туманидаги депутатлар ўртасида тажриба алмашиш бўйича кичик мажлислар залида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир давомида, туман ва вилоят раҳбарлари ўзаро фикр алмашиб, маҳаллий бошқарув тизимининг самарадорлиги, ижтимоий ва иқтисодий ривожланишдаги ўрни ҳақида сўз юритишди. Вилоятда туризмни ривожлантириш, бу ўринда табиий ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича етарли тажриба орттирилган. Ташриф режасига кўра, Қашқадарё делегациясининг Зомин туманига экскурсияси ташкил қилинди ва улар туманидаги осма дор йўли ва осма кўприк каби муҳим инфратузилма объектларини бориб кўришди.
— Бизни кўпроқ котибиятлар иши, депутатларнинг сайловчилар билан учрашуви ҳамда мулоқотлари қизиқтирди. Шунинг учун Кенгашлардаги ҳужжатлар билан танишдик. Очиғини айтганда жиззахлик ҳамкасблар бу борада анча-мунча тажрибага эга эканлигига амин бўлдик, -дейди халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши котибият мудири Руиддин Раупов.
Делегация аъзолари Зомин туманининг хотира майдонида бўлиб, иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтиришди.
Меҳмонлар вилоятнинг теран тарихга оид маълумотлар сақланаётган Шароф Рашидов туманида жойлашган Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳамда Шароф Рашидов уй музейига ташриф буюришди.
Кейинги манзил вилоятнинг жадал ривожланаётган ҳудуларидан бўлган Ғаллаорол тумани бўлиб, меҳмонлар бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарасини кўриш, бундай ижобий ўзгаришларга депутатлар ҳиссасини ўрганиш учун жўнаб кетишди. Ушбу ҳудудда ҳар бир ижтимоий-иқтисодий дастурлар ҳар битта депутатларга “маҳаллабай” бириктирилганлиги ҳамда ҳар бир қурилиш бошида вилоят, туман Кенгаши депутатлари турганликларини кўриб, соҳадаги ишлар қатъий жамоатчилик назоратига олинганлигига ишонч ҳосил қилишди.
Ташриф якунида Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев меҳмонларга вилоят рамзлари туширилган эсдалик совғаларини топширди.
Асад МУСТАФОЕВ.
Ботир Қудратов (фото).