ВИЛОЯТИМИЗДА КОНСТИТУЦИЯ ҲАФТАЛИГИ ЎТКАЗИЛАДИ

Жорий йил 16 ноябрда давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Ушбу ҳужжат Асосий қонунимиз қабул қилинган тарихий санани муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлашга қаратилган бўлиб, Конституцияда белгиланган демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғоялари атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирларни самарали ташкил этиш каби мақсадларни кўзлайди.

“2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилди”, — дейилади фармойиш матнида. “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам   барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди”.

Ҳужжатга асосан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ҳамда тегишли ташкилий қўмитанинг таркиби тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишлаб вилоятимизда 1-7 декабрь кунлари “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” бош ғояни ўзида мужассам этган ҳуқуқий тарғибот, маънавий-маърифий ва маданий ҳамда байрам тадбирларидан иборат “Конституция ҳафталиги” ўтказилади.

Ҳафталик доирасида “Обод хонадон—обод кўча—обод маҳалла” мезонлари жорий этилаётган маҳаллаларда янги маҳалла бинолари, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа корхоналарнинг тантанали очилиш маросимлари ўтказилади. Шунингдек, “Обод хонадон”, “Обод кўча” кўрик-танловлари, мушоиралар, китобхонлик акциялари ва турли спорт мусобақалари бўлиб ўтади. Мактабларда ва ўрта махсус ўқув юртларида, олий таълим даргоҳларида Конституция дарслари, маҳаллаларда, ўқув юртларида ва бошқа давлат ташкилотларида “Менинг Конституция 31 ёшда” шиори остида “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида оммавий диктант ташкил этилади. Маҳалла ёшлари ва мактаблар ўқувчилари ўртасида “Халқ Конституцияси”, “Конституция—бахтимиз қомуси”, “Конституция—келажагимиз машъали” мавзуларида расмлар ва иншолар танлови ўтказилади.

Конституция ҳафталиги доирасида вилоятимиз марказида концерт тадбирлари ва оммавий  Конституция сайиллари ўтказилади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар иштирокидаги “Конституцияни ўрганамиз”, “Конституция – адолат тантанаси” мавзуларида учрашувлар, очиқ мулоқотлар, ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Хуллас,  умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилинганидан сўнг илк бор ўтказиладиган Конституция кунини юқори савияда нишонлашга ҳозирлик кўрилмоқда.

В.ҒАЙБУЛЛАЕВ.

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *