“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ”ДАН ЯНГИ ТАШАББУСЛАР

Ўтган ҳафта якуни янгиликлар, тадбирларга бой ўтди. Улар ичида ўзига хос бир воқелик борки, бу  “Ташаббусли бюджет” ғолибларининг эълон қилинишидир. Бу йилги иккинчи мавсумда Жиззах вилоятидан 106 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, уларни молиялаштиришга 144 347 000 000 сўм ажратилади.

Лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, вилоятимиздан 447,9 мингта овоз берилган. Статистикага кўра, вилоятдан 1060 та лойиҳа юкланган бўлиб, уларнинг 963 таси саралашдан ўтган, 106 таси ғолиб деб топилган.

1-мавсум натижалари билан солиштирадиган бўлсак, ғолиб лойиҳалар сонида кескин фарқ мавжуд эмас – ўтган мавсумда 109 та. Аммо саралашдан ўтган лойиҳалар сонида катта фарқ кузатилади – ўтган мавсумда 1149 та лойиҳа овоз беришга қўйилган. 

Жорий мавсумда Бахмал тумани Мўғол қишлоғидаги ички йўлларни таъмирлаш лойиҳаси энг кўп – 9818 та овоз тўплашга эришган бўлса, энг кам овоз – 100 та –  Дўстлик туманидаги 7-ДММТни жиҳозлаш учун берилган ҳолда ғолиб бўлиш учун етарли бўлган. Умуман олганда, ҳар сафаргидай ички йўлларни таъмирлаш (51 та),  мактаблар таъмири ҳамда жиҳозлаш (22 та) учун ташаббуслар етакчи бўлиб турибди.  Республика миқёсида ҳам соҳалар кесимида айнан шу икки йўналиш устуворлик сақлаб қолган. 

Кейинги ўринларда мактабгача таълим муассасалари (9 та), соғлиқни сақлаш муассасалари (8 та) ҳамда спорт муассасаларини (3 та) таъмирлаш ва моддий-техник жиҳозлаш учун ташаббуслар кўпроқ билдирилган.

1 сентябрь санасида ғолибликка эришган маҳаллаларда қўшалоқ байрам нишонланди. Ихтиёрий равишда ўз ҳудуди ободлиги учун уюшган кишилар 10 кун мобайнида ҳар бир овоз учун курашдилар. Бундай фаоллик давлат эътиборидан четда қолмади, албатта. 29 август куни президентнинг «Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб депутатлар ҳар йили “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаёти ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир кўрсатадиган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) танлаш ҳуқуқига эга бўлишди. Мазкур танлов лойиҳаларни молиялаштиришга асос бўлади. Ҳар бир депутатга бир йилда икки мавсумга базавий ҳисоблаш миқдорининг 8 минг баравари (3 млрд 296 млн сўм) миқдорида маблағ ажратилади. Қарор билан шунингдек, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб кетма кет 2 мавсумда ғолиб бўлган маҳаллаларга лойиҳа киритмаслик чеклови олиб ташланди. 2026 йил 1 февралдан аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш тартиби ҳам тасдиқланди.  

Кўриниб турибдики, “Ташаббусли бюджет” тоборо оммалашиб, жойлардаги муаммоларни ҳал этишнинг халқона ва қулай усулига, фаол ижтимоий ҳаракатга айланаётгани эътироф этилмоқда. Жараёнлар янала такомиллаштирилади, депутатлар масъулияти ва сайловчилар билан алоқаси янада кучайтирилади. Депутатларнинг айнан қайси лойиҳани, қандай мезонлар асосида танлаб олиши эса кейинги йил кузатиладиган яна бир мавзу.

 

Муқаддас САПАРОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *