ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИДА 222 МИНГ 889 ТОННАДАН ЗИЁД ҒАЛЛА ЕТИШТИРИЛДИ

Вилоятимиз ғаллакорлари давлатга 222 минг 889 тоннадан зиёд сара дон етказиб бериб, шартномавий режани зиёди билан бажардилар.

Республикамиз Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида ғаллакорларимиз катта меҳнат ғалабасига эришдилар. Улар давлат захираси, вақтинчалик сақлаш (биржа савдоси) ва уруғлик дон жамғариш борасида шартномавий режаларни ортиғи билан бажариб, эл олдида юзлари ёруғ бўлди.

Эришилган бу зафар марраси, албатта, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг, хусусан, ғалла мустақиллигини мустаҳкамлаш, дон етиштириш маданиятини ошириш, халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида бажарилаётган улкан ишларнинг вилоятимиз миқёсидаги ёрқин натижасидир.

Бугун ноз-неъмат бунёдкорларининг саратон жазирамасидан товланиб, кўзни қамаштириб турган, тоғдек юксалган ғалла хирмонларига назар ташларканмиз, баракали ҳосилнинг ҳар ҳовучида уларнинг беҳисоб заҳмати, орзу-армонлари жамланганлигини яна бир карра юракдан ҳис этамиз. Халқимизнинг меҳнатсевар, меҳмондўст фазилатларидан қувонамиз. Ахир, қувонмай бўладими? Йўлнинг жазирама иссиғи, ўзига хос инжиқликларига бардош беришнинг ўзи бўлмайди-да. Ерлар қайта шўрланиб, муаммолар кўпайиб бораётган шароитда қишлоқ хўжалик экинларидан режадаги ҳосилни олиш деҳқон ва мутахассислардан катта билим, маҳоратдан ташқари касбга фидойиликни ҳам талаб этади.

Инсон борки, нимагадир интилиб, эртанги кун ўйи билан яшайди. Умидли дунё бу. Ғаллакорларимизнинг кузда яхши ният билан ерга сочган уруғи эл-юртга қут барака бўлиб қайтди. Хирмонлар донга тўлиб тошди. Хўш, ютуқнинг сири нимада? Уни билиш барча учун — каттага ҳам, кичикка ҳам зарур. Келгусида бу қўл келади-да. Очиғи, йил ҳеч қачон деҳқончилик учун қулай келмаган. Йилдан-йилнинг фарқи бор, деб бекорга айтишмайди. Яхшиси, уста-деҳқонлар-у раҳбар, мутахассисларнинг фикрларига бир қулоқ тутинг-а.

—Ҳар пайкалнинг ўзи эгаси бор. Ер соҳиби даласига қанча кўп минерал ва маҳаллий ўғитлар чиқарса, шунга яраша мукофот олади. Бундай ишнинг кўзини биладиган ғаллакор фермерлар ҳудудимизда кўпчиликни ташкил қилади. Шунинг учун туманимиз деҳқонлари давлат буюртмасини вилоятда пешқадамлар сафида ошириб бажардилар, — дейди Пахтакор тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Марат Кўбаев.

—Йўл ҳудудларида қишда тушган қорнинг фойдаси катта бўлди. Баҳорги ёмғирлар ҳам ғаллачилик учун айни муддао бўлди. Фермерларимиз чакки меҳнат қилишмади. Ҳар бир агротехник тадбирни вақтида, сифатли ўтказишга эътибор қаратишди. Натижада ҳосилдорлик гектарига 70-80 центнерни ташкил қилди. Барча қишлоқ мулкдорлари зиммаларидаги шартномавий режаларни зиёди билан бажардилар, — дейди Дўстлик туманидаги Р.Есенқулов номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмасининг раиси Қаҳрамон Бургутов.

—Уруғчиликда ҳикмат кўп, — дейди Мирзачўл туманининг “Мирзачўл” фермепр хўжаликлари ҳудудий уюшмасидаги таниқли пахтакор Абдушукур Қурбонов. — Режани туманда биринчилардан бўлиб бажардик. Давлатга “Сарвар Бектемиров” ва “Женис” фермер хўжаликларимиз 400 тоннадан зиёд дон сотдик. Ҳосилдорлик ўртача 65 центнерни ташкил қилди.

Ҳа, қайси ғаллакор билан суҳбат қурманг, жорий йил қўлга киритилган ғалабадан кўнгли тоғдек кўтарилганига гувоҳ бўласиз. Аммо ютуқнинг ўзи келмайди. Бу айтишгагина осон. Режадаги ҳосилни ўриб-янчиб олиш учун не-не машаққатлар бошдан кечирилмади. Сўнгги йилларда фермерларга берилаётган имтиёзлар, фан-техника ютуқлари ҳамда илғор технологияларни жорий этиш каби омиллар ҳам муваффақиятлар гарови бўлди. Шу ўринда бир мисол келтириб ўтсак. Дўстлик туманидаги Мамажон Бозорбоев бошлиқ “Мамажон Тожимуродович” фемрер хўжалиги аъзолари 75 гектар майдонда ғалланинг “Грудь” навини парваришлаб, гектарига 80 центнердан ошириб ҳосил етиштиришди. Унинг замирида эса тинимсиз меҳнат, самарали изланишлар ётибди. Бедор ўтган тунлар, елиб-югурушлар, сифатли агротехник тадбирлар натижаси бу.

Виляотимиз ғалла хирмони тоғдек юксалди. Ғаллакорларимиз ҳозиргача (шу йилнинг 1 июль ҳолатига) давлат заҳирасига 72 минг 100 тонна, биржа савдосига 138 минг 484 тонна ҳамда уруғлик учун 16 минг 133 тонна дон жамғаришди. Режадан ошича ҳосил фермерлар ихтиёрида қолдирилди. Ҳа, инсон ишлаб, пешона тери тўкиб, бойийверса, кўнгли тоза ниятларга тўлаверади. Ислоҳотнинг моҳияти ҳам шу — ишлаган бой бўлаяпти. Шунинг учун у астойдил тер тўкаяпти.

Давлат шартномавий режасини бажариш ва етиштирилган ҳосилни ўз вақтида нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда биринчи бўлиб зафар маррасига етиб келган Пахтакор тумани ғаллакорларининг ҳиссалари катта бўлди. Улар вилоятимиз хирмонига 31 минг 850 тоннадан зиёд сара дон етказиб беришди. Дўстлик тумани 37 минг 724 тонна, Мирзачўл тумани 35 минг 200 тонна, Зарбор тумани 29 минг 637 тонна ва Ш.Рашидов тумани 22 минг 855 тоннадан топшириб, давлат буюртмасининг бажарилишига муносиб улуш қўшдилар.

Вилоятимизда ерни кўз қорачиғидай асраб-авайлаб, унга меҳр берган, деҳқончиликда “суяги қотган” асл фермерлар кўплаб топилади. Улар халқимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга бел боғлашган. Бу илғор фермерлар бу йилги мавсумда ҳам ўзларини кўрсатишди. Пахтакор туманидан “Дамин ота”, “Наврўз замини-1”, “Пилла пахта чаноғи”, “Китоб нур”, “Олим олтин хирмони”, “Бердиёрбой”, Мирзачўл туманидан “Янги дала ифори”, “Маъруф-Гулрух”, “Мирзачўл агрокластер”, “Сардорбек Бектемиров”, “Женис”, Дўстлик туманидан “Канон бобо”, “Эшниёз бобо”, “Алп паҳлавони”, “Азизбек Камрон”, “Кенжаевлар даласи”, “Ширмой булоқ”, Арнасой туманидан “Чарағон ўлка”, “Каримбек Олтинбек”, “Қорақоплон ови”, “Нурли Янгибўстон”, Ш.Рашидов туманидан “Мавлуда бону”, “Олтинсой бургути”, “Марҳабо”, “Дафна ифори”, “Азим-С”, Зарбдор туманидан “Зилола-С”, “Довбюрак Давлатбек”, “Ютуқ майдони”, “Мусурмон дов”, Зомин туманидан “Булоқдаги шаҳзода”, “Бек уч-1”, “Нурзод даласи” сингари юзлаб фермер хўжаликлари давлатга режадан зиёд дон топшириб, хирмонга барака киритишди.

Ғалла ўрим-йиғими мавсумида комбайн операторлари асосий оғирликни ўз зиммаларига олдилар. Уларнинг самарали меҳнат қилишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Вилоятимиз далаларида 300 дан зиёд “Кейс”, “Класс”, “Нью-холланд” русумли ғалла ўриш комбайнлари унум билан ишлатилди. Комбайнлар гуруҳларга бўлиниб, ҳар бирига маълум майдон берилди. Натижада барча техникаларнинг бир жойда ишлаши, хизмат қилиш ишларининг осонлашиши, харажатларнинг камайишига олиб келинди. “Дўстлик” Агропрофтех” масъулияти чекланган жамиятининг илғор комбайн оператори Зафар Жўраев номини кўпчилик яхши билади. У кўп йиллардан буён ўз агрегатини моҳирлик билан бошқариб пахта ва ғалла хирмонларига салмоқли ҳиссасини қўшиб келаяпти. Жорий йилда ҳам Зафар 450 гектар майдондаги ғаллани ўриб-янчиб, пешқадамликни қўлдан бермади. Унинг издошлари Ғанишер Суюнов, Абдусалим Эшбековлар ҳам бу йилги мавсумда 400-420 гектар ернинг ҳосилини йиғиштириб беришди.

Айни пайтда вилоятимиз далаларида қизғин меҳнат давом этмоқда. Ҳосилдан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, пешма-пеш шудгор қилинаяпти. Ўрим-йиғим барвақт якунланган далаларда такрорий экинлар экилиб, парвариш ишлари бошлаб юборилди. Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, кам таъминланган оилалар даромадини ошириш ҳамда ёшларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қратилмоқда. Вилоятимизда ҳам бу хайрли ташаббус қўллаб-қувватланиб, ер майдонлари ажратиб берилмоқда. Истаймизки, ғаллачиликдаги бу муваффақиятлар халқ хўжалигининг бошқа тармоқларида жорий йилда қўлга киртилажак меҳнат зафарлари учун куч-қувват омилига айланади.        

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *