МАРДЛАР ПАХТА ТЕРАДИ

Оппоқ марвариддек очилган пахталарга  маҳлиё бўлиб узоқ вақт термилиб қолдим. Қанийди ёнимда этак бўлса, бир ёшликни эслаб, қўшиқ хиргойи қилиб, ўртоқларим билан топишмоқ айтишиб, пахта терган даврлар кўз ўнгимдан ўтади. Илгари қўлда терилган бир кило  пахта учун арзимаган чақа тўлашарди. Шўролар  даври сиёсатига кўра ҳамманинг пахта териши, зиммасига юклатилган  мажбуриятни бажарсагина уйига қўйиб юбориларди. Энди-чи?

Зарбдор тумани  деҳқонлари жорий йилда 9100 гектар майдоннинг 2602 гектарига хорижий, қолганига маҳаллий пахта навини экиб, мўл ҳосил олишга эришдилар. 324 та фермер хўжаликлари далаларидан 36400 тонналик хирмон яратиш мақсадида туман заршунослари астойдил меҳнат қилишмоқда. Бунинг учун ҳудуд бўйича 96 та пахта йиғим-терими  отрядлари ташкил этилди.

Айни пайтда 36 та пахта йиғим-терим машиналари ёрдамида кунига 220-230 гектардаги ҳосил йиғиштириб олинаётир. Пахта теримида 147 та ташиш транспорти,  335 та тиркамалар хизматидан фойдаланилаяпти.  3040 нафар маҳаллий аҳоли,  Зоминдан 1700 ҳамда Янгиобод туманларидан 540 нафар кўнгилли ҳашарчилар зарбдорлик фермерларга камарбасталик қилишаётир.

—Туманимизда 15 сентябрдан оммавий пахта йиғим-теримига  киришилди,—дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Турдибек Джўраев. “Ғолиб”, “Иқбол”, “Ғалаба”, “Тараққиёт” ҳамда “Шарқ юлдузи” фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси бободеҳқонлари шартномавий режани туманда пешқадамлар сафида адо этишди.

Жорий йилда туманда илк бор Хитой технологияси асосида 910 гектар майдонга қўшқатор усулда плёнка остига 66-10 схемада, 700 гектар плёнка остига,  800 гектар очиқ майдонга эса 76-схемада чигит экилди. Бугун бу навлар зарбдорлик деҳқонларга маъқул келмоқда. Далаларда яқин ўтмишда пахтадан  бундай юқори ҳосил қачон олинганлигини ҳеч қайси деҳқон эслолмайди. Ҳар туп ғўзадаги ҳосил чўғидан кўз яшнайди. “Комилов Жамшид”, “Мусурмон дов” , “Ғолиб жозибаси”, “Ютуқ майдони” каби фермер хўжаликлари аъзолари гектарига 65-70 центнердан хирмон уюшди.

—Давлатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори натижасида пахтадан юқори ҳосилдорликка эришдик,—дейди “Мусурмон дов” фермер хўжалиги раҳбари Муҳиддин Мусурмонов. —Хусусан, тўқсонли схемадан воз кечилиб, 76-схемага ўтилиши, плёнка остига хорижий навларнинг экилиши,  янги технологиялар ва техникаларнинг олиб келиниши ютуқларимиз омили бўлди.

—Илгари ўн кунда бажарилган ишни бугун бир кунда амалга ошираяпмиз,—дейди “Ютуқ майдони” фермер хўжалиги раҳбари Олимжон Тошпўлатов. —Минерал ўғитимиз эллик фоизга тежалаяпти, ортиқчи ишчи кучи ҳам шартмас. Паст рентабилли майдонлар ва хўжаликларда ҳам камида пахтадан 50-55 центнердан ҳосил олинаётгани айни ҳақиқатдир.

Далалардаги ҳосилни машина теримида тезроқ ва сифатли қилиб йиғиштириб олишда Дилмурод Юлдошев, Шодиёр Норбоев, Зокир Аҳмедов, Собир Сулаймонов сингари механизаторларнинг улуши салмоқли бўлмоқда.

Қўл теримида пахтакорларга камарбасталик қилишаётган Зулфия Мелиқўзиева, Замира Мамараҳимова, Абдулҳамид Хуррамов ҳамда Мурод Имомов каби кўп минг килограмчи ҳашарчилар кунига 140-150 килодан пахта териб,  қолган ҳашарчиларга ўрнак бўлишаётир. Уларнинг ҳар қайсиси мавсум бошидан бери 2-2,5 тоннагача оқ олтинни териб олишга улгуришди.       

Эрталаб ишга кетар эканман қўшним Маматқул бобони икки нафар келини билан йўлда учратиб қолдим.

—Йўл бўлсин, Маматқул бобо?

—Далага, пахта тергани бораяпмиз. Тўғрисини айтганда, мен ҳам деҳқон боласиман. Янги навга қизиқдим,  телевизорда пахтани кўриб, ҳам севиндим, ҳам хайратландим. Бундай ҳосили мўл пахта далаларини кўриб, ғурурим уйда ўтиришга йўл қўймади. Мардлар фронтга отлангандек, мен ҳам ёнимга келинларни олиб, шу пахталарни тергим келиб кетди…

Зоир ЭРГАШЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *