Эндиликда аҳоли хонадонларига сарфланадиган газ ва электрни аниқ ҳисоб-китоб қилувчи “ақлли ҳисоблагичлар” ўрнатилгач, фуқаролар нореал қарздорлик юзасидан газ корхоналарига бориб овораю сарсон бўлишмаяпти. Пулини ўз вақтида тўлаётган юртдошларимиз газ ва электрдан беминнат фойдаланишмоқда. Истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловлар вақтида амалга оширилаяпти. Бундан аҳоли мамнун. Аммо, соҳада ҳамон баъзи нафси ҳакалак отган ходимларнинг фирибгарлик қилаётгани каби ҳолатлар учраб турибди. Келинг, ана шундайлардан бири билан танишайлик.
Ўрозқул Эргашев (исми-шарифи ўзгартирилган) “Ҳудудгаз Жиззах” газ таъминоти Шароф Рашидов туман филиали 1-йирик маҳалла газчиси лавозимида дурустгина ишлаб юрганди. У тумандаги Куёвбоши маҳалласида рақамсиз уйда яшовчи Раҳмат Орзиев (исми-шарифи ўзгартирилган)нинг хонадонига бориб хурмача қилиқлар қила бошлади.
Ушбу яшаш хонадони газ тармоғига электрон газ ҳисоблаш ускунаси орқали уланиб, “BILLING GAZ” дастури рўйхатига киритилмасдан абонент рақамисиз фойдаланиб келаётганлиги аниқланди. Ўрозқул бу ҳолатдан маккорона фойдаланиш режасини тузди. У хонадон эгасига дағдаға қила бошлади.
—Хонадонни газ тармоғидан узаман ва далолатнома тузаман, ака!
—Рўйхатдан ўтказиб қўяқолинг, узмасдан.
—Энди янги нарх бўйича тўлайсиз, жаримаси билан 17 миллион сўм тўлайсиз.
—И-е, шунча газ ёққанимиз йўқ-ку, ука!
—Ҳар бир куби учун 2500 сўмдан тўлатаман Сизга, катта жарима ҳам соламан.
—Далолатнома тузманг, бизга ёрдам қилинг, келишиб кетамиз, ука!
—Бунинг эвазига кўкидан икки юз берасиз-да, бўладими!
—Ўзи иқтисодий томондан қийналиб турибмиз ука, бир ёрдам қилинг, сал камайтиринг.
—Майли, ака икки миллион сўм берасиз унда.
—Бўлди, бир-икки кунда тўғрилаб, Сизга етказаман.
Ўрозқул хонадон эгаси билан тезда тил топишиб кетди. Дарҳол “табиий газ истеъмолчисини тармоқдан узиш” далолатномасини расмийлаштирди. Хонадонни газ тармоғидан узди. Хонадон соҳибига яшаш хонадони абонент рақамисиз фойдаланиб келаётганлиги ҳолати юзасидан 2024 йил 30 апрель ҳолатига истеъмол қилинган табиий газ ҳажми учун янги нархда, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрель кунги “Ёқилғи энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан тўлов қилишини маълум қилди.
—Ака газ ҳисоблаш ускунаси ноқонуний турибди. Мен ҳолат бўйича далолатнома қиламан, ҳар бир метр3 газ учун 2500 сўмдан ҳисоблаб, жами 17 000 000 сўм тўлов қиласиз,—-дея дағдаға қилди газчи истеъмолчига.
—Келишдик-ку ука, бир-икки кунда айтган пулингизни тўғрилаб бераман, иложи бўлса бугуноқ етказаман, шу далолатномангизни тузманг…
—Бу ҳужжат менда туради, пулни берган кунингиз йиртиб ташлайман, келишдикми?!
—Бўлди, келишдик, ука!
Газчи хонадон эгасига истеъмол қилинган табиий газ учун тўловни эски нархда, яъни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли қарорида кўрсатилган нархларда амалга оширишини тушунтирди.
Икковлон аҳдлашувга эришди. Эртаси куни Раҳмат Ўрозқулга 800 минг сўм пул олиб борди.
—Мана шу саккиз юзни олиб туринг, қолганини эртага бераман.
—Йўқ, йўқ, олмайман, бутун қилиб келинг.
Раҳмат газчига роса ялинди. Аммо у пулни олмади. Ниҳоят икки кун ўтгач Раҳмат икки миллион сўм пулни олиб, газчининг олдига шошилди. Улар 5-мактаб олдида учрашадиган бўлишди. Ўрозқул ўзининг “SPARK” русумли автомашинасида мижозни кутарди. Раҳмат келгач, уни машинасининг олди ўриндиғига ўтиришга таклиф қилди.
—Пулни олиб келдингизми?
—Ҳа, мана олиб келдим.
—Бардачокка ташланг пулни.
Ўрозқул пулни машина бардачокига солиб қўйди. Сўнг машинадан тушаётиб, далолатнома ёдига тушди чоғи газчига юзланиб сўради:
—Далолатнома нима бўлади, энди ука!
—Мана, бу ҳужжатни йиртиб ташлаймизда,—дея Ўрозқул қўлидаги бир парча қоғозни йиртиб, машинадан улоқтириб юборди.
—Раҳмат ука!
Раҳмат “раҳмати”ни айтиб улгурмасданоқ ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармалари ходимлари Ўрозқулни қўлга туширишди.
Судда Ўрозқул Эргашев қилмишига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирди. Суд ҳукмига биноан унга тегишли жазо тайинланди. Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга соладур, деганларидек, нафсини жиловлай олмаган газчи шу куйга тушди. Бундай якун нафс гирдобига тушиб қолган айрим кимсаларга сабоқ бўлса ажабмас.
Лочин БЕК.