Сомса тарихи пазандачиликда буғдой унидан фойдаланиш билан бирга бошланган десак муболаға бўлмас. Хамирли таомлар ичида сомса асосий ўринни эгаллайди.
Сомсалар асосан қиздирилган сиртга (тандирга) ёпиб пиширилади. Ёғда қовуриладиган сомса турлари (варақи сомса каби) борки, уларни сомса деб аташни бир ўйлаб кўриш керак. Бугунги кунга келиб марказий шаҳарлар сомсапазлари ўнлаб янги турдаги сомсаларни тайёрлашмоқда.
Жиззахда сомсапазлик тез ривожланиб юқори чўққига чиқди. Ўтган асрнинг 80 йилларигача Жиззахда тайёрланадиган сомсага асосан мол гўшти қиймаси ва чарви ёғи солинарди. Кейинчалик қўй гўшти ишлатила бошланди. Талабга қараб ўртасига думба ёғи солиб, мол гўштидан тўғрама сомса тайёрлашга ўтилди. Гўштнинг тезроқ пишишига эришиш учун зираворланган гўшт бўлаклари бир сутка давомида музхонада сақланиши (мариновкалаш) йўлга қўйилди.
Масаллиғи масаласи ижобий ҳал этилгач, сомсанинг хамирига эътибор бериш бошланди. Сомсанинг хамирига сув ўрнига рагу қайнатилиб, бульони ишлатила бошланди. Кейинчалик хамирга мол ёғи, маргарин, ундан кейин ўсимлик ёғи (пальма ёғи) қўшиладиган бўлди. Юзига кунжут, қора седана уруғи сепиш, туйилган қалампир билан белги қўйиш урф бўлди.
Қисқа муддат ичида Жиззах шаҳрининг ўзида ўнлаб номдор сомсапазлар етишиб чиқди. Айнан шу уста сомсапазларнинг шогирдлари вилоят бўйлаб ўнлаб сомсахоналар фаолиятини йўлга қўйишди. Жиззах шаҳрида асосан бир турдаги сомса ёпилишининг асосий сабаби шу билан изоҳланади. Сомсаларнинг таърифи келтирилганида тандир ўрнатилган маҳалланинг номи ва устоз сомсапазнинг шарифи қўшиб айтиладиган бўлди. Таом номи шаҳар номининг машҳурлигига сабаб бўлди. Жиззах сомсаси донғи (тренд бўлиб) мамлакатдан ташқарига чиқди.
Ўзбекистон ошпазларининг файласуфи, доцент Карим Маҳмудов асосан марказий шаҳарлар ошхонаси таомлари устида изланишлар олиб борганликлари сабаб, Жиззахнинг оши, жизи, сомсаси, бурраги, аччиқ юпқаси, хўкиз тили, широки, шопирма, қатиғли оши, нўхот хўраги, ғилминдиси, қозон патири, тандир кабоби каби ноёб ва тансиқ таомларини эътибордан четда қолдирганлар.
Жиззах сомсасининг хамири оддий (хамиртурушсиз) қилиб қорилади. Ҳар бир сомсапазнинг ўзининг хамирга ва масаллиққа ишлов бериш технологияси (сири) бор. Буни улар қисқагина қилиб, дуо кетган деб қўя қолишади. Тиндириб олинганидан кейин зувалачаларга бўлинади. Ҳар бир зувалача жўва билан ёйиб жилдлар тайёрланади. Ҳар бир тўгарак жилдга масаллиқ солиб тугилади ва қизиб турган тандирда ёпиб пиширилади. Бир дона сомсага 350-400 граммгача масаллиқ (1 кг лаҳм 6 донагача сомсага етади) солинади.
Усиз ҳам қуруқ ва иссиқ Жиззах шароитида хўрандаларнинг сомсанинг юзига асосан ўсимлик мойи (кўпинча кунгабоқар мойи) қуйиб, камдан кам ҳолларда сарёғ суртиб истеъмол этишларининг ижобий ёки салбий томонларини илмий асослаш ўз ечимини кутиб турибди.
Али АХМЕДОВ,
Жиззах вилоят педагогик маҳорат маркази ходими.