Қадимда Марказий Осиё давлатлари савдогарлари хуштаъм ичимлик ҳисобланган чойни ўз мамлакатларига олиб келишган. Чой етиштириладиган давлатлар – Хитой, Япония аҳолиси севиб ичадиган бу ичимликни маҳаллий аҳоли яхши қабул қилмаган. Чунки маҳсулот асосан туя, от, эшакда қанор қопларга ортилган ҳолда келтирилган бўлиб, манзилга етгунича ўзига бегона ҳид ва таъмни сингдириб олган.
XVIII асрнинг охири, ХIХ асрнинг бошларига келиб Россия билан савдо алоқалари йўлга қўйилгач, туркистонлик савдогарлар у ердан қадоқланган чойлар ва унга боғлиқ идишларни олиб келишни бошлашган. Шу тарзда аҳоли аста-секин чой ичишга кўникиб борган. Вақтлар ўтиб чой ичиш, бир пиёла чойга таклиф этиш қадриятга айланди. Қорин очганда ҳам, иштаҳа бўлмаганда ҳам, тўйиб овқатланганда ҳам чой ичиш урфга кирди. Эрталаб уйқуни қочириш учун қайноқ ҳолиа, тушда истеъмол қилинган кучли таомни парчалаш учун, кечга бориб уйқу олдидан асабни тинчлантириш учун чой ичиладиган бўлди.
Чойнинг фойдали хусусиятлари ҳақида минглаб илмий ва оммабоп мақолалар чоп этилган. Бутун бошли чой институтлари илмий тадқиқотлар олиб боради. Ўнлаб диссертациялар ҳимоя қилинган. Аммо озиқ-овқат саноати муҳандис технологи сифатида мен чойнинг бу хусусиятларини камайтирувчи ҳамда организмга кўпроқ фойдали бўлган ичимликлар ҳақида сўз юритмоқчиман.
Кун давомида ичиладиган чой унга юқори калорияли углевод, яъни шакар қўшилиши, конфет ва пишириқлар билан бирга ёки сув ўрнига ҳам ичилиши билан хавотир уйғотади. Организм талаб қиладиган тирик сув ўрнига тупроғимизда етиштирилмайдиган чой, кофе, газланган ичимликлар билан чанқоқ қондирмоқчи бўламиз.
Энергетик нуқтаи назардан қаралганида, чой вужудга ҳеч қандай қувват бермайди ва озиқлантирмайди. Унинг таркибидаги ошловчи модда танин, асаб толаларини қўзғатувчи кофеин, ўзига хос енгил тахир маза берадиган шовул кислотаси жигар ва буйракнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Шовул кислотаси ошқозоннинг шиллиқ қаватига қўзғатувчи таъсирга эга. Чой таркибидаги ошловчи моддалар инсон организми томонидан темир моддасининг ўзлаштирилишига тўсқинлиқ қилади. Танин моддаси темирни ўзига бириктириб олиб, эримайдиган тузлар (тош)ни ҳосил қилади.
Чойга қарамликдан қутулишнинг йўли борми? Ҳа, албатта бор. Қиш ойларида ўрик, олма, узум, олхўри каби маданий мевалар; наъматак, қорағат, дўлана, крижовник, смородина каби ноанъанавий мевалар қоқларидан омухталаниб тайёрланган компотлар чанқовбостилик хусусиятига эга. Бундан ташқари организмни углеводлар, оқсиллар, кальций, калий, магнийга бой минерал моддалар билан тўйинтиради. Бу компотлар антиоксидантлар хазинаси ҳисобланади. Бу ичимликларни қиш ойларида қайноқлигича, ёз ойларида ялпиз, лимонник, райҳон қўшиб совутилган ҳолда чой ўрнига ичиш мумкин. Компотларни ёз ойларида шакар билан, қиш ойларида асал билан ширинлаштириш имконияти бор.

Ёз ойларида сут-қатиқли маҳсулотларни суюлтирилган ва райҳон, шивит, кашнич, петрушка, селдерей каби хушбўй кўкатлар қўшиб тайёрланган, мош, гуруч, нўхат, жўхори, маккажўхори каби дуккакли ва донли экинлар донлари билан омухталанган ҳолда истеъмол қилинса чанқовбости ва тўйимли таом тайёрлаган бўламиз. Иштаҳани очиш учун зираворлардан қора мурч, қалампирдан фойдаланиш мумкин.

Инсон организми стимуляцияга эмас, озиқланишга, тикланишга, тўлдирилишга муҳтож. Чой ичиш одат, эҳтиёж эмас! Инсон организмига ритуаллар эмас, озиқланиши, тикланиши, тўлдирилиши учун фойдали моддалар суюқликлар орқали киритилиши керак.
Бу маълумотлар асло шифокор маслаҳати ўрнини босмайди. Аммо чойдан ташқари энергетик, рангли ичимликлар бозори қизиган пайтда фойдадан ҳоли бўлмаслиги аниқ. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг.
Али АҲМЕДОВ,
Жиззах шаҳри.