КАСБЛАРНИНГ ЭНГ ЯХШИСИ

Хасталикдан дард чекканимизда, энг аввало, кимдан нажот кутамиз? Жисмимиз оғриқдан зир-зир титраб, нафас олишга ҳам мажолсиз қолганимизда-чи? Соғлиғимиз ёмонлашиб, тўшакда жон талашиб ётганимизда биринчи бўлиб ёрдамга ошиқадиганлар кимлар? Албатта, шифокорларимиз, янаям аниқроғи, куну тун сергак, кўмакка ҳамиша шай тиббий хизмат ходимлари! Бу заҳматли фаолиятга умрини бахшида этганлар нафақат эгнидаги оқ либоси, балки қалбига ҳам гард юқтирмасликлари лозим. Беморларга ўз жон-жигарлари, яқинларидек муносабатда бўлиш учун эса, аввало, покиза ният, олижаноб мақсад ва қатъий аҳд зарур!

Дарҳақиқат, инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта маъсулиятли касбни зиммаси олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносибдир.  33 миллиондан зиёд нуфузга эга халқимиз саломатлиги йўлида буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино бобомизнинг муносиб ворислари сифатида бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб тиббиёт ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шу боис ҳам, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.  

Шароф Рашидов туман тиббиёт бирлашмасининг реанимация бўлими навбатчи ҳамшираси Гулбаҳор Эгамқулова ана шундай бой касбий тажрибага эга мутахассислардан бири. Гулбаҳор опа узоқ йиллик малака ва кўникмалари, тиниб-тинчимаслиги, ўз устида  изланиши билан соҳанинг ёш кадрларига ўрнак бўлиб келаётир. Салкам 36 йил ушбу соҳада самарали фаолият олиб бориб, ўтган йиллар мобайнида кўплаб шогирдлар етиштирди.

– Касбларнинг энг яхшисини танлаганман, –дея ғурурланиб сўз бошлади опа. – Кўп йиллик фаолиятим давомида кўплаб инсонлар билан мулоқотда бўлдим. Билдимки, инсонлар бир-бирига устоз, бир-бирига шогирд экан. Одамлардан ёрдамга муҳтож инсонларга умид бера олишдек саодат завқини ўргандим. Бу эса мени доимо танлаган касбимга садоқат билан ёндошишга ундади.

Эзгу ниятлар ила оқ ҳалат кийган, касбини шараф деб билган Гулбаҳор опа ҳамон беморлардан меҳрини, билимини аягани йўқ. Бугун ҳамкасблари орасида опанинг номи ҳурмат билан тилга олинишининг боиси ҳам шунда. Малакали реаниматологлар Раҳмонқул Атамуродов, Фарҳод Усанов, Ойбек Султонов ҳамда тажрибали ҳамширалар Ҳилола Уралова, Дилфуза Саддиновалар билан ҳамиша ҳаммаслак бўлиб,  ўзининг эътиқоди, касбига меҳри ва садоқати туфайли элнинг дуосини олаётир. 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *