ҚИШЛОҚ “ПРОФЕССОРИ”

Бахмал туманининг “Ойқор” ҚФЙга қарашли Сартюзи қишлоғида бир инсон бор. Ёши улуғ, кўнгли ҳамон касбига ошуфта, хонадонидан одамларнинг қадами узилмайди. Қишлоқ аҳли уни меҳр билан Юсуф бобо деб атайди. Яна бир номи бор — “профессор”. Бу унвон диплом билан берилмаган, илмий даража билан ўлчанмаган. Уни йиллар давомида одамларнинг ишончи, беморларнинг дуоси ва эл орасида қозонилган обрў тақдим этган.

 Юсуф Мусаев бугун 77 ёшда. Унинг тиббиётга кириб келиши ҳам ҳаётнинг ўзи ёзган бир ҳикоя. Қизиғи, бу ҳикоя болаликдаги дардлардан, шифокорга эҳтиёж сезган кунлардан бошланган.

— Тиббиётга қизиқишим 13–14 ёшларимда пайдо бўлган. Ёшлигимда тез-тез грипп бўлардим, айниқса, томоқ оғриғидан кўп қийналардим. Бурним битиб, нафас олишим ҳам қийинлашарди. Шундай пайтларда ичимда бир ният туғиларди: катта бўлсам, албатта, шифокор бўламан, одамларнинг дардига малҳам бўламан, дердим, — дея эслайди Юсуф бобо.

Юсуф бобонинг келажак касбини танлашига ҳам болаликдаги ана шу изтироблар сабаб бўлгандир.

У Сартюзи қишлоғидаги 15-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Мактабни тугатгач, Самарқанд давлат тиббиёт университетига ўқишга ҳужжат топширди. Бироқ  омад кулиб боқмади. Аммо  ортга чекинмади. 1966–1969-йилларда Самарқанддаги тиббиёт билим юртида таҳсил олиб, танлаган соҳаси бўйича илк  кўникмаларни эгаллади. Бугунги Самарқанд давлат тиббиёт университети тизимидаги жамоат саломатлиги техникуми билан боғлиқ бу таълим йўли унинг ҳаётида муҳим босқич бўлиб қолди.

Ўқишни тамомлагач, Юсуф Мусаев туғилиб ўсган юртига қайтди. Дастлаб Ғаллаорол туманида бир йил ишлади. Кейин Бахмал туманидаги Музбулоқ қишлоқ врачлик пунктида фаолият юритиб, тўрт йил давомида аҳолига тиббий хизмат кўрсатди. Шундан сўнг Тангатопди қишлоғида фаолиятини давом эттирди.

Шу тариқа бир пайтлар шифокор бўлишни орзу қилган йигитнинг ҳаёти одамлар саломатлиги билан чамбарчас боғланди. Йиллар ўтди, авлодлар алмашди, қишлоқнинг қиёфаси ўзгарди. Аммо Юсуф Мусаевнинг касбига садоқати ўзгармади. У қарийб 47 йил давомида туман тиббиёт тизимида хизмат қилиб, қанчадан-қанча инсонларнинг дардига шерик, қанча оилаларнинг ташвишига ҳамроҳ бўлди…

Қишлоқда одамларнинг ишончини қозониш осон эмас. Бунинг учун фақат билимнинг ўзи кифоя қилмайди. Беморни тинглаш, унинг ҳолатини тушуниш, дардига бефарқ бўлмаслик ҳам керак. Юсуф бобонинг халқ орасида ҳурмат топишида ана шу фазилатлар муҳим ўрин тутди.

Сартюзи ва унинг атрофидаги қишлоқларда у киши ҳақида гап кетганда, одамлар кўп йиллик танишликни, ўзлари ёки яқинлари бошидан ўтказган воқеаларни эслашади. “Юсуф бобо қўли билан силаса, оғриган жой оғриқдан тўхтайди”, деган гап  эл орасида бекорга тарқалмаган. Албатта, бу ибора халқнинг ўзига хос таърифи, меҳр ва ишонч ифодасидир. Аммо унинг замирида бир муҳим ҳақиқат бор: бемор учун ширин сўз, самимий муносабат ва эътибор ҳам катта аҳамиятга эга.

Шу боис қишлоқда кимнингдир мазаси қочса, ёши улуғлар маслаҳат сўраса ёки бирор хонадонда тиббий кўрикка эҳтиёж туғилса, “Юсуф бобога олиб боринглар”, деган гапни ҳамон эшитиш мумкин.

Ёши 77 га етган бўлса-да, касбига дахлдор янгиликларга қизиқиши, ўқиб-ўрганишга интилиши сўнмаган. У кишининг назарида тиббиётда тажриба муҳим, аммо билимни янгилаб бориш ҳам  зарур.

— Соҳамга оид китобларни кўп мутолаа қиламан. Ўқиган одамнинг билими ортади, дунёқараши кенгаяди. Бугунгача 50 нафардан ортиқ шогирд тайёрлаганман. Уларнинг ўз йўлини топиб, элга хизмат қилаётганини кўриш менга қувонч бағишлайди. Ўз касбимдан фахрланаман, — дейди у.

Юсуф бобонинг меҳнати эътибордан ҳам четда қолмаган. У киши фаолияти давомида муносиб рағбатлантирилган. Жумладан, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятига раҳбарлик қилган йилларда катта йиғилишларнинг бирида унинг қўлидан фахрий ёрлиқ олгани ҳамон ёдида. Бу эътирофни у узоқ йиллик меҳнатига берилган баҳолардан бири сифатида эслайди.

Юсуф бобонинг ҳаёти фақат тиббиёт билан чегараланмайди. У кишининг кўнгли ерга ҳам яқин. Деҳқончиликни яхши кўради, томорқасидан мўл ҳосил олишга интилади. Хусусан, 25 сотих майдонда олма етиштиради. Дарахтларни парваришлаш, ер билан тиллашиш  унинг кундалик машғулотларидан.

Бугун  хонадони фарзандлар ва набиралар билан файзли. Бир ўғил, икки қиз, 12 нафар невара ва икки нафар эвара — узоқ йиллик умрнинг энг катта бойликларидан. Қувонарлиси, икки қизи ҳам отасининг изидан бориб, тиббиёт соҳасини танлади. Демак, Юсуф бобонинг касбга муҳаббати фақат ўз фаолиятида қолиб кетмаган, фарзандлари қалбидан ҳам жой олган.

Болаликда тез-тез касал бўлгани учун шифокор бўлишни ният қилган Сартюзилик Юсуф бобо бугун бутун умрини инсон саломатлигига бағишлаган фидойи меҳнат соҳибига айланди. Унинг ибратли ҳаёти шуни кўрсатадики, чин касб муҳаббати вақт ўтиши билан камаймайди, аксинча, тажриба, меҳр ва эл ишончи билан янада мустаҳкамланади. Қишлоқ аҳли тилидаги “профессор” деган номнинг асл маъноси ҳам, эҳтимол, шундадир.

Абдушукур ЛАПАСОВ,

Худойберди ЗИЁТОВ.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *