Сўнгги йилларда мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, муқаддас ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини ўзида мужассам этадиган қадрият ва анъаналарни безавол сақлаш ҳамда келгуси авлодларга етказиш, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда. Бу каби эзгу амаллар муборак Рамазон ойида айниқса ёрқин намоён бўлмоқда.
Айни кунларда жонажон Ватанимизда ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон меҳмон бўлиб турибди. Бу муқаддас ойда мўмин-мусулмонлар бир-бириларига яхшиликларни улашади. Аллоҳ розилиги йўлида рўза тутишликни ният қилишади.
Рамазон ойи Қуръони карим барокати, гўзал хулқнинг фазилатлари билан зийнатланган муқаддас ойдир. Бу улуғ ойда қилинажак дуолар ижобат бўлади, ибодат ва хайрли амалларнинг ажри юксалади. Нафс турли иллатлардан тозаланиб, қалб покланади. Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган.
Рўза сўзи араб тилидаги “савм” сўзидан олинган бўлиб, ўзбек тилига таржима қилинганда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”ликни ифодалайди.
Рамазон – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Кимки бу ойда ходимларнинг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради ҳамда дўзахдан озод қилади”, дедилар”. Ифтор пайтидаги дуолар ижобатдир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Уч тоифа инсоннинг – рўзадорнинг ёки ифтор қилаётган рўзадорнинг, одил подшоҳнинг ва мазлумнинг дуоси мустажоб бўлади” (Термизий, Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Ифторлик қилиш деганда, албатта дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга таом ёки керакли маблағни бериш энг яхши ифторликдир. Чунки шуниси риёдан холи бўлади.
Айтиш жоизки, юртимизда меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳукуматимиз олиб борилаётган хайрли саъй-ҳаракатларда устуворлик касб этади. Айниқса, халқимиз қонига сингиб кетган саховат, меҳру мурувват, бағрикенглик каби эзгу қадриятлар муқаддас Рамазон ойида яққол ифодасини топмоқда.
Дарҳақиқат, инсонларнинг дарду ташвиши билан яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир. Ушбу ҳаётий ҳақиқат Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган эзгу ташаббуслар ижросида “Инсон қадри учун” тамойилининг амалдаги ифодаси сифатида ҳар қадамда намоён бўлмоқда. Шу жиҳатдан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 27 февралдаги “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарори муҳим аҳамият касб этади.
Ушбу қарорда “Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширишга эътибор қаратилиб, ушбу фазилатли ойда “Рамазон – саховат, бирдамлик ва бағрикенглик ойи” ғояси асосида:
эҳтиёжмандлар ҳамда илм-маърифат йўлида изланаётган ёшларга ёрдам бериш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашга;
оилавий ришталарни мустаҳкамлаш, маҳаллаларда ўзаро тушуниш ва ишонч муҳитини кучайтириш ҳамда ҳурмат ва меҳр-оқибат қадриятларини тараннум этишга;
атроф-муҳитни асраш, муқаддас қадамжо, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш, кўчатлар экишга ҳамда Рамазон ойи билан боғлиқ тадбирларда меъёрга амал қилиш ва исрофгарчиликка йўл қўймасликка алоҳида эътибор қаратилган”[1].
Барча ташкилотларда бўлгани каби бизнинг кўп минг сонли профессор-ўқитувчилар ва талабаларга эга Жиззах политехника институтимизда ҳам муборак Рамазон ойининг фазилатларидан келиб чиқиб, институтимиз кафедраларига бириктирилган шаҳардаги мавжуд маҳаллалардаги ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида улкан ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Ижтимоий фанлар” кафедрасига бириктирилган “Ўратепалик” ва “Учариқ” маҳаллаларига ташриф буюрган кафедрамиз аъзолари маҳалла еттилиги билан бирга боқувчисини йўқотган, кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд оилаларнинг холидан хабар олиб, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват кўрсатдилар ва совға -саломлар улашдилар.
Рамазон ойи гўзал ахлоқ тарбиячиси ва ўзаро меҳр-муҳаббат риштасини мустаҳкамловчидир. Рўза тутган кишининг руҳи эрийди, нафси мусаффолашади ва табиати юмшайди. Шояд, биз ушбу ойда боқувчисини йўқотган, кўмакка муҳтож, ногиронлиги бўлган ва эҳтиёжманд оилаларни совға ва яхшиликларимиз билан хурсанд қилсак. Зеро, Аллоҳ таоло яхшилик қилган бандасининг ажрини ҳеч қачон зое қилмайди.
Ботир УЗОҚОВ,
ЖизПИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси доценти.