Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида сайёҳлик соҳасига доир муҳим бўлган 3 та фармон ва 5 та қарор қабул қилинди. Мазкур қонуний ҳужжатлар билан соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этиш, туризм салоҳиятини ошириш, республикага хорижий сайёҳларнинг оқимини кескин ошириш ва ички туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Ушбулар натижасида воҳамизда туризм соҳасини ривожлантириш масаласида кўплаб ютуқларга эришдик. Вилоятга 2024 йилнинг январь-декабрь ойлари давомида 452,2 минг нафар хорижий, 1 млн 400 минг нафар маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришди. Бу даврда туризм хизматлари экспорти 65,1 млн АҚШ долларини ташкил этди. Ўтган йил давомида вилоятда 28 та 584 ўринли жойлаштириш воситалари — меҳмонхона, хостел, кемпинг ва оилавий меҳмон уйлари ишга тушди. Шундан, 85 ўринли 3 та меҳмонхона, 11 та 315 ўринли хостел, 13 та 132 ўринли оилавий меҳмон уйлари ва 52 ўринли битта дам олиш ҳудуди фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда жойлаштириш воситалари 280 тага, ўринлари сони 6 955 тага етказилди. Натижада, чет эллик меҳмонларни тўлиқ жойлаштириш қувватига эга бўлдик.
Туристик компаниялар ва йўналишларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йилда 19 та туркомпания фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг сони 47 тага етказилди. Сайёҳлик салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда хорижий ва маҳаллий ташриф буюрувчиларни олиб қолиш бўйича 5 кунлик йўналиш — 7 юлдуз туризм халқаси (“туристик учбурчак”) ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, воҳамизда мавжуд экотуризм масканлари бўйлаб 3-5 кунлик йўналишлар яратилди. Ташриф буюрган меҳмонларга 30 та автобуслар ва 57 та микроавтобуслар, 8 та туризм ахборот маркази ҳамда 205 та санитария-гигиена шохобчалари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Туристик масканларга олиб борувчи йўлларга 66 та йўл кўрсатгич белгилари ўрнатилди ва 170 та объектларда Wi-Fi зонаси ташкил қилинди.
2024 йилнинг ўтган даври давомида 368 млрд 087 млн сўм бўлган 24 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилиб, 279 та янги иш ўрни яратилди. Вилоятда “туризм кўчаси”ни ташкил этиш бўйича ҳам қатор ишлар бажарилди. Жиззах шаҳридаги Синдор Ҳамроқулов кўчасида кафе, фаст-фуд, супермаркет, автотураргоҳ, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, бепул Wi-Fi зоналари, меҳмонлар учун ахборот маркази ташкил этилиб, туризм кўчасига айлантириш бўйича вилоят ҳокими қарори ишлаб чиқилди ва узунлиги 600 метр бўлган туризм кўчаси ташкил этилди.
Туризм инфратузилмасини ривожлантириш борасида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 8-10 апрель кунлари Жиззах вилоятига ташрифи давомида воҳамиздаги маданий мерос масканларини боғловчи “Туризм ҳалқаси” ишлаб чиқиш ва ушбу халқа бўйича инфратузилма ҳолатини яхшилаш бўйича берган топшириқлари ижросига тўхталиш жоиз. Бугунги кунда жами 31 км йўллар, кўприклар ва йўл ўтказгичларни таъмирлаш учун республика бюджетидан 10 млрд. сўм маблағ ажратилиб, 12 км шағал, 7 км асфальт йўллар таъмирланди, 12 км йўл эса жорий таъмирдан чиқарилди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Ғаллаорол туманидаги “Узунбулоқ” ҳамда Бахмал туманидаги “Новқа” маҳаллаларига “Туризм маҳалласи” ёзуви туширилган стеллалар ўрнатилди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 26 октябрдаги “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Зомин туманидаги Зомин аэропортида 30 ўринга мўлжалланган йўловчи терминали фойдаланишга топширилди. “Зомин” туристик-рекреацион зонаси ҳудудида “Суффа платоси
2400” халқаро умуммавсумий курорти ва “Ўриклисой” мажмуасида “Ўзмиллийбанк” АЖ буюртмаси асосида бунёд этилган 12 та минорали, 11 дона устундан ташкил топган, мижозларни ташиш учун замонавий дизайндаги 36 та кабинадан иборат, узунлиги 2 600 метр бўлган дор йўли ускунасидан ташқари 133,3 млрд. сўмлик қийматидаги замонавий осма дор йўли фойдаланишга топширилди.
Воҳада туризм қишлоғи ва туризм маҳаллаларини бунёд этишга алоҳида эътибор қаратилиб, муҳтарам Юртбошимизнинг 2023 йил 26 апрелдаги “Республикамизда туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича бир неча ўзгаришлар қилинди. Вилоятнинг туризм салоҳияти юқори бўлган Зомин туманидаги Дуоба МФЙга “Туризм маҳалласи” мақоми берилди.
Бугунги кунда вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича 2025 йилда амалга ошириладиган вазифалар ва аниқ режалар ишлаб чиқилди. Жорий йилда Фориш туманининг Айдар-Арнасой кўллар тизимига туташ бўлган чегара ерларидан 22 минг гектар ер майдони Арнасой туманига ўтказилиб, ушбу ҳудудда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан туризм йўналишида меҳмонхона ва савдо хизматлари ёпиқ бассейн ҳамда ресторанлар, ҳунармандчилик, сувенир савдо расталари, мусиқий фавворалар, қумли пляж зонаси, экстремал сув спорти майдончалари, пляж ҳудудлари каби йирик лойиҳаларни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 1000 та янги иш ўринлари яратилади.
Туризм салоҳияти юқори бўлган Бахмал, Фориш ва Арнасой туманларида туризм мастер режалари асосида сайёҳлик мажмуалари ташкил этилади. Натижада, ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар сони 400 минг нафар, маҳаллий сайёҳлар 700 минг нафарга етказилиб, туризм хизматлари экспорти 60 млн долларга етказилади.
Хорижий давлатлардаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхоналарининг туризм бўйича масъул ходимлари иштирокида Зомин туманига, Зомин туристик рекреацион зонаси ҳудудида инфотурлар уюштирилади.
2025 йилда соҳада қатор мақсадли кўрсаткичларга эришиш режалаштирилган. 1 млн хорижий, 2 млн маҳаллий туристлар олиб келинади. 150 млн доллар экспорт хизматлари кўрсатилиб, жойлаштириш воситалари сони 297 та, ўринлар 4,7 мингтага олиб чиқилади. 194,5 млрд сўм инвестиция киритилади ва 15 та туризм соҳасида лойиҳалар ишга тушади.
Туризм ва ёндош соҳаларда 2,5 минг (ҳозирда 1,8 минг) аҳоли бандлиги таъминланади. Хорижий туристлар энг кўп ташриф буюрадиган Фориш туманидаги Ухум қишлоғига “Туризм қишлоғи” мақоми берилиши белгиланган.
Оммавий ахборот воситалари, блогерларни жалб қилган ҳолда инфо-турлар уюштирилиб, контентлар ишлаб чиқилади. Шунингдек, туризм транспорт коридори бўлган А-376, М-39 автомагистраль йўллари бўйлаб ҳаракатланаётган аҳоли ва хорижий сайёҳлар учун 4 та туристик ахборот маркази, 10 та замонавий санитария-гигиена шохобчаси, 2 та туризм бекатлари фаолияти ташкил этилади. Шу билан бир қаторда, вилоятдаги мавжуд сайёҳлик масканларининг “Туризм харитаси” ва “Guidebook”лари ишлаб чиқилади. Натижада, воҳамизда иқтисодиёт ва тизим ривожида сайёҳликнинг улуши янада ортади.
Азизбек ЭГАМБЕРДИЕВ,
Вилоят туризм бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.