Дунёда шундай инсонлар бўладики, уларнинг борлиги давраларга файз, дилларга қувват бағишлайди. Улар қаерда бўлмасин, ўзидан атрофга меҳр, самимият ва ёруғлик таратиб яшайди. Менинг қадрдон дўстим, касбдошим ва тенгдошим Муқумбой Исмоилов ана шундай инсонлардан бири эди.
Тақдирнинг ўзига хос рамзи бордек, Муқумбой 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги кунида дунёга келган эди. Кейинчалик бутун умрини матбуот ва журналистика соҳасига бағишлаган инсон учун бундан гўзал уйғунлик бўлмаса керак.

Биз Муқумбой билан Жиззах вилояти телерадиокомпаниясида (ҳозирги Жиззах вилоят телерадиоканали ДМ) узоқ йиллар елкама-елка меҳнат қилдик. У атиги бир неча ойлик фарқ билан мендан катта бўлса-да, ҳаётий тажрибаси, куйинчаклиги ва ташкилотчилиги билан кўпчиликка намуна эди. Ишга бўлган муносабати эса алоҳида эътирофга лойиқ. У вазифани оддий мажбурият эмас, эл хизмати деб билар, ҳар бир топшириққа юракдан ёндашарди.
Муқумбой Исмоилов Жиззах журналистикасида ўз ўрнига эга ижодкор сифатида танилди. У нафақат телерадио соҳасида, балки “Адолат”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Жиззах ҳақиқати”, “Ишонч” ва “Ишонч-доверие” газеталарида ҳам самарали фаолият юритди. Кейинчалик интернет журналистикаси ривожлана бошлаган даврда ҳам четда қолмади. Янги имкониятларни тез англаб, миллий медиа маконда ўз ўрнига эга бўлган “Shiddat.uz” ахборот сайтига асос солди.
Унинг журналистикага муҳаббати касб доирасидан анча кенг эди. Ўтган йили мен бошқа ишга ўтганимдан кейин Муқумбойни шаҳар раҳбариятига истиқболли номзод сифатида тавсия қилгандим. Ўша суҳбатларда унинг матбуот ривожи ҳақидаги режалари, журналистлар учун муносиб шароит яратиш борасидаги фикрлари шахсан шаҳар ҳокими К.Холмуродовда ҳам катта қизиқиш уйғотганди.
Айниқса, унинг энг катта орзуларидан бири – “Жиззах овози” газетаси таҳририяти ҳудудида “Ижодкорлар боғи” ташкил этиш эди. У ерда замонавий овқатланиш шоҳобчаси ташкил қилиш, тушган маблағ ҳисобидан таҳририятнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, журналистларни қўллаб-қувватлашни режалаштирганди. Бундан ҳам муҳими, у Жиззах журналистикаси тарихи акс этган махсус музей ташкил қилишни орзу қиларди.
Вафотидан атиги бир кун олдин мени чақириб, қурилиш ишлари бошланганини билан таништирди. Кўзлари ёниб турар, келажак режаларини ҳаяжон билан сўзлаб берарди. Ўша пайт унинг олдида ҳали қанча эзгу ишлар турганини ҳис қилгандим. Афсуски, тақдир бошқача ҳукм қилди…
У катта байрам ва катта тўй арафасида эди. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрамини нишонлашга тайёргарлик кўраётган, эртаси кунига эса қизининг фотиҳа тўйини белгилаганди. Қувонч билан: “Байрам байрамга, тўй тўйга улансин-да, жўра. Ҳамкасблар ҳам бир яйрасин”, деб қолди. Яна йил охиригача ўғлига келин тушириш нияти ҳам борлигини айтиб, келажак режаларидан мамнун ҳолда гапирарди.

Лекин эртаси куни саҳарда келган мудҳиш хабар барчамизни ларзага солди. Унинг юраги уришан бемаврид тўхтаган эди.
Муқумбойнинг инсон сифатидаги фазилатлари ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. У оиласи учун жонини фидо қилишга тайёр ота ва вафодор турмуш ўртоғи эди. Бир ўғил ва уч қизни меҳр билан тарбиялаб, уларнинг бахти учун тинмай меҳнат қилди.
У нафақат ўз фарзандлари, балки барча яқинлари тақдирига ҳам бефарқ қарамасди. Бир укаси Россияда ишлаб юрган пайтида бахтсиз ҳодисага учраб, қаттиқ жароҳат олганида Муқумбой ҳеч иккиланмай унинг ёнига етиб борди. Аввал Россияда, кейин эса юртимизда даволаниши учун барча имкониятларни ишга солди. Натижада укасини яна ҳаётга қайтаришга муваффақ бўлди.
Унинг саховати ҳақида ҳам кўпчилик яхши билади. Аввало ота-онасини Ҳаж ибодатига жўнатди. Кейинчалик эса моддий аҳволи оғирлашиб қолган узоқроқ қариндош аёлни ўз ҳисобидан Умра зиёратига юборганини эшитиб, унинг олижаноблигига яна бир бор қойил қолгандим.
Муқумбой дўстликка ҳам ниҳоятда содиқ инсон эди. 2024 йил август ойида юрагимдаги муаммо сабаб жарроҳлик амалиётини бошимдан ўтказганимда, энг оғир кунларда оиламнинг ёнида айнан у турди. Мендан кўра кўпроқ хавотир олган, турмуш ўртоғим ва фарзандларимга далда бўлган инсон ҳам Муқумбой эди. Бугун ҳам оила аъзоларим уни миннатдорлик билан эслашади.
Унинг меҳнатсеварлиги ҳатто ўз никоҳ тўйида ҳам намоён бўлганди. Тўй арафасида устозларимиз Худойберди Каримов, Ҳакимжон Тилабовлар билан хизматга борганимизда куёвни тополмай ҳайрон бўлганмиз. Маълум бўлишича, у тўйга тайёргарлик ишлари билан овора экан. Ҳатто келин келган пайтда ҳам қаердадир хизмат билан юриб, тўй бошланиши олдидан санъаткорларни бошлаб кириб келганди. Бу воқеа унинг табиати қандай эканини яққол кўрсатиб туради.
Давраларда эса у алоҳида муҳит ярата оларди. Ҳазилкашлиги, ҳозиржавоблиги ва айниқса, бахшиларга хос бадиҳагўйлиги билан ҳамманинг кўнглини кўтариб юрарди. Ўтирган жойида вазиятга қараб қўшиқ тўқиб кетиши уни яқиндан билган инсонлар учун таниш ҳолат.
Муқумбой Исмоиловнинг умри йиллар ҳисобида узун бўлмаган бўлиши мумкин. Аммо у яшаган ҳар бир кунини мазмун билан тўлдирди. У касбига садоқат билан хизмат қилди, оиласига меҳр берди, дўстларига суянч бўлди, қариндошларига елка тутди, одамлар дарди билан яшади.
Унинг “Ижодкорлар боғи”, журналистика музейи, фарзандлари бахти учун режалаштирилган тўйлар ҳақидаги орзулари афсуски амалга ошмай қолди. Аммо эзгу орзулар ҳеч қачон йўқолмайди. Улар инсоннинг ўзи билан кетмайди, балки уни таниб-билганлар хотирасида яшайверади.
Биз Муқумбойни нафақат яхши журналист, балки самимий дўст, бағрикенг инсон ва катта юрак соҳиби сифатида эслаймиз.
Охиратинг обод бўлсин, қадрдон дўстим. Сен бошлаган эзгу ишлар ва ёрқин хотиралар қалбимизда яна узоқ йиллар яшайди.
Саид ДОНИШЕВ,
журналист.