Мирзачўл туманидаги қўшни Қозоғистон Республикаси билан чегарадош “Тошкент” МФЙ ҳудудида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига янги хонадонларнинг калитлари топширилди.
Кейинги йилларда миллий армияни ислоҳ қилиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар замирида “Инсон қадри учун” тамойили ҳам етакчи ўринда турибди. Ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мана шу эзгу ишларнинг амалий тасдиғини чегарачиларга топширилган янги хизмат уйлари мисолида кўриш мумкин.
Вилоят, туман ҳокимлиги масъуллари, ДХХ Жиззах вилояти бошқармаси раҳбарияти, ҳарбий қисм қўмондонлиги ҳамда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари иштирокида ўтказилган тантанали тадбирда муҳтарам Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони бошчилигида миллий армиянинг жанговар шайлигини ошириш, ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди.
Маросимда янги уйларни барпо этган қурувчиларга миннатдорчилик билдирилди. Шундан сўнг хонадон соҳиблари замонавий кўринишдаги янги турар жойларнинг калитларини тантанали тарзда қабул қилиб олишди.
2 ва 3 хонадан иборат 22 та хонадон зарур коммуникация тармоқларига уланган бўлиб, яшаш учун барча қулайликлар яратилган. Шинам ва замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланган хонадонларга кўчиб кирган чегарачилар ва улар оила аъзоларининг қувончи чексиз.
Бундан ташқари, ҳарбий шаҳарчада болажонлар учун майдончалар, ўриндиқлар барпо этилган, ҳовли атрофига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган. Шунингдек, бандлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Замонавий шароитларга эга тикув цехида 6 нафар ҳарбий хизматчининг турмуш ўртоғи ишлай бошлади.
Умирзоқ ҲАМДАМОВ,
Ботир ҚУДРАТОВ (фото).