AДОЛAТ ЙЎЛИДA “ИНСОН” КЎМAГИ

Ўзбекистонда ижтимоий давлат қуриш сари муҳим қадамлар ташланмоқда. Бу йўлда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва уларда фаолият юритаётган ҳуқуқий масалалар бўйича эксперт маслаҳатчиларнинг ўрни тобора ортиб бормоқда. Инсонпарвар сиёсат — ҳаётга татбиқ этилмоқда.
2025 йил июнь ойида Ғаллаорол туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига кам учрайдиган ҳолат билан фуқаро Мамараза Хужақулов мурожаат қилди. У туғилганидан буён Ўзбекистон ҳудудида яшаган, мактабни тугатган, армияда хизмат қилган, лекин бирон марта расмий ишда ишламагани сабабли паспорт олмаган. Унинг турмуш тарзи тўлиқ ҳуқуқий тизимдан четда қолганди.
М.Хужақуловнинг маълум қилишича, ҳеч қачон чет давлатда бўлмаган, турмуш қурмаган, фарзанд кўрмаган. У қариндошларининг ёрдамида кун кечириб келган. Aммо энди нафақа ва тиббий хизматлардан фойдаланиш учун фуқароликни расмийлаштириш зарурияти пайдо бўлган.
Ғаллаорол туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази вакиллари томонидан фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судига ариза тайёрланди, ҳуқуқий асослар йиғилди, ишга гувоҳлар жалб қилинди. Судда ИИБ вакиллари ҳамда маҳалланинг тўрт нафар гувоҳи аризачининг туғилганидан буён Ўзбекистонда яшаб келаётганини тасдиқлади. Натижада, 2025 йил 25 июнь куни суд аризани қаноатлантириб, Хужақулов Мамаразанинг 1992 йил 28 июлдан буён доимий яшаш маълумотларини тасдиқлади ва фуқаролиги расмийлаштирилди.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни ҳимоя остига олиш, адолатни қарор топтириш юртимизда устувор вазифага айланиб улгурган. “Инсон” марказлари, ҳуқуқий маслаҳатчилар ва уларнинг мунтазам ҳамкорлари – ички ишлар, маҳалла идоралари, суд органлари, адлия ва нотариал идоралар бу йўналишда кенг қамровли ҳаракатда.
Бу ижтимоий адолатнинг амалдаги ифодаси бўлиб, ҳар бир фуқаронинг ҳаётида сезиларли ўзгаришни англатади.

Мурод Маматқулов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бош юрисконсульти.
Aли Исломов,
Ғаллаорол туман “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчиси

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *