Зомин замини азалдан илм-фан, адабиёт ва маънавиятга меҳр қўйган инсонлари билан довруғ қозонган. Эндиликда ушбу эзгу анъаналар яна бир муҳим воқеа билан бойиди. Туманда барпо этилган замонавий “Шохрух” кутубхонаси нафақат китобхонлар, балки бутун воҳа аҳлининг маънавий ҳаётида янги саҳифа очди.
Замонавий талаблар асосида барпо этилган икки қаватли кутубхона бир вақтнинг ўзида 100 нафаргача китобхонга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлиб, унинг фондида 50 мингдан ортиқ бадиий, илмий ва ўқув адабиётлари жамланган.

Кутубхона очилиши муносабати билан ташкил этилган тантанали тадбирда мамлакатимизнинг сиёсат, илм-фан, адабиёт ва санъат намояндалари, вилоят фаоллари, зиёлилар ҳамда кенг китобхонлар жамоатчилиги иштирок этди. Тадбирни “Ишонч” ва “Ишонч – Доверие” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор Ҳусан Эрматов олиб борди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, Ўзбекистон Қаҳрамони Шавкат Аюпов, “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, филология фанлари доктори Умида Тешабоева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида мутолаага бўлган қизиқишни ошириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларга тўхталдилар. Президентимизнинг 2026 йил 15 январда қабул қилинган китобхонлик маданиятини ривожлантиришга оид қарори бу соҳада янги босқични бошлаб бергани алоҳида таъкидланди.

Зоминда қад ростлаган мазкур маърифат маскани айнан шу эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этади. Кутубхона нафақат анъанавий китоб мутолааси, балки электрон хизматлари билан ҳам аҳоли учун кенг имкониятлар яратади. Кутубхонада Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг электрон тизими билан интеграция қилинган рақамли хизматлар ҳам йўлга қўйилган. Бу эса китобхонларга 200 мингга яқин электрон манбалар, миллий ва жаҳон адабиёти намуналари ҳамда илмий ресурслардан тез ва қулай тарзда фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, жорий этилган илғор ахборот технологиялари орқали кутубхона ресурсларидан электрон портал воситасида дунёнинг исталган нуқтасидан туриб фойдаланиш мумкин. Маскан ҳудудида китоб дўкони, “Book cafe” ва полиграфия хизмати ҳам йўлга қўйилгани эса китобхонларга қўшимча қулайлик яратади.
Тадбир сўнгида рамзий лента кесилиб, меҳмонлар кутубхонада яратилган шарт-шароитлар, замонавий ўқув заллари, электрон ресурслар маркази ва китоб фонди билан яқиндан танишдилар.
–Зомин мен учун қадрдон маскан,– деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов. –Бу юрт меҳнаткаш, билимга чанқоқ инсонлари билан ҳамиша ажралиб турган. Бугун ана шу заминда шундай замонавий кутубхона очилганини кўриб, чин дилдан қувондим. Мазкур кутубхона бундан 10 йил муқаддам мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этила бошланган эзгу ғоянинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бу маскан нафақат китоб сақланадиган жой, балки инсон тафаккури, маънавияти ва келажаги шаклланадиган даргоҳдир. Бугунги кунда рақамли технологиялар қанчалик ривожланмасин, китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Кутубхонада анъанавий ва электрон хизматларнинг уйғунлашгани айниқса қувонарли. Энг муҳими, ёшлар бу ерда билим олади, изланади, орзу ва мақсадларини мустаҳкамлайди.

“Шохрух” кутубхонасининг ишга туширилиши Зомин тумани аҳли учун муносиб туҳфа бўлди. Бу маскан китобга меҳр қўйган ҳар бир инсоннинг билим ва тафаккур оламини бойитишга, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга ҳамда юртимизда китобхонлик маданиятини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Зомин туманидаги 60-умумтаълим мактабига ташриф буюришди. Мазкур масканда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” китобининг тақдимоти ўтказилди. Мазкур таълим маскани мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев таҳсил олган даргоҳ сифатида ҳам алоҳида тарихий аҳамиятга эга. Шу боис тадбир иштирокчилари аввало мактаб музейи билан танишиб, унда сақланаётган тарихий ҳужжатлар, фотосуратлар ва экспонатлар орқали Президентимиз ҳаёти ва фаолиятининг илк босқичларини акс эттирувчи материаллар билан яқиндан танишди. Айниқса, музей экспозициясининг бойлиги ва замонавий ёндашув асосида шакллантирилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Китоб тақдимотига бағишланган анжуманни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов олиб борди. Маълум қилинганидек, 12 та илмий-оммабоп мақолани ўз ичига олган “МИЛЛАТ ШАВКАТИ” тўпламида Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ тарихи, мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ҳамкорлик муҳити ҳамда минтақада кечаётган геосиёсий жараёнлар кенг таҳлил қилинган. Асарда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, қўшни давлатлар ҳамда жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларнинг янги босқичга кўтарилиши, Марказий Осиёда интеграция жараёнларининг мустаҳкамланиши ҳаётий мисоллар асосида ёритилган. ақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Содиқжон Турдиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон Миллий университети ректори Ином Мажидов, “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталари бош муҳаррири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ўткир Раҳматов ҳамда бошқа жамоат арбоблари сўзга чиқишиб, асарнинг мазмун-моҳияти, илмий-назарий аҳамияти ва кенг китобхонлар оммаси учун долзарблиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Нотиқлар таъкидлаганидек, мазкур китоб мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият тараққиётининг устувор йўналишлари, миллий манфаатларни таъминлашга қаратилган стратегик ёндашувларни чуқур таҳлил этувчи муҳим манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Асар нафақат сиёсатшунослар ва тадқиқотчилар, балки профессор-ўқитувчилар, талабалар, ёшлар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун ҳам қимматли қўлланма бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.
Тадбир якунида қатнашчилар бу каби маърифий учрашувлар китобхонлик маданиятини юксалтириш, жамиятда илм-фанга бўлган қизиқишни янада кучайтириш, ёш авлодни Ватан тақдирига дахлдорлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар. Зеро, китоб — миллат маънавиятининг пойдевори, маърифат эса ҳар қандай тараққиётнинг мустаҳкам таянчидир. Китоб қадр топган юртда тафаккур юксалади, тафаккур юксалган жамиятда эса тараққиёт ва фаровонлик барқарор бўлади.
Шаҳноза ЮЛДАШЕВА.
Ботир ҚУДРАТОВ олган суратлар.