ТАВАККАЛДАН ТАДБИРКОРЛИККАЧА

Бу ерга қадам қўйишингиз билан димоғингиз ёқимли бир ифорга тўлади… Ахир дунёдаги энг хушбўй ҳид ҳам иссиққина нон исидир. Фориш туманидаги “Жавоҳир” ЯТТ новвойлик цехида бугунги кунда қолипли ва патир нонлар пиширилмоқда. Нонлар узилиши билан маҳалладошларнинг қадамлари бу ердан узилмайди, бирин-кетин харидор кўпаяверади…

Моҳинур Ҳазратова Фориш туманининг Боғдон маҳалласида истиқомат қилади. Турмуш ўртоғи Элёржон билан 4 нафар фарзандни тарбия қилиб келишмоқда. Қаҳрамонимиз ҳам оддий уй бекалари қатори уй-рўзғор ишлари билан шуғулланарди. Бир куни турмуш ўртоғи билан рўзғорга доимий даромад келтирадиган, маҳалладошлари учун ҳам манфаатли бўладиган иш ташкил этишни маслаҳатлашишди.

Эр-хотин  бу касбнинг бошини тутишдан аввал, новвойлардан маслаҳат олишди. Албатта, кўзланган натижаларга эришиш учун тадбиркорликнинг, новвойлик касбининг барча паст-баландини бошларидан ўтказишди. Цехни кенгайтириш мақсадида 100 млн сўм кредит олишди. Мана, 13 йилдирки, шу касбда элнинг дуосини олиб келишяпти.

Ҳозир цехда уч сменада иш ташкил этилган. 4 нафар ишчи ходим бор. Бир кунда 700 дона нон пиширилиб, 25 та мактабгача таълим муассасаларига тарқатилади.

Моҳинурга шогирд тушиб, иш ўрганиб кетадиганлар ҳам топилади. У шогирдларидан билимини ҳам, меҳрини ҳам аямайди. Улардан икки нафари бугунги кунда Жиззах шаҳрида ўз тадбиркорлигини ташкил қилган.

Шу касбимнинг ортидан халқ билан ишлашни ўргандим, — дейди Моҳинур Ҳазратова. — Бир кунда цехимизга қанча одам келиб-кетади, баъзан суҳбатлашиб уларнинг муаммосигача бохабар бўлишга улгурамиз. Рўзғорнинг кам-кўстию болаларимизнинг таълим харажатигача шу ҳунаримиз орқали қопланади. Қолаверса, ишсиз маҳалладошларимиз, опа-сингилларимизни иш билан таъминлаяпмиз. Бугун элнинг оғирини енгил қилаётганимиз, дастурхонга сифатли маҳсулот етказиб бераётганимиз кўнглимизни тоғдек кўтаради. Новвойчиликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари, муаммолари бор. Свет, газ ўчиши, печлар ишламай қолиши мумкин. Шу ўринда айтиш керак, бугунги кунда ишлаб пул топаман деган одамга ҳамма шароитлар яратилган. Шундай омон-омон, фаровон замонда яшаяпмиз. Бир ишни бошлаш учун хотин-қизларимизнинг ўзида интилиш бўлса, қолгани ўз-ўзидан бўлаверади.

Ёғли қат-қат патирни Моҳинурнинг ўзи хамир қориб, тайёрлайди. Нонлар печдан чиқиши билан ўз харидорларини топишини кузатишнинг  бўлакча гашти бор. Иссиққина хоналарда қўли-қўлига тегмай ишлаётган опа-сингилларнинг ҳам кайфиятлари баланд.

Мен бу ерда ишлаб иш ҳақи олиш билан бирга, новвойлик касбининг сир-асрорларидан ҳам воқиф бўляпман, — дейди Маҳфуза Худойқулова. — Бизга яхши шароитлар яратилган, кўриб турганингиздек, иссиққина хоналарда, замонавий техникалар ёрдамида нон пиширамиз. Келгусида бу ерда ўрганганларимдан илҳомланиб, балки ўзим ҳам цех очиб, ишбилармон бўларман, ким билади дейсиз!

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *