“Президент Олимпиадаси–2026” спорт мусобақаларида Жиззах вилояти вакиллари турли спорт йўналишларида муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритишда давом этмоқда. Дастлабки кунларда дзюдо, стол тенниси, қиличбозлик ва енгил атлетика бўйича қайд этилган натижаларга кураш ҳамда велоспорт йўналишларидаги ютуқлар қўшилди.
Велоспортнинг 20 километр масофага жамоавий микс эстафетаси баҳсида вилоятимиз шарафини ҳимоя қилган Дурдона Артиқбоева, Нелли Бинкова, Меҳрож Бойсариев, Сайёрбек Норов, Маржона Рустамова ва Одилбек Уралов маррага учинчи бўлиб етиб келиб, бронза медали билан тақдирланди. Ушбу натижа жамоавий ҳамжиҳатлик, тезлик ва спортчиларнинг ўзаро уйғун ҳаракати самараси бўлди.
Юнон-рум курашида ҳам жиззахлик полвонлар шоҳсупадан жой олди. 75 килограмм вазн тоифасида Бунёджон Кўчимов, 38 килограммда эса Муҳаммадали Шадманов рақибларига қарши беллашувларда учинчи ўринни эгаллаб, бронза медалларини қўлга киритишди.
Аёллар кураши бўйича 54 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Умида Маъруфова ҳам муносиб натижа қайд этди. У гиламдаги муросасиз беллашувларда кучли учликдан жой олиб, бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, Жиззах вилояти делегацияси ҳисобига велоспорт, юнон-рум кураши ва аёллар кураши йўналишларида яна бир нечта бронза медаллари қўшилди. Мусобақалар ҳали давом этмоқда. Олдинда спортчиларимизни янги беллашувлар, янги имкониятлар кутиб турибди.
Х.РУСТАМОВ.