Севара Мусаева 15 йилдан бери мунчоқдан эсдалик буюмлари тикиш, сунъий гуллар ясаш, кийимлар тўқиш билан шуғулланади. У ёшлигидан телевизорда амалий санъат тўғрисидаги кўрсатувларни кўриб, шу орқали мунчоқдан турли буюмлар, безаклар тайёрлашни ўрганди.
Қаҳрамонимиз Зомин туманидаги Қангли қишлоғининг Қўштол маҳалласидан бўлиб, гарчи ногирон бўлишига қарамай, доим изланишда. У олти йилдан бери вилоят “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо. Ёш тадбиркор йил мобайнида 50 нафардан ортиқ шогирдлар чиқарди.
— Иш билан машғул бўлса, одамнинг юраги ёзилади, — дейди Севара.— Вақтимни бекор кетказгим келмайди. Жорий йилда ҳам “Аёллар дафтари”, ”Ёшлар дафтари”да турувчи хотин-қизларни ўқитиб, уларга махсус сертификатлар бердик. Ҳозирда бу ҳунарга қизиқиши ортаётганлар кўплаб топилади. Улар орасида айниқса, 1-синфдан то 10-синфгача бўлган мактаб ўқувчилари ҳам бор. Мабодо оилавий шароити қийин бўлса, уларни бепул ўқитаман. Чунки устоз деб мурожаат қилишларининг ўзи катта бахт, маблағ топишдан кўра, уларнинг меҳри менга кифоя. Ҳозирда қизиқувчиларга онлайн тарзда ўз ҳунаримни ўргатаяпман. Улар орасида жисмоний имконияти чекланган қизлар ҳам бор.
Севаранинг ёнига ҳунар ўрганиш учун ҳатто 1-синф ўқувчилари ҳам келади. У чарчаб қолмасин, ҳунардан кўнгли қайтмасин, деб бу қизалоқларга кўп вазифа юкламайди. Шогирдлари 8 ёшдан 37 ёшгача бўлиб, Зомин туманининг турли маҳаллалари, Жиззах, Тошкент вилоятидан ҳам ўрганувчилари бор.
— Тўрт йилдан бери психология курсларида ўқийман, — дейди у. — Шогирдларимга фикр бериб, уларда ўзларига ишончни тарбиялашга ҳаракат қиламан. Ўз ишини эплагач, ўзига ишончи янада ортади. Турли ёшдаги ўқувчиларим борлиги сабабли, психология курсларида ўқиганлигим қўл келади, уларнинг ҳаммалари билан тезда чиқишиб кетаман. Кўргазмаларда қатнашганимда ўзимга қувват, завқ оламан. Бир марта келганимиз бир йиллик озуқа беради кишига. “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан ташкил этиладиган кўргазмаларда нафақат маҳсулотларим сотуви йўлга қўйилади, балки яхши таассуротларга ҳам эга бўламиз. Айниқса, иштирокчилар маҳсулотларимизга яхши баҳо беришса, кўнглимиз тоғ қадар юксалади. “Ота-онангизга раҳмат!” дейишларининг ўзи биз учун катта мотивациядир. Бу ишларимни йўлга қўйишда кимдир менга оёқ бўлмаса бўлмайди. Бу борада онажоним менга энг катта етакчи.
Севара оилада 5 нафар фарзанднинг ўртанчаси. Онаси Гулчеҳра опа қизининг энг катта кўмакчиси. Унинг учун иш жараёнида зарур бўладиган хом ашёларни ўзи саралаб олиб келиб беради. Қишда кўпроқ буюртма асосида қишки кийимлар тўқишади.
— Фаслларга мослашиб оламиз, — дейди ҳунарманд. — Қишда рўмол, ёш болаларга шарф, пайпоқлар тўқиймиз. Хуллас, аҳолидан қандай буюртмалар тушса, шу маҳсулотларни тайёрлаймиз. Ўз даромадим ўзимга етиб турибди. Баъзида рўзғорга ҳам ёрдамим тегиб туради. Хом ашёлар ўзимиздан чиқади, баъзида онлайн буюртма берамиз. Ҳозир ўз ғоям асосида миллий байроғимиз кўринишидаги қаламдон ясашни ўйлаб топганман, буюртма кўп тушяпти. Мактабгача таълим муассасаларидан баъзида юмшоқ ўйинчоқлар буюртма беришади, миллий қўғирчоқлар ясаймиз. Ўзимга асосан гул ясаш ёқади. Бу кишига ўзгача кайфият бахш этади. Кўпроқ онажонлар учун ясаймиз, барибир оналар учун бошқача меҳр билан ясайсиз.
Байрамларда онаси учун гўзал гуллар ясаб табриклайди, она қувончини кўз ёшлари билан изҳор этади. Севара битта маҳсулотни уч-беш кунда тайёрлайди. Ҳажмига қараб, битта қаламдонни бир кунда тўқиб битиради.
— Юртимизда ёшларга жуда катта эътибор берилаяпти, — дейди ёш тадбиркор. — Бизга ўхшаган ёшлар, ҳунармандларга эътибор катта. Президентимизга ташаккур! Ота-оналаримиз, яқинларимиз ишонмаган бир пайтда энг катта ишонч, энг катта мотивацияни бизга албатта, бериб келаяпти. Мен ўтирган электр ногиронлик аравачасини биз 30 йил орзу қилганмиз. 2021 йилда илк бор “Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг туман босқичида иккинчи ўринни олганман. Ўшанда республика Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов уйимга бориб, мени қўллаб-қувватлаган. Шундан сўнг ҳаётимда катта ўзгаришлар рўй берди. Руҳий жиҳатдан ҳам кучга тўлиб, бундан-да яхшироқ ишлашим керак экан, деб ўйладим. Бир кун аввал тушимда кўрган инсон келиб мени табриклаб турганидан ҳайратда қолганман. Ҳаётда шундай тасодифлар ҳам бўларкан…У киши мени ва туманимиздаги кўплаб опа-сингилларимизнинг соғлигини тиклашга ёрдам берди.
Вилоятимизда ташкил этиладиган ҳар хил кўргазмаларда иштирок этаман. ЎзЛиДеп ташаббуси билан ўтказилган “Матонатли аёл” кўргазмасида қатнашдим. Юртимизда яратилаётган имкониятлар сабабли, тўрт йил аввал 36 миллион сўмлик кредит олиб, иккита тикув машинаси харид қилганмиз. Бу йил кредитни ёпиб, янги ишларимизни йўлга қўйдик. Уйдан кичик цех очдим, иккита ишчим бор, бири жисмоний имкониятлари чекланган, ногирон. Улар парда, кўйлак тикади, ортганини мен қайта ишлаб чиқараман, турли буюмлар ясашим мумкин. Ўзим ҳам либослар тикаман. Келгусида янги-янги ғоялар асосида маҳсулотлар яратиш, цехимни кенгайтириш ва ишсиз, ногирон хотин-қизларни иш билан таъминлашни ният қилганман.
Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.
Шерзод ЭГАМҚУЛОВ (фото).