(Ҳажвий ҳикоя)
Хонага бир нусха кириб келганида, мухбир Жонфиғоний навбатдаги мақола устида ишлаётган эди. У ишига халақит қилганларни унча ёқтирмасди. Лекин “Уйга келганни ит қопмас” деганларидай келган одамга ёқимсизроқ назар ташлади. У ташқарида кун иссиқ бўлса ҳам бошига катта қора шляпа кийиб олган, қўлига ёмғир пайтида тутиладиган қора рангли шамсия (зонтик) ушлаб олган, эгнига узун палто ташлаб олган эди.
— Хўш, келинг! Таҳририятга нима ташвиш билан ташриф буюрдингиз? – деди Жонфиғоний қўлидаги қаламни бармоқлари орасида ўйнар экан.
— Мен шикоят билан келдим. Дардимни журналистлар тингламаса, бошқалар мен билан гаплашишни хоҳламаяпти…
— Келинг, аввал танишиб олайлик. Мен газетанинг энг таниқли, қалами ўткир ижодкорларидан Жонфиғоний бўламан. Сиз кимсиз, қаерда ишлайсиз, шикоятингиз нима тўғрисида?
— Мени ҳам ҳамма билади, ҳар хил касбларни қилиб кўрганман. Ҳозир ишсизман, чунки мен қиладиган ишларни ҳам одамлар ўз қўлларига олишган.
— Одамлар дейсизми? Унда сиз кимсиз?!
— Мен шайтонман. Нега ҳайрон бўласиз, бошқалар таниб қолмасин деб шундай кийиниб олганман. Таниб қолишса лаънатлаб бошлашади худди уларнинг арпасини мен хом ўргандай. Аслида қилар ишни ўзлари қилишади, сўнг шу балагардон деб мени кўрсатишади. Гоҳида кўрмай ҳам, куймай ҳам ер остида яшайверай дейман, лекин гумроҳлигим тутиб гоҳида ёруғ дунёга чиққим келиб қолади. Бу ёққа чиқиб, одамлар қилган гуноҳлар, жиноятларга мени айбдор қилиб кўрсатишаётганини эшитиб тутақиб кетаман. “Ҳой инсон, мен уч ойдан буён ер остида ўз ишим билан машғул бўлсам-у, ичиб олиб хотинингни урганингга менинг нима алоқам бор?!” дегим келади.
Нотавон эркак, ичкилик деса ўзини томдан ташлайдиган маймунзодадан терговчи “Қаерда ичдинг?” деб сўраганди “Ўртоқларим билан чойхонада ичгандим” деб жавоб берди. “Ичишга ичибсан, нега тинчгина уйингга бориб ётмасдан, хотинингни дўппосладинг?” деса, “Шайтон мени йўлдан урди” деб жавоб берса бўладими! Ҳой ноинсоф, шунчалар ҳам безбет бўласанми? Ахир, чойхонада бирга ўтирмаган бўлсак, арақни оғзингдан мен қуймаган бўлсам, сени биринчи марта кўриб турган бўлсам, нега мени сўроқ баённомасига ёздирасан, номард!
— Шикоятингиз шуми? –деб сўради Жонфиғоний ва бу кунда учраб турадиган воқеалардан-ку, дегандай қўлини силкиб қўйди.
— Йўқ-да, менинг шикоятим коррупция ҳақида, — деди шайтон узун пальтоси чўнтагидан дафтарча чиқариб. — Шу дафтарчага ҳаммаси ёзилган, ҳозир бир қараб олай.
— Коррупция ҳақида денг, ҳм! Жуда долзарб мавзу, аниқ фактлар борми? –деди мухбир кафтини кафтига ишқаб.
— Бўлганда қандоқ, ҳозир сизга… Ҳа мана, бундан бир ҳафта бурун олий ўқув юрти ўқитувчиси Топарман Тутармонов бир талабани имтиҳонда йиқитиб, баҳо қўйиб бериш учун пул сўраган.
— Айтиб қўяй, исбот қилинмаган бўлса коррупция жинояти ҳисобланмайди, — деди Жонфиғонов ҳафсаласи пир бўлиб.
— Буни сизсиз ҳам биламан. Ўқитувчини тегишли орган ходимлари пул олаётганда тумшуғидан илинтирган.
— Аҳа, хўш кейинчи?
— Кейин уни маҳкамага олиб бориб, тергов қилишди. Охирида Топарман Тутармонов нима деди денг. Терговчи олдида тиз чўкиб, юм-юм йиғлади. “Мени шайтон йўлдан урди, бир сафар кечиринг” деб терговчининг оёғига йиқилди. Бундай беҳаёликни биринчи кўришим. Ахир олган пулидан бир сўмини менга берганида ҳам уятдан юзим қизариб кетган бўларди. Аммо Топарман Тутармонов безрайиб туриб, жиноятига мени шерик қилиб ўтирганига чидолмаяпман, ўртоқ Жонфиғонов. Айтинг, шу инсофданми?!
Жонфиғонов шайтоннинг саволига қандай жавоб беришни билмай бошини сарак-сарак қилиб елкасини қисиб қўйди.
— Мана иккинчи жиноятга қаранг! Шифокор Билар Билмасов дорихоначи билан тил бириктириб, беморларга 30-40 та дори ёзиб бергани, даволаш жараёнида уларнинг бир-иккитасидан фойдаланиб, қолганини дорихонага топширгани ва пулни дорихоначи билан ўртада арра қилгани етмагандай, бир беморнинг кўричак эканини била туриб, буйрагингизда хавфли ўсма бор деган. Энди беморнинг қандай ҳолга тушганини тасаввур қилаверинг! Кейин “Хафа бўлманг, ўзим даволаб чиқараман шифохонадан. Фақат бу жарроҳлик амалиёти жуда мураккаб ва анча қиммат туради” деб уни хотиржам қилган.
— Астағфируллоҳ! – деди Жонфиғонов ёқасини ушлаб.
— Секин айтасизми, баралла айтаверинг! –деди шайтон унга илҳом бериб. — У беморни ухлатиб қўйиб, операция қилган ва кўричагини олиб ташлаган. Ярим соатдан кейин беморнинг яқинлари шифокорга айтган пулини олиб келиб берган. Уни ҳам пул олаётганида тегишли орган ходимлари ушлаб, қўлига занжир солишибди. Бу терговда ҳам қатнашдим. Терговчининг ҳамма саволларига “Мени шайтон йўлдан урди!”, деб жавоб берса бўладими, номард. Хўв табиббачча, Гиппократ қасамини ичгансан, ҳеч бўлмаганда шу ерда мард бўлиб, айбингни бўйнингга ол, дегим келди. Лекин, барибир аламимдан чиқдим, мана бу туёғим билан орқасига яхшилаб бир тепдим, ўтиролмайдиган бўлиб қолди.
— Боплабсиз ака! – деган Жонфиғонов, ёнида шайтон ўтиргани ёдига тушиб тамоғини қириб қўйди.
— Бунисини кўринг, ўртоқ мухбир! Бу одам ҳоким ўринбосари бўлиб ишлайди, Ямламай Ютаров ишга ҳам таниш-билишларини ўртага қўйиб ўтган. Калласида ҳеч вақо йўқ, отнинг калласидай ойлик олади. Тагида хорижда ишлаб чиқарилган автомобиль, уйини кўрсангиз оғзингиз ланг очилиб қолади. Давлат томонидан иқтисодиётни ривожлантиришга ажратилган пулларнинг ярими унинг ҳалқумидан ўтиб кетаётган экан. Ўзига масъул бўлган соҳага қарашли ҳамма ташкилотларга яқинларини раҳбар қилиб қўйиб, улардан ҳам ўзига тегишли “улуш”ини олиб турар экан.
Бир камбағал йигит куни ўтмагани учун ўша Ямламай Ютаровдан деҳқончилик қилиш учун ер сўраб борибди. Шунча еяётгани етмагандай ўзига тегишли бўлмаган соҳада ҳам юлғучлик қилмоқчи бўлибди. 10 гектар ер учун ўн минг кўкидан сўрабди. Ўша бечорада ўн минг бўлганида оғзидан доим “бер-бер” деган сўзлар чиқиб турадиган аждоҳога ялиниб борармиди? Лекин камбағал ҳам пул топиб, олиб бориб берибди. Пулни олаётганида у ҳам қўлга олинибди.
Мухбир ҳам Ямламай Ютаровни танирди шекилли, “Аҳа, барибир қўлга тушар экансан-ку!” деб юборди.
— Ўша аблаҳ ҳам судда менинг номимни сотди. “Худо ҳаққи, менда айб йўқ, шайтон йўлдан оздирди!” деб қасам ичди. Биласизми, энг алам қилгани, унинг қасамига ишонишди. Нима эмишки, бошқа соҳага масъул бўлганлиги сабабли тадбиркорга ер ажратишга ҳоким ўринбосарининг ҳаққи йўқ экан. Унга фирибгарлик моддасини қўйиб, жаримага тортишди. Шу ерда ҳам қутилиб қолди лўттивоз! Ҳозир хотинининг номига очган тадбиркорликни бошқараяпти.
— Нимаям дердик, ҳар ҳолда ишдан кетибди-ку, -деди Жонфиғонов шайтонга тасалли бергандай.
— Мен терговчига ҳам, судьяга ҳам улар қилган жиноятга зиғирчаям алоқам йўқлигини айтдим, аммо улар тинглашмади. Шунинг учун ёнингизга келдим, уларга алоқам йўқлиги ҳақида ёзинг, илтимос! Тўғри мен ҳам қанотли фаришта эмасман, билиб-билмай гуноҳ қилганман. Гоҳида оми, билимсиз одамларни йўлдан уриб тураман, лекин коррупцияга зинҳор-базинҳор алоқам йўқ. Биз ҳам ўқиш-ёзишни биламиз, қонунлардан хабаримиз бор.
— Сизга биров бир нарса демаётган бўлса, юраверинг туёғингизни “тақиллатиб”. Жиноят қилган одамлар оғзига келганини гапираверади-да, – деди мухбир.
— Айтишга осон, шуларга ўхшаган порахўрнинг биттаси “Шайтон мени йўлдан урди” деб қолса, унинг гапига ишониб, судья мени қамоққа олиш тўғрисида санкция бериб юборса нима бўлади? Мени қамоқда ўтириш ниятим йўқ, ўртоқ Жонфиғонов. Шунинг учун ёзинг деб илтимос қилаяпман сиздан. Ер юзида юрагимни ҳовучлаб юргандан кўра абадий ер қаърига кетаман. Ўшанда кўрамиз жиноят қилганлар шерикликка кимнинг этагидан тортар экан! –деди шайтон алам билан.
— Ҳа-а! Ёзмаса бўлмас экан, -деган мухбир стол четида турган дафтарни олиб очди. — Сизнинг тўлиқ ими-шарифингиз ва яшаш жойингиз ҳақидаги маълумотларни ёзиб олишим керак, кейин телефон рақамингизни ҳам айтинг,- деб шайтонга қаради. Лекин шайтон ўтирган жойида йўқ эди.
— Ё тавба, ҳозиргина шу ерда эди, ҳавога сингиб кетдими, нима бало? – деган Жонфиғонов ёқасига “туф-туф” деб қўйди. Ташқарида кимнингдир “тақ-туқ” қилиб қадам ташлагани эшитилди. “Котибамиз бўлса керак, доим пошнаси баланд пойафзал кийиб келади ишга” деб ўйлаган Жонфиғонов боя бошлаган мақоласини ёзишда давом этди.
Таҳририятдан: Қонунларимиз ҳатто жиноятчининг ҳам ҳуқуқи, шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилади. Акс ҳолда жамиятимизга катта зарар келтираётган жиноятларни содир этаётган кимсаларнинг исми ва насабини очиқдан-очиқ ёзиб, халққа таништириб қўйган бўлардик.
Асад МУСТАФОЕВ.