ҚУЁШГА ЮЗ ТУТГАН ФОРИШ 

Энергетика мустақиллиги давлат учун муҳим геосиёсий қалқондир. Зиддиятли дунёимизда қачонлардир тугайдиган энергия ресурслари учун курашлар давом этмоқда. Бунинг устига анъанавий шаклда энергия ишлаб чиқариш атроф-муҳитга катта зарар етказади. Шу сабаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ”яшил” энергетика манбаларини яратиш ва истеъмолдаги улушини ошириш бўйича улкан чора-тадбирлар кўзда тутилган. Ўзбекистон 2030 йилга бориб мамлакатнинг умумий энергетика балансидаги қуёш энергияси улушини 6 % га етказишни режалаштирмоқда.

Ғаллаорол туманида қуёшдан нур олиб, нур тарқатаётган қуёш фотоэлектр станцияси воҳамизнинг шу турдаги тўнғич иншооти саналади. Мажмуа ишга тушган тарихий сана – 2024 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб Ғаллаорол, Шароф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳри аҳолисига электр энергияси етказиб бераяпти. БААнинг “Masdar” компанияси томонидан амалга оширилган мазкур лойиҳа 220 МВт қувватга эга. Қарийб бир йил давомида қурилиш ишлари олиб борилган бу иншоот чорак аср халққа хизмат кўрсатади. Ьунга қадар янги энергетика қувватлари ишга тушиб, узлуксиз ва хавфсиз манбалар сони ошади. Улардан бири Фориш қуёш фотоэлектр станцияси хисобланади.

Ўзбекистон – Хитой стратегик муносабатлари доирасида юртимиз  бўйлаб Хитой давлати иштирокида экологик тоза энергия ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилаётир. Хусусан, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида қуёш электр станциялари ишга туширилиб, умумий ҳисобда 1,5 гигаваттдан кўп тоза энергия ишлаб чиқариш имконини яратилмоқда. Айни кунларда Фориш туманининг Эгизбулоқ МФЙ ҳудудида, Жиззах – Фориш йўли ёқасида улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари кетмоқда. Ўзбекистон ва Хитой давлатлари байроғи остида давом этаётган техника ва инсонлар ҳаракати ҳеч бир йўловчининг эътиборини тортмай қолмайди. 1058 гектар ер майдони ажратилган бу ҳудудда 1000 нафарга яқин мутахассис кунни тунга улаб меҳнат қилишмоқда. Улар учун вагон типидаги ётоқхона ва ошхона хизмат кўрсатади.

Аслида China State Electrical, China Еlectrical Еquipment, CHD ва  Poly Changdo компаниялари иштирокидаги қурилиш ишлари 2024 йилнинг декабрь ойида бошланган бўлиб, бугун лойиҳа офиси ҳамда бир неча километрга чўзилган қуёш панеллари сабаб иш дарҳол кўзга ташланади. Бир неча ой бурун тап-тақир бўлган бу ҳудудда иш қайнаётгани бежиз эмас: бу ерда 500 МВт фотоэлектр станцияси ва ҳаво электр узатиш тармоғи бунёд этиляпти. Бундай катта ҳажмли лойиҳа вилоят учун ноёб бўлиб, ҳудуднинг текислиги ва очиқлиги, қуёшли кунларнинг кўплиги табиий имконият манбаи бўлиб ҳисобланади.

-Лойиҳада иштирок этиш учун яқиндагина жамоага келиб қўшилдим, – дейди QAQC менежери Sun Zhen. – Қисқа муддатда енгил конструкцияли лойиҳа офиси қуриб битказилди. Айни кунда қўшимча 7 та бино-иншоотлар қурилиши жадал давом этмоқда. Бу ерда 100 нафардан зиёд хитойлик мутахассис иш олиб бораяпти. Режа асосида ишлар давом эттирилмоқда. Тез орада – сентябрда лойиҳанинг биринчи, декабрь ойида эса иккинчи этапи ишга тушади. Жорий йил якунида станциянинг 200 МВт қувватли бир қисми ток ишлаб чиқаришни бошлайди.  

Лойиҳанинг тўлиқ ишга тушиш муддати 2026 йилнинг март ойига мўлжалланган. Қуёш фотоэлектр станциясининг ишга тушиши натижасида ишлаб чиқариладиган электр токи Зафаробод подстанциясига узатилади. У ердан тақсимланган нур аҳоли хонадонлари ва ташкилотларга кириб боради. Шунингдек, Жиззах шаҳрига ҳам табиий тоза электр токини узатиш мақсадида 500 дона ҳаво электр узатиш тармоғи устунлари ўрнатилади. 350 млн АҚШ доллари эвазига бунёд бўлаётган бу станция Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва “яшил” иқтисодиёт йилида амалга оширилган энг яхши лойиҳалардан бири бўлиб қолади.

Хўш, қуёш фотоэлектр станцияси қандай ишлайди? Унинг экологик тозалиги қандай аниқланади? Мутахассис эринмай унинг ишлаш тартибини тушунтирди. Яъни қуёш нурлари қуёш панелларига тушади, доимий ток кўринишига айлантирилади ва аккумулятор батареяларида сақланади. Инвертор ёрдамида доимий ток ўзгарувчан токка – одатий 220 В га айлантирилади ва электр тармоғига узатилади. Айни кунларда  ажратилган майдон бўйлаб қуёш панеллари, яъни фотоэлектрик ўзгартиргичлар ўрнатиб келинаяпти. Қуёш фермасининг бу қисмлари чуқур таҳлил ва ўрганиш натижаларидан сўнг – оғиш бурчаги ва юзаси белгилангач ўрнатилмоқда.

Эслатиш ўринлики, бу йил деярли ҳар бир вилоят шу каби табиий электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаларига эга бўлиб улгурди. Натижада 2025 йилда қайта тикланадиган энергияни умумий энергия истеъмоли мажмуасида 19,7 % гача ошириш, шу жумладан қуёш энергиясини 2,3 % га ошириш имкони яратилди. 

-Мажмуанинг ишга тушиши нафақат энергетика барқарорлиги, атроф-муҳит тозалигида, балки маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга, – дейди Фориш тумани ҳокимининг  ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Эльнора Умматова. – Айни вақтда бу ерда 500 нафардан зиёд маҳаллий ёшлар иш билан банд. Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, станцияга хизмат кўрсатувчи доимий 50 та иш ўрни яратилади.

Дарҳақиқат, қуёш фотоэнергетикаси жаҳон бозорида 2005 йилдан бери йилига ўртача 40 % га ўсиб бормоқда. Маълумотларга кўра, келгуси 20 йил ичида айнан қуёш фотоэнергетикаси сабаб дунё бўйича 2 миллиондан ортиқ иш ўринларини яратилар экан. Натижада атмосферага чиқаётган 350 млн тонна Cо2 газ чиқиндилари камаяди, 140 та кўмир билан ишлайдиган электр станциялари иши тўхтатилади. Сўнгги йилларда жаҳон бозорида қуёш фотоэнергетикасига сармоя киритиш бошқа қайта тикланадиган энергия соҳаларига қараганда кўпроқ ажратилаётгани ҳам унинг истиқболидан дарак беради.

Ким ўйлабди дейсиз, Форишдаги, Ғаллаоролдаги тақир далаларда ана шундай иншоотлар барпо бўлади деб? Булар мустақиллик иншоотлари – уларнинг шакли ҳам, мазмун-моҳияти ҳам, қиладиган иши ҳам ҳар жиҳатдан чиройли, халққа фойдали ва дунё трендларига монанд бўлади. Янги Ўзбекистоннинг янги энергетикаси уни мустақил ва бошқаларга тобе қилмайди. Юртимизнинг порлоқ қуёши энди хонадонларимизга сим толалар бўйлаб  ёруғлик кўринишида кириб боради. Ота-боболаримиз шам ёки чироқ ёруғида китоб ўқиб, илм-маърифатдан баҳра олган бўлсалар, бугунги интеллектуал авлод қуёш, шамол ва иссиқлик станцияларидан узатилаётган нур орқали чуқурроқ билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда. Илм нурини кўз қорачиғидек асраб, уни ҳаётга татбиқ этаётган ёшлар яқин келажакда нафақат бу каби замонавий энергия мажмуаларини барпо этади, балки уларни янада такомиллаштириб, янги технологиялар билан дунё миқёсида рақобатбардош етакчи авлод сифатида юртимиз шарафини баланд қилади, деб ёруғ умидлар қиламиз.

Муқаддас САПАРОВА,

С.НОРБЕКОВ (фото).  

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *