ҚАРДОШ ҚАЛБЛАР ҚУВОНЧИ

1995 йил 16 ноябрда Парижда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”дан сўнг ушбу сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади. Шу нуқтаи назардан юртимизнинг барча ҳудудларида “Бағрикенглик ҳафталиги” ўтказилмоқда.  

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурининг 74-мақсади “Жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш” йўналиши бўйича вилоят ҳокимлигининг чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра аҳоли орасида инсонпарварлик, олийжаноблик, дўстлик туйғуларини тарғиб этиш, ёшларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида шаҳар ва туманларда ноябрь ойи бошидан маънавий-маданий тадбирлар амалга оширилмоқда. Кутубхоналар, мактабгача ва мактаб таълими, олий таълим муассасаларида, санат ва маданият марказларида “Ўзбекистон бағрикенг диёр” шиори остида турли миллатларнинг куй-қўшиқлари, рақс ва шеърлари баралла айтилаётгани барчага маълум. Шунингдек, ҳафталик давомида “Бағрикенглик менинг наздимда”, “Китобхонлик бизни бирлаштиради”, “Дўстлик жамиятлари кеча ва бугун”, “Бир заминда яшовчи ягона халқмиз” каби мавзуларда энг яхши иншолар, мақолалар, рассомчилик танловлари, назм ва наср бадиий кечалари, фотокўргазмалар ташкил этилмоқда.

— “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ўрда экологик боғига “Дўстлик боғи” учун мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди — деди қозоқ миллий маданий маркази раҳбари Утеп Сеидаманов. — Таъкидлаш жоизки вилоятимизда қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар ва корейс каби 6 та миллий маданий марказлар шаҳримиздаги “Дўстлик уйи”да фаолият юритишмоқда. Жиззах шундай гўзал ва оқибатли заминки, унда 30 дан ортиқ миллат ва элатлар қўни-қўшни, қону-қариндош бўлиб истиқомат қилишади. Жумладан, Мирзачўл туманида корейс, қозоқлар, Зомин, Бахмал, Арнасой, Дўстликда қирғизлар, Фориш, Пахтакор, Янгиобод манзилларида тожиклар, Ғаллаорол, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрида турк, рус ва татар каби миллат вакилларини кўпроқ учратиш мумкин.

— Ҳар бир халқнинг ўз тарихи, эътиқоди, асрлар давомида сайқалланиб, авайланиб келинган қадриятлари, урф-одатлари мавжуд, — деди вилоят бош имом-хатиби Меҳмонхон Жабборов. — Ҳар қандай шароитда инсоннинг азизлигини сақлаш, ҳурматга муносиб кўриш тамойили асосида ҳозирда воҳамизда 8 та ноисломий диний ташкилот ҳамда 171 та исломий масжидлар фаолият юритмоқда. Қолаверса, эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг тенглиги Конституциямизнинг бир нечта моддаларида мустаҳкамлаб қўйилган. Минг йиллар мобайнида Марказий Осиё ғоят хилма-хил динлар, маданиятлар ва турмуш тарзлари туташган одамлар ўзаро тинч-тотув яшаган ҳудуд бўлиб келган. Этник сабр-тоқат, бағрикенглик ҳаёт бўронларидан омон қолиш ҳамда ривожланиш учун зарур табиий

меъёрларга айланди. Муқаддас китобимиз Қуръони Каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларида мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган.

Дарҳақиқат, бугунги кунда жаҳоннинг турли нуқталаридаги баъзи мамлакатларда диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сийсий  омиллар негизида қуролли тўқнашувлар юзага келганлиги ҳеч кимга сир эмас. Оқибатда минглаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, оғир жароҳатлар олаётгани, бошпана ва ватанларини ташлаб кетаётганлиги каби аянчли ҳолатлардан хабардор бўляпмиз. Осойишта диёримизда орзу-мақсадларига эришиб, бахтли яшаётган қардош юртдошларимизнинг ҳамдўстлик муносабатлари тинчлигимизни янада боқийлаштиргувчи неъматдир.

— Миллатим корейс ва Ўзбекистоннинг энг бахтли аёлиман, — деди устоз Пак Ларина Михайловна. — Ёшим етмишдан ошган. Бундан 32 йил муқаддам менинг туғилган куним санаси — 1-сентябрда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллиги эълон қилинган эди. Шу-шу оиламизда бу кун ҳам ижтимоий-сиёсий байрам, ҳам туғилган кун сифатида тантанали нишонланиб келмоқда. 52 йилдан буён Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бераман .Меҳнатларим эътироф этилиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси фахрий унвони, “Меҳнат фахрийси” 1-даражали кўкрак нишони, “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак нишони билан тақдирланганман. Журналист билан суҳбатдан фойдаланиб, “Жиззах ҳақиқати” газетаси орқали келиб чиқиши, тили ва динидан қатъий назар бир осмон остида муштарак мақсадлар сари йўлдош бўлиб яшаётган замондошларни Ҳалқаро бағрикенглик куни билан чин қалбимдан қутлайман.

Юксакназар инсондек умр кечириш, малоҳатли сўзлар айта олиш ва эзгу амалларга қодирлик фазилатлари уйғунлашган Ватанни муносиб муҳаббат, оташин юрак билан биргаликда асраб-авайлайлик.

 

Гулчеҳра ХИДИРОВА

(“Жиззах ҳақиқати”)

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *