ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШ ЙЎЛИДА

 Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-маънавий фаоллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масалага айланди. Мамлакатимиз  Президентнинг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон Қарорига мувофиқ барча давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланди. Бу борада вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти. Бошқарманинг шахсий хавфсизлик бўлими бошлиғи, майор Марат АТАБЕКОВ билан бўлган суҳбатимизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган жиддий чоралар ҳақида фикрлашдик.

—Суҳбатимиз аввалида ташкилотларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини жорий этишдан кўзланган мақсад нима эди, деган саволга жавоб изласак, нима дейсиз?!

    —Биринчи навбатда ташкилот ва унинг тизимида коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO37001:2016 халқаро стандарти талабларига жавоб берувчи комплекс тизимни жорий этиш, коррупциявий ҳолатларни барвақт аниқлаш ва уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш, ташкилот тизими ходимларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида уларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш назарда тутилган. Бундан ташқари, ташкилот тизимида коррупцияга қарши профилактик чора-тадбирларни ташкил этиш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳужжатлар (халқаро ва миллий) ижросини таъминлаш ва ташкилотда коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини самарали ташкил этилишига қаратилган бошқа чоралардан иборат.

   —Бошқарма ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берсангиз.

—Бошқармамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишга қаратилган жиддий чоралар кўрилаётир. Жумладан, бошқармамиз ва Жиззах ҳарбий прокуратураси ўртасида тузилган 2023 йилда ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарлик ва қонун бузилиши ҳолатларини олдини олиш, ҳарбий хизматчи ва хизматчиларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар режасига мувофиқ шахсий таркиб билан “Коррупцияга қарши курашни ўзимизни ислоҳ қилишдан бошлайлик”, “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Коррупциясиз фаолият—ривожланиш гарови” мавзуларида 242 та тадбир ўтказилди. Ушбу тадбирларга 7437 нафар шахсий таркиб жалб этилган ҳамда 58 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг маърузалари тингланган. Бундан ташқари, “Менинг бошқармам—коррупциядан холи ҳудуд”, “Ёш авлодга коррупциясиз келажак қолдирайлик” мавзусида семинар, ўқув машғулотлари ва давра суҳбатлари ташкил  этилди. Ушбу тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – соҳа ходимларининг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, ёш ҳарбий хизматчиларда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаол дунёқараш ва мустаҳкам позицияни шакллантириш, шахсий таркиб ўртасида коррупциоген ҳолатларга сабаб бўлувчи омилларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат. Барча тадбирларимизда мутахассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари юзасидан тушунтиришлар бериб келинмоқда. Бу иш изчиллик билан давом эттирилмоқда.

—Иллатга қарши курашишда профилактик тадбирларнинг самараси кўзга яққол ташланади, шундайми?!

  —Шахсий таркибнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга оид “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” ҳар ойнинг биринчи пайшанбасида ўтказилмоқда. Бошқарма тизимидаги ҳудудий бўлинмалар ва хизматларда коррупцияга қарши курашиш бўйича шахсий таркибнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, учрашувлар уюштирилаяпти.  Бошқарма тизимида давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилмоқда.  Ушбу йўналишда  бошқарма, тегишли соҳалар ва тузилмалар шахсий таркиби билан семинарлар ўтказилди.

  Ҳар ҳафта жума кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш юзасидан шаҳар ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлимларида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилаётир. Бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтиради, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келади.

—Маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ходимларнинг маънавий оламини бойитади, уларни ҳалол-пок ишлашга ундайди, коррупция каби жирканч иллатларга қарши муросасиз қилиб тарбиялайди.

  —Ушбу тадбирларда  тараққиётимизга тўсиқ бўлаётган коррупция масаласи ҳақида ҳам фикралашамиз. Маънавиятли инсон яхши яшаш учун ҳалол меҳнат қилиш керак, деб ҳисоблайди. Маънавиятли инсон маданиятли бўлади, дейишади. Маданиятли фуқаро қонунга итоат қилади. Маданиятли инсон пора бермайди, маданиятли амалдор пора олмайди. Маданиятли инсон ота-онани, кексаларни, ўзидан руҳан ва жисмонан ожиз бўлганларни ҳурмат қилади ва ҳимоя қилади. Яна шуни айтиш керакки, бундай инсонлар йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиб автомобиль ҳайдайди, йўловчи бўлса кўчани кесиб ўтаётганда йўл белгиларига бўйсунади. Маданиятли инсон бошқаларнинг шахсий ҳаётига аралашиш маданиятсизлик эканини яхши билади. Баъзан бир неч­та нопок ходим туфайли бутун тизим ёмонотлиққа чиқади. Одамзоднинг табиатида нафс деб аталмиш иллат бор. Нафс инсонни тамагирликка ундайди. Маънан етук инсон эса бу иллатдан ҳоли бўлади. Шу боис маънавий тарбияга эътиборни кучайтираяпмиз.

    —Коррупцияга қарши олиб борилаётган ишларнинг самараси ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз.

     — Аввало, коррупциявий хавф-хатарлар юзага келиши мумкин бўлган соҳа ва йўналишлар аниқланиб, уларни бартараф этишга қаратилган профилактик чоралар белгиланмоқда. Фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Ходимлар томонидан касбий одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш ва хизмат вазифаларини бажаришда ҳар қандай коррупциявий ҳолатлар, шу жумладан манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш масалалари тартибга солинди. Хизматчилар томонидан ўз вазифаларини бажаришда таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва маҳаллийчилик ҳолатларига барҳам берилаяпти. Коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этишга эришилаяпти. Энг муҳими, коррупциянинг олдини олишга, унга қарши курашиш ишларига ҳар бир ходим онгли равишда муносабатда бўлаяпти. Буни бошқармамизнинг 9 ойлик фаолияти давомида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик содир этилмаганидан ҳам билса бўлади.

 

Васил ИЛЁСОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *