БАРҚАРОР ЭНЕРГИЯ ТАЪМИНОТИ КАФОЛАТЛАНМОҚДА

Янгиобод туманида аҳоли ва истеъмолчиларни куз-қиш мавсумида энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, электр ва газ тармоқларининг ишончлилигини ошириш ҳамда эҳтимолий авария ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мавсумга тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштириш мақсадида махсус штаб ташкил этилиб, тумандаги 8 та маҳалланинг барчасида электр ва газ таъминоти ҳолати босқичма-босқич назоратга олинган. Аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган хатловлар натижасида 39 та муаммо аниқланиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди.

— Куз-қиш мавсумини барқарор ва беталафот ўтказиш, аввало, мавжуд электр ва газ тармоқларининг техник ҳолатини пухта тайёрлашни тақозо этади, — дейди туман ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари, махсус штаб бошлиғи Мухитдин Тўраев. —Жумладан, электр тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида Янгиобод ШФЙ, Совот, Дўстлик, Баландчақир Хўжамушкент, Ҳавотоғ ва Шодлик маҳаллалари бўйлаб 255,7 километрдан ортиқ тармоқда жорий ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 1 та янги трансформатор пункти ва 152 та таянч устуни ўрнатилди. Тармоқларнинг техник ҳолатини яхшилаш мақсадида электр узатиш линияларига тегиб турган дарахт шохлари кесилиб, 120 километр тармоқ тозаланди. Юкламаси юқори бўлган 55 километр тармоқда фазалараро юкламалар қайта тақсимланди. Бунда асосий эътибор фақат мавжуд муаммоларни бартараф этишга эмас, балки мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олишга қаратилмоқда.

Шунингдек, туманда табиий газ таъминоти тизимида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1 та газ тақсимлаш пункти модернизация қилиниб, 58 тасининг қуввати оптималлаштирилди. 4,1 километр газ тармоғи реконструкция қилиниб, 13,9 километр тармоқ тартибга келтирилди, 88,4 километр ер ости газ тармоғи хатловдан ўтказилди.

Кўп қаватли уй-жойларнинг электр, газ ва иситиш тизимлари техник диагностикадан ўтказилиб, аниқланган носозликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Энергия таъминотида қийинчиликка дуч келаётган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этиш жоиз. Хусусан, 7 та хонадонда 102 миллион сўм маблағ ҳисобидан «яшил таъмирлаш» ишлари амалга оширилиб, энергия тежамкорлиги ва уйларнинг иссиқлик самарадорлигини кучайтиришга эришилди.

Истеъмол маданиятини ошириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, шунингдек, тўлов интизомини мустаҳкамлаш борасида кўрилган амалий чоралар ортидан табиий газ бўйича 46,3  миллион сўмлик қарздорлик ундирилди. Шу билан бирга, 87 миллион сўмлик нореал электр қарздорлиги қисқартирилган.

Энергия истеъмоли юқори бўлган корхоналарда энергетик аудитлар ўтказилиб, ижтимоий соҳа объектларини энергия тежамкор ускуналар билан таъминлаш ишлари давом эттирилмоқда. Юкламаси юқори ва мураккаб участкалардаги ишларни жадаллаштириш мақсадида қўшимча бригадалар жалб этиляпти.

Туман ҳокими Иброҳим Қаршибоев яқинда штаб фаолияти билан танишиб, масъулларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган ишларни сифатли ва ўз вақтида якунлаш, куз-қиш мавсуми давомида электр ва газ таъминотида узилишларнинг олдини олиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берди.

Қайд этиш керак, мавсумга тайёргарликнинг самарадорлиги нафақат тармоқларнинг техник ҳолати, балки муаммоларни олдиндан аниқлаш, уларни ўз вақтида бартараф этиш ва истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш билан ҳам белгиланади.

Юсуфбек САЙДАЛИЕВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *