22-24 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги «Наврўзбулоқ» пойгагоҳида автокросс бўйича Ўзбекистон чемпионати мусобақалари бўлиб ўтди.
“Багги”, “А-7”, “А-8” классидаги ва миллий тоифадаги автомобиллар иштирокидаги пойга мухлислар ва мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Мусобақа кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди.
Мусобақанинг баггичилар баҳсида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган “BEST KLUB-1” жамоаси аъзоси Фурқат Ахрорқулов биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар сирдарёлик пойгачилар Элёр Муллажонов ва Одил Норқўзиевга насиб этди.
“А-7” классидаги автомобиллар пойгачилари ўртасида эса ғолиблик “Шайҳонтоҳур” клуби автопойгачиси Сардор Тўйчиевга насиб этди. Сардорнинг ортидан марра чизиғини навоийлик Улуғбек Мухторов билан самарқандлик Аслиддин Сиддиқов босиб ўтди.
“А-8” классидаги автомобиллар пойгачилари баҳсида шайҳонтоҳурлик Умид Соатов маррани биринчи бўлиб забт этган бўлса, унинг ортидан Тошкент шаҳри вакиллари Николай Саев ва Сардор Тўйчиев етиб келди.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган “Нексия” русумидаги автомобиллар пойгаси мухлисларга ўзгача завқ-шавқ улашди. Ушбу беллашувда сирдарёлик Нурбек Имомқулов энг яхши натижани кўрсатди. Наманган вилояти вакили Аликай Хайруллаев унинг ортидан етиб келди. Жиззахнинг “BEST KLUB-2” клуби вакили Самандар Хусанов учинчи бўлиб маррани забт этди.
Умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳрининг “Шайҳонтоҳур” УСТК клуби биринчи ўрин соҳиби бўлди. Сирдарё вилояти жамоаси иккинчи, Жиззах вилоятининг “BEST KLUB-2” клуби эса учинчи ўринни эгаллади.
Васил ИЛЁСОВ.