Президентимиз томонидан ерга оид муносабатларни тартибга солиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш борасида улкан жонбозлик кўрсатиб келинмоқда.
Бошқа соҳалар қатори кадастр соҳасида ҳам аҳоли ўртасида ечимини кутаётган муаммолар мавжуд. Хусусан, айрим ҳолатларда қишлоқ хўжалиги ерларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилишларни амалга ошириш ҳолатлари кескин ошиб бормоқда.
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси, унинг туман, (шаҳар) бўлимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ердан мақсадли фойдаланилиш устидан давлат назоратини амалга ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, аксарият ҳолларда, фуқаролар томонидан ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.
Ўтказилган ер назорати тадбирлари натижасида Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан жорий йил 8 ой давомида жами 400,0 гектар майдонда 3 832 та ноқонуний ҳолат аниқланди.
Ноқонуний эгаллаб олинган ер участкалари ер фонди тоифалари бўйича таҳлил қилинганда 422 та ҳолатда 229,8 гектар қишлоқ хўжалиги, 2 634 та ҳолатда 60,8 гектар аҳоли пункти, саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа ерлар, 490 та ҳолатда 84,0 гектар сув фонди ва 133 та ҳолатда 10,2 гектар ер майдони захира ер фонди тоифасига тўғри келиши аниқланди.
Аниқланган 3 832 та ҳолатларнинг барчаси бўйича юридик ва жисмоний шахсларга ноқонуний эгаллаб олинган ерларни қайтариш ва қурилмаларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берилиб, 255,3 гектар майдонда 2 895 та ҳолат ихтиёрий бартараф этилиши таъминланди.
Берилган ёзма кўрсатмалар натижасида ихтиёрий бартараф этилмаган ҳолатларни инобатга олиб туман (шаҳар) бўлимлари томонидан қўшма тартиб асосида 33 та ҳолат прокуратура органларига, 480 та ҳолат эса Фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалар киритилди, бундан ташқари 528 та ҳолатда ерлардан мақсадсиз фойдаланиш бўйича туман ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.
Бундан ташқари, ер қонунбузилиш содир этган ҳуқуқбузарларнинг 2 131 нафарига 38 млрд. 211 млн. 284 минг сўмлик жарима жазоси тайинланиб, Агентлик томонидан 2 млрд. 740 млн. 77 минг сўмлик жарималар ундирилиши таъминланди. 280 та ҳолатда 10 млрд. 200 млн. сўмлик қўлланилган жарималар мажбурий тартибда ундирилиши учун МИБ органларига юборилди.
Н. Сидиков,
Кадастр агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи.