ЯХШИ ШАРОИТДА ЯШАШГА ҲАММА ҲАҚЛИ

    Кўп хонадонли уйларда яшовчи аҳоли учун муносиб турмуш тарзини яратиш, уларга хизмат кўрсатувчи бошқарув сервис компаниялари фаолиятини такомиллаштириш, турар-жойлар туташ ҳудудларини ободонлаштириш, куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш бўйича вилоятимизда қандай юмушлар бажарилаяпти?

Мухбиримиз кўпчиликни қизиқтираётган ана шу мавзу хусусида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мирзасултон Бобобеков билан суҳбатлашди.

—Коммунал хўжалик кўрсатиш тизимида муаммолар ҳар вақт бўлиб келган. Ҳукуматимизнинг қатор фармон ва қарорларида сўнгги йилларда соҳага янги инновацион технологияларни жорий этиш, тизимда самарадорликка эришиш масаласи кўндаланг қўйилган. Бу борада вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Вилоятимизда 2344 та (40329 та хонадонга мўлжалланган) кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб,  ушбу уйларнинг 2272 тасидаги 38433 та хонадонларга  30 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жорий йилда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 5152-сон, 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023-йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 408-сон, 2023 йил 2 майдаги “2023-2025-йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 146-сон қарорлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг  қарорлари ҳамда йиғилиш баёнларига асосан вилоятдаги 559 та  уй-жойлар 115,6 млрд. сўмлик республика бюджети маблағлари ҳисобидан мукаммал ва жорий таъмирланиб, туташ ҳудудларга инфратузилма объектлари қурилмоқда.

Жумладан, Жиззах шаҳри ва 9 та туманлардаги 349 та уйларнинг 213,6 минг м2 том қисмлари, 607 та кириш йўлаклари, 70 та уй-жойларнинг ертўла қисмидаги муҳандислик коммуникациялари, 78 та уйларнинг ички иссиқлик тизими, 148 та уйларнинг фасад қисмлари, 284 та электр тақсимловчи шитларни мукаммал ва жорий таъмирлаш, 13 та лифт мосламаларини янгилаш, 259 та кодли темир эшиклар, 244 та фрамуга ойналар, 711 та тунги ёритиш мсоламаларини ўрнатиш, 40,7 минг м2  йўлакларни бетон қоплама билан қоплаш ҳамда 62 та болалар ўйингоҳлари, 79 та умумфойдаланишдаги санитар узеллар, 6 та умумфойдаланишдаги тандирхоналарни қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Натижада ушбу кўп квартирали уйларда яшовчи 60 мингдан  кўпроқ аҳолининг турмуш тарзи яхшиланади.

2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан   143 та уй 8,3 млрд. сўм республика бюджетидан ҳамда бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан   230 млн. сўмга 21 та уй-жой  мукаммал ва жорий таъмирланиши режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар 133 та уй республика бюджетининг  7,9 млрд. сўм ҳамда бошқарув ташкилотлари маблағлари ҳисобидан 43 та уй 600  млн. сўмга  мукаммал ва жорий таъмирланди.

         —Аҳолига куз-қиш мавсумида марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати қандай бўлади?

—2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумида Жиззах  шаҳри ва туманлар ҳудудларида 11 та қозонхоналар  фаолият қўрсатади. Шундан 37 та қозонлар ва 20,1 км. иссиқлик тармоқлари мавжуд.  Жорий йилги куз-қиш мавсумида қозонхоналар табиий газ ва кўмир ёқилғисига мослаштирилган.

Ушбу қозонхоналар орқали 17 та ижтимоий соҳа объектлари, 106 та кўп қаватли уйлардаги 4452 та хонадондаги 15582 нафар истеъмолчилар марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланади.

Вилоят “Иссиқлик  манбаи”  ДУКга  қарашли қозонхоналарни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича сўнгги уч йил  мобайнида ҳудудлар кесимида давлат дастурига киритилган 2 та объектнинг қурилиши ва таъмирланишига  39,4 млрд. сўм маблағ сарфланди.

– 2024 йилда Жиззах шаҳрининг “Иттифоқ” ва “Ёшлик” МФЙлари ҳудудларидаги кўп қаватли уйларда марказлашган қозонхоналар уланмаганлиги сабабли, ушбу худудларга 6 км. магистраль иссиқлик қувурларини ўрнатиш бўйича республика бюджети маблағлари ҳисобидан  35,0 млрд. сўмлик таклиф берилган.

Бунинг натижасида “Иттифоқ” ва Ёшлик МФЙ ҳудудлардаги  44 та кўп қаватли уйлардаги    1803 та хонадонлар марказлашган хавфсиз иссиқлик энергияси билан таъминланиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 98-сонли қарорига асосан жорий йил инвестиция дастурига киритилган Жиззах шаҳри “Иттифоқ” МФЙ ҳудудидаги ЛК-8-сонли янги қозонхонани қуриш учун республика бюджетидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилган эди. Ушбу объект “Мамажонов” МЧЖ қурувчилари томонидан  барпо этилди. Натижада мазкур маҳалланинг 31 та кўп қаватли уйлардаги 1215 та хонадон ва 4 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик энергияси билан таъминланадиган бўлинди.

Иттифоқ маҳалласини илгари шу ҳудудда жойлашган РК-1 сонли қозонхона иссиқлик энергияси билан таъминлаган. 3 та ТВГ-8м русумли қозонларда ўша пайти соатига 1100 м3 табиий газ сарфланган. Янги қурилган ЛК-8-сонли қозонхонада 6 та КВА-1500 русумли қозонлар ўрнатилган бўлиб, замонавий, тежамкор технологиялар боис эндиликда табиий газ сарфи соатига 280 м3 ни ташкил этмоқда. Яъни соатига 820 метр куб табиий газ иқтисод қилинмоқда.

Мавжуд РК-1 сонли қозонхонада илгари насослар соатига 250 кВт электр энергиясини сарфлаган бўлса, янги қозонхонага ўрнатилган насослар соатига 22 кВт электр энергиясини сарфламоқда. Бу соатига 222 кВт энергия тежалмоқда деганидир. Иссиқлик таъминотида илғор, тежамкор саналган Италия, Россиядан келтирилган технология сабаб бир ойда 1,1 млн. метр куб табиий газ ҳам тежаб қолинади. Қозонхонага 4 та 1,5 МВт ва 2 та 3 МВт, жами 12 МВтлик қозонлар ҳамда фойдали иш коэффиценти юқори бўлган замонавий энергия тежовчи горелкалар ўрнатилган. Эскирган тармоқ Россия Федерациясидан келтирилган 5,1 км. замонавий иссиқлик изоляцияси юқори бўлган  қувурларга алмаштирилди.

Бундан ташқари Жиззах вилоятида илк бор уйларга инновация усулида, яъни ёпиқ тизим орқали  31 та кўп қаватли уйларнинг ертўла қисмига шахсий иситиш пункти ўрнатилмоқда. Ушбу хорижий технологияларнинг ўрнатилиши натижасида иссиқлик таъминоти соҳасида энергия сарфи 30 фоизга камайишига эришилади.

Жиззах шаҳрининг “Заргарлик” МФЙ ҳудудида “Мамажоновлар” МЧЖ қурувчилари томонидан саккиз ой мобайнида янги ЛК-1 сонли қозонхона қурилиб, жорий мавсум фойдаланишга топширилади. 24,3. млрд. сўмлик республика бюджети маблағлари ҳисобига барпо этилган қозонхона 29 та кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 1318 та хонадондаги истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Туркиянинг “MIT” фирмаси технлогияси асосида ишлайдиган  янги, замонавий  қозонхонанинг афзаллиги бу тизимда  50 фоиз табиий газ тежалишига эришилади.

Ҳамма ҳам яхши шароитлар яратилган турар-жойларда истиқомат қилишни хоҳлайди.  Иссиқ сув, оқова сув, табиий газ ва бошқа коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммоларсиз ҳам яшаш мумкинми? Ҳа, мумкин. Бунинг учун истеъмолчилар, кўп қаватли ва хонадонли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам истеъмол маданиятига, неъматларни борида тежаб, қадрига етсалар  яхши бўларди.

 

Зоир ЭРГАШЕВ суҳбатлашди.

 

 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *