Ғалла — 2026
Вилоятимиз ғаллакорлари давлатга 263 минг тоннадан зиёд сара дон етказиб бериб, шартномавий режани ортиғи билан бажардилар.
Ўтган куни воҳамиз бўйлаб ажойиб хушхабар тарқалди. Республикамиз Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида ғаллакорларимиз катта меҳнат ғалабасига эришдилар. Улар давлат ресурси, биржа савдоси ва уруғлик дон жамғариш борасида шартномавий режаларни ошириб бажариб, эл олдида юзлари ёруғ бўлди.

Эришилган бу зафар марраси, албатта Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг, хусусан, ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, дон етиштириш маданиятига эришиш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган улкан ишларнинг вилоятимиз миқёсидаги ёрқин натижасидир.
Бугун ноз-неъмат бунёдкорларининг саратон жазирамасида товланиб, кўзни қамаштириб турган, тоғдек юксалган ғалла хирмонларига, ҳаёт қайнаётган пахта далаларига назар ташларканмиз, баракали ҳосилнинг ҳар ҳовучида уларнинг беҳисоб заҳмати, орзу-армонлари жамланганлигини яна бир карра юракдан ҳис этамиз. Халқимизнинг меҳнатсевар, меҳмондўст фазилатларидан қувонамиз. Ахир, қувонмай бўладими? Чўлнинг ўзига хос ташвишлари-ю, инжиқликларига бардош беришнинг ўзи бўлмайди-да. Ер юзида иқлим ўзгариб, муаммолар кўпайиб бораётган, сўнгги йиллардаги сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалик экинларидан режадаги ҳосилни етиштириш деҳқон ва мутахассислардан катта билим, маҳоратдан ташқари касбга фидойиликни ҳам талаб этади.
Инсон борки, нимагадир интилиб яшайди. Умидли дунё бу. Ғаллакорларимизнинг кузда яхши ният билан ерга сочган уруғи эл-юртга қут-барака бўлиб қайтди. Хирмонлар донга тўлиб, тошди. Яқин йилларда бундай ҳосил етиштирилмаганди.
Деҳқонларимиз ўтган йили кузда яхши ниятлар билан 180,4 минг гектар (шундан 80,4 минг гектар суғориладиган, 100 минг гектар лалми) майдонга ғалла уруғи экишганди. Ушбу майдонлардан 950 минг тоннадан зиёд (3 трлн сўмлик) бошоқли дон ишлаб чиқариш белгиланган. Биринчи марта 15 иш кунида ғалла шартномавий режаси республикамизда 2-ўринда бажарилди. Ҳозиргача ўрилган 69,4 минг гектар (86,4 фоиз) сувли майдонлардан олинган ўртача ҳосилдорлик аксарият фермерларда гектарига 90-100 центнер (ўтган йили 85 центнер), лалмида 25-30 центнерни (ўтган йили 10-15 центнер) ташкил қилди. Деҳқончилик учун йил ҳеч қачон қулай келмаган. Бободеҳқонларимиз бекорга “Йилдан йилнинг фарқи бор” деб айтишмайди. Жорий йил баҳорнинг серёмғир келиши, намгарчиликнинг белгиланган меъёрлардан ортиб кетиши ғаллачиликда бирмунча муаммоларни туғдирди. Экинларга турли касалликлар катта хавф солди. Ғаллакорларимиз қийинчиликларни ўзларининг тажрибаси ва омилкорлиги билан бартараф этдилар. Барча агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши мўл ҳосилга замин яратди. Яхшиси, бу ҳақда уста ғаллакорлар-у, раҳбар мутахассисларнинг фикрларига бир қулоқ тутинг-а!

—Ғаллачиликда илм, янгилик ва ҳаётий тажриба бир бўлиб, кўзланган мақсадга эришилди. Фермерларнинг давлатга ишончи пайдо бўлди. У ишидан манфаат кўраётир. Деҳқончилик маданияти ошиб бормоқда, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, Жиззах вилоят фермерлар Кенгаши раиси Анорбой Эшматов.
—Ҳар пайкалнинг ўз эгаси бор. Ер соҳиби даласига қанча кўп минерал ва маҳаллий ўғитлар чиқарса, шунга яраша мукофот олади. Бу йил 67 гектар ғалла майдонида деҳқончилик қилиб, 800 тоннадан зиёд ҳосил етиштирдик. Давлатга 225 тонна дон сотдик. Қолгани ўз ихтиёримизда қолдирилди. Ҳосилдорлик гектарига ўртача 122 центнерни ташқил қилди, — дейди Пахтакор туманидаги “Сайидқосим ота” фермер хўжалигининг раҳбари Рустам Рўзиқулов.
—Вилоятимизда ғалла ҳосилдорлиги йил сайин ортиб бормоқда. Эндиликда кўплаб қишлоқ мулкдорларига гектаридан 100 центнердан ҳосил етиштириш чўт бўлмай қолди. Илгари бундай ҳосил олишни хаёлимизга ҳам келтирмаганмиз, — дейди Зафаробод туманидан уста деҳқон Ҳамробой Исматов.
Ҳа, ким билан суҳбат қилманг, жорий йил қўлга киритилган ғалабадан кўнгли тоғдек кўтарилганига гувоҳ бўласиз. Умуман олганда, ғаллачиликда эришилган ютуқлар сири нимада? Халқимизни қизиқтирган савол бу. Пахтачилик ва ғаллачиликда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, илмий асосда маҳсулот етиштириш, фермерлар ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш чоралари кўрилаяпти. Хусусан:
- Президентимизнинг ташаббуси билан жорий йил давлат ресурси учун топширилган ҳар килограмм ғаллага 3 минг 200 сўмдан нарх белгиланди;
- Ғалла сув йўли бўйлаб, бир маҳсулот — бир контур тамойили асосида жойлаштирилди;
- Ғалланинг юқори ҳосилдор навларини (“Веха”, “Васса” каби) катта майдонларга экиш таъминланди. Гектарига 200-250 килограммдан фосфорли ўғитлар солинди. Ҳар гектар ер 500-600 килограммдан азотли минерал ўғитлар, 5-6 мартадан суспензия билан озиқлантирилди;
- Сув бормайдиган, қолоқ ҳудудлар алоҳида назоратга олиниб, 35 минг гектар охирги қулоқ далаларга ҳам оби-ҳаёт етказиб берилди;
- 50 га яқин янги ғалла ўриш комбайнлари харид қилинди.
- Ғаллага Ш.Рашидов ва Пахтакор туманларида дронлар ёрдамида ҳамда Арнасой туманида ўзи юрар бошқарувсиз агрегатлар билан ишлов бериш муваффақиятли тажрибадан ўтказилди. Келгусида бу тажриба катта майдонларда қўлланилади.
- Ўрим жараёнида ЖПС технологиялари ва кузатув камералари қўлланилди, яъни Жиззах тажрибаси ташкил қилинди. Бу тажрибани қўллаш ҳисобига ҳосил қисқа муддатда, 15 кунда ўриб олинди. Камида гектарига 10 центнердан ёки 269 млрд сўмлик 84 минг тонна ҳосил йўқотилишининг олди олинишига эришилди.
Сўнгги йилларда фермерларга берилаётган имтиёзлар, фан-техника ютуқлари ҳамда илғор технологияларни жорий этиш каби омиллар ҳам муваффақиятлар гарови бўлди.
Вилоятимизда ғалла ўрим-йиғими қизғин давом этмоқда. Дон масканларига топширилгандан ташқари 690 минг тонна (2,2 трлн сўмлик) фермер хўжаликларининг ўзида қолди. Шундан 56 минг тоннаси фермер хўжалиги ишчилари, кам таъминланган оилаларга тарқатилди. Ҳа, инсон ишлаб, пешона тери тўкиб, бойийверса, кўнгли тоза ниятларга тўлаверади. Ислоҳотнинг моҳияти ҳам шу — ишлаган бой бўлаяпти, шунинг учун у астойдил меҳнат қилаяпти.
Давлат шартномавий режасини бажариш ва етиштирилган ҳосилни ўз вақтида нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда биринчи бўлиб зафар маррасига етиб келган Пахтакор тумани ғаллакорларининг ҳиссалари катта бўлди. Улар вилоятимиз хирмонига 43 минг 30 тоннадан зиёд сара дон етказиб беришди. Дўстлик тумани 51 минг 445 тонна, Мирзачўл тумани 40 минг 722 тонна, Зарбдор тумани 36 минг 187 тонна, Зафаробод тумани ғаллакорлари 32 минг 241 тонна дон топшириб, давлат буюртмасининг бажарилишига муносиб улуш қўшдилар.
Вилоятимизда ерни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, унга меҳр берган асл фермерлар кўплаб топилади. Улар эндиликда халқимиз дастурхонини тўкин қилишга бел боғлашган. Бундай илғор фермерлар бу йилги мавсумда ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишди. Жорий йилда 126 нафар фермер 100 центнердан ошириб ғалла етиштирган бўлса, қолган фермерларнинг асосий қисми гектаридан 80-90 центнердан ҳосил олишди.
Мисол учун, Мирзачўл туманидаги “Қуёшли водий” фермер хўжалиги гектаридан 120 центнер, Зарбдор туманидагии “Ютуқ майдони” 109 центнер, Пахтакор туманидааги “Муҳаммадкарим шодаси” 106 центнер, Дўстлик туманидаги “Жавоҳир жамоли” 105 центнер, Зафаробод туманидаги “Мададкор қуш” 105 центнер, Арнасой туманидаги “Суюнов Сардор” 102 центнер, Шароф Рашидов туманидаги “Шермат” фермер хўжаликлари 101 центнердан хирмон кўтаришди.
Ғалладан бўшаган майдонларга шахсан вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бу йил шудгор қилмасдан 30 минг гектар ерга мош ва 30 минг гектар маккажўхори экиш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун вилоят ҳокимининг кўрсатмаси асосида Хитой давлатига мутахассислар жўнатилиб, алоҳида буюртма асосида ясалган 30 дона сеялка олиб келинди. Буни ҳам қишлоқ хўжалигида янги тажриба — “Жиззах тажрибаси” десак, адашмаган бўламиз. Бу усул орқали фермерлар шудгор қилиш, ер тайёрлаш каби ортиқча харажатлардан қутилади.
Ғалладан бўшаган майдонлардан 8 минг нафар ишчига 22 минг гектар, 10,7 минг нафар ижтимоий дафтарларда турувчи фуқароларга 10,1 минг гектар, шундан 1,6 минг нафар ёшларга 1,4 минг гектар такрорий экин экиш учун ер майдонлари ажратиб берилди.
Умуман олганда ҳали воҳамиз қишлоқ хўжалигида мўлжаллаб қўйилган режалар бисёр. Жумладан: яқин 1-2 йилда пахтачилик-ғаллачиликда тўлиқ тупроқ остига шланг тўшаб, томчилатиб суғориш технологиясига ўтилади. Бу усулда гектарига ғалладан 150-200 центнер. пахтадан 80-90 центнер. Мошдан 30 центнердан ҳосил олинади. 30-40 фоиз сув иқтисод қилинади.
Буни ҳам бемалол “Жиззах тажрибаси” десак бўлади.
Келгусида яна 200 дона ғалла экиш, 100 дона шудгор қилмасдан мош, макка, нўхат экадиган сеялкалар харид қилинади. Натижада келгуси йилда ғаллани 10-12 иш кунида ўриб олиш, мошни тўлиқ шудгор қилмасдан экиш амалиётига ўтилади. Қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш ҳамда ўзимизнинг шароитдан келиб чиқиб мослаштириш бўйича диллерлик маркази ташкил қилинади.
Бу йил кузда ғўзани ўриб, даланинг ўзида майдалаб сочиб, ғаллани кейин экиш амалиёти жорий қилинади. Бунинг ҳисобига экилган уруғнинг тўлиқ униб чиқишига, ер унумдорлигининг ошишига эришилади.
Фермер хўжаликларининг дала четларида кичик конструкцияли чорвачилик комплекслари барпо этилади. Бу ерда 20-30 бошдан чорва боқиш ташкил қилинади. Бунинг учун такрорий экин сифатида 30 минг гектарга маккажўхори экилди.
Энг асосийси, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижасини кўриб, деҳқонларимиз ҳокимларга, раҳбарларга ишонишни, улар орқасидан эргашишни бошлашди.
Буғдой — тўкин-сочинлик, қут-барака, фаровонлик манбаи. Шу боисдан кексалар ёшларни “Уйинг буғдойга тўлсин”, дея дуо қилади. Бинобарин, жорий йилда юртдошларимизнинг омборлари донга тўлди. Демак, турмушимиз бундан-да фаровон бўлиб, ҳаётимиз янада гўзаллашиб бораверади. Тандирларда қуёшдек азиз бўлган нонлар ёпилиб, дастурхонимиз тўкин-сочинлиги таъминланаверади.
Абдушукур ЛАПАСОВ.