КУН ТАРТИБИДА “ЯШИЛ” ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Жиззах шаҳрида Европа Иттифоқи,  Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Сувчи” Жамоат бирлашмаси ҳамкорлигида “Engage Н2О: Давлат-хусусий мулоқотлари орқали Ўзбекистонда “Яшил кун тартибини ривожлантириш” гранти асосида учинчи босқич семинар-тренинг ташкил этилди.

Сирдарё–Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида бўлиб ўтган икки кунлик семинарда маҳаллий мутахассислар, ННТ ва СИУ вакиллари, бошқарма мутахассислари иштирок этишди. Семинар давомида “Сувчи” жамоат бирлашмаси директорлар кенгаши раиси Т. Мажидов, ижрочи директор Назиржон Икрамов ҳамда лойиҳа миллий тренери М. Бердиев маърузалар билан иштирок этишди. Мутахассислар Марказий Осиё ҳудудидаги трансчегаравайи дарёларнинг сувини тақсимлаш  тўғрисидаги минтақавий ҳужжатлар, гидрогел полимер гранулалари ёрдамида сев тежаш технологияси ҳамда паст босимли томчилатиб суғориш тизими ҳақида маълумотлар тақдим этишди. Эътиборлиси, семинарда иқлим ўзгариши билан боғлиқ сув захираларининг камайиши шароитида қишлоқ хўжалиги ва аҳолининг яшаш шароитини мослаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

– Минтақамизда дарё сувларининг тенг ва адолатли тақсимланиши учун Марказий Осиё давлатларининг халқаро қўмитасини ташкил этиш кун тартибидаги масала бўлиб турибди, – дейди Назиржон Икрамов. – “Сув кодекси”нинг юртимизда  қабул қилиниши сув ресурсларини бошқаришда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Бугунги семинарда минтақа учун умумий вазият ва унинг ҳал этилишида ташкилий, ҳуқуқий ва амалий жиҳатлар кўриб чиқилди.

Иштирокчилар эгатларга плёнка тўшаб суғориш тизими, ҳудудлардаги  сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом, ер остидан суғориш ёрдамида сув тежаш технологияси, суғориладиган ерларни лазерли мосламалар орқали текислаш каби илғор тажрибалар ҳақида маълумот олишди. Семинарнинг иккинчи кунида Туятортар-Қли ИТБга қарашли  Жиззах шаҳрида жойлашган 1-гидроузел фаолияти билан яқиндан танишилди. Туятортар–Қли ирригация тизимлари бошқармаси техник гидротехники Зафар Норқўзиев гидроузелнинг вазифалари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, фавқулодда вазиятларда сел сувларини беталофат ўтказиб юбориш механизмлари борасида батафсил маълумот берди. Амалий машғулотда сув ресурсларини бошқариш, гидротехник иншоотлардан самарали фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.

Муқаддас САПАРОВА.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *